Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний 973 йил 4 сентябрда қадимги Кот шаҳрида таваллуд топди. Унинг насл-насабида “берун” сўзи “ташқи шаҳар”, “Беруний” эса “ташқи шаҳарда яшовчи киши” маъносини билдиради. Ўз замонасининг ҳамма фанларини, биринчи навбатда, фалакиёт (астрономия), физика, риёзиёт (математика), илоҳиёт, маъданшунослик фанларини пухта эгаллаган. Бу фанлар тараққиётига қўшган ҳиссаси билан унинг номи дунё фанининг буюк сиймолари қаторидан жой олди. Берунийнинг илм-фанга қизиқиши ёшлигиданоқ кучли бўлган. Машҳур олим Абу Наср ибн Ироқ Мансур қўлида таълим олади. Ибн Ироқ фалакиёт ва риёзиётга оид бир қанча асарлар ёзиб, шулардан 12 тасини Берунийга бағишлайди. Беруний ҳам устозининг исмини ҳамма вақт зўр ҳурмат билан тилга олади. Беруний фаннинг деярли ҳамма соҳалари билан шуғулланди. Шарқнинг бой фан ва маданиятини пухта ўрганиб, юнон илми билан ҳам чуқур танишиб, йирик олим бўлиб етишди. Беруний шоир, адабиётшунос ҳам эди. Она тилидан ташқари араб, суғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини эгаллади. Кейинчалик, Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганди. Ўз илмий асарларидан бирида ёзишича, Беруний Хоразмда яшаган даврида – 990 йилдан Кот шаҳрида муҳим астрономик кузатишлар ўтказган. Бу кузатишлар учун ўзи астрономик асбоблар ихтиро этган.
Мамлакатда тахт учун бошланган курашлар олимнинг бу илмий ишларини давом эттиришга имкон бермади. Қорахонийлар сомонийларга қарши ҳужум бошлади. Бунинг натижасида Хоразмда ҳам давлат тўнтариши бўлиб, Кот Урганч амири Маъмун I томонидан босиб олинди. Беруний ҳаёти хавф остида қолганини сезиб, 22 ёшида ватанини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади. У қадимги Рай шаҳрига (ҳозирги Теҳрон яқинида) боради. Райда анча оғир ҳаёт кечиради, моддий қийинчиликларга дучор бўлади. Олим 998 йилдан кейин Журжотга келади ва бу ерда иккинчи устози табиб, фалакиётшунос ва файласуф Али Сахл Исо ал-Масиҳий билан танишиб, ундан таълим олади.
Беруний “Алосор ал боқия ан алқурун алҳолия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асарини Журжонда муҳожирлик даврида ёза бошлаган ва 1000 йилда тамомлаган. Беруний уни ёзишга жуда катта тайёргарлик кўрди. Қунт ва матонат билан турли халқлар тарихи, маданияти ва тилларини ўрганди. Илм-фанга оид асарлар жуда кам нусхада ва қўлёзма шаклида айрим шахслар қўлида сақланган бир даврда ёш олим фаннинг турли соҳаларини бу қадар эгаллаб олиши, унинг ниҳоятда истеъдодли эканини кўрсатади. Беруний 1005 йилларда Хоразмга қайтади ва сўнгроқ уни янги ҳукмдор Али Аббос Маъмун II саройга яқинлаштиради. Ўша даврда Урганчда Хоразмшоҳ саройида кўп машҳур олимлар тўпланиб, фаннинг турли соҳаларида илмий ишлар олиб борадилар. “Маъмун академияси” деб номланадиган бу анжуманнинг фаолиятида Беруний муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, у шоҳ Маъмун II нинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида мамлакат сиёсий ишларида ҳам фаол қатнашади. Берунийнинг Ибн Сино билан ёзишмалари ҳам унинг Хоразмда турган даврида бўлган. Уларнинг савол-жавобларидан ва Берунийнинг Ибн Синога ёзган эътирозларидан фақат 18 таси бизгача етиб келган. Бу ёзишмалар унинг табиат фалсафаси ва физика масалалари билан ҳам қизиққанини кўрсатади. Бу савол-жавобларда икки машҳур олим фазо, иссиқликнинг тарқалиши, жисмларнинг иссиқдан кенгайиши, нурнинг акс этиши ва синиши каби масалаларда илмий мунозара олиб борган. Хоразм Маҳмуд Ғазнавий томонидан (1017) босиб олингач, Беруний Хоразмшоҳ саройидаги бошқа бир қанча олимлар билан биргаликда Ғазна шаҳрига олиб кетилди. Берунийнинг Ғазнадаги даври унинг илмий фаолияти учун энг маҳсулдор давр бўлди.
Берунийнинг “Хоразмнинг машҳур кишилари” асари ҳам шу даврда яратилган. Унинг геодезияга оид муҳим асари “Таҳдид ниҳоёт иламокин ли тасъҳиҳ масофот илмасокин” (“Турар жойлар (орасидаги) масофаларни аниқлаш учун манзилларнинг чегараларини белгилаш”) 1025 йил 18 ноябрда ёзиб тугатилган. Бу асарнинг бирдан бир қўлёзмаси Истанбулда, биринчи марта рус тилига шу қўлёзмадан “Геодезия” номи билан таржима қилинди (Тошкент, 1966). “Геодезия” Берунийнинг дунёқарашини белгилашда бой манбалардан бири бўлиб ҳисобланади. “Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар” асари ҳам 1029 йил Ғазнада ёзилган. Асарнинг форсча ва арабча нусхалари бизгача етиб келган. Унда ўша замон астрономияси билан боғлиқ бўлган бир қанча фанлар ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Берунийнинг машҳур “Ҳиндистон” асари – “Таҳқиқ мо лилҲинд мин маъқула мақбула филақл ав марзула” (“Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби”) 1030 йилда ёзилган. Бу асар Ғарб ва Шарқ олимлари томонидан юксак баҳоланган.
Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистонга қилган юришларида Беруний шоҳга ҳамроҳ бўлган. Ҳиндистонда санскрит тилини пухта ўрганиш унинг ҳинд маданияти, адабиёти ва Ҳиндистоннинг ўша давр олимлари билан яқиндан танишишига ҳамда бу мамлакат ҳақида ўлмас асар яратишга имкон берди. “Ҳиндистон” ҳажми жиҳатидан жуда катта асар.
Беруний астрономияга оид “АлҚонун алМасъудий” (“Масъуд қонуни”) асарини султон Масъудга бағишлади. Китобнинг қачон ёзиб тугатилгани аниқ эмас. Бу асар Берунийнинг фалакиётга доир энг муҳим асаридир. Ўрта аср олимлари бу асарни жуда юксак баҳолаган. Шундан кейин у яна иккита муҳим китобини ёзган. Булардан бири “Минералогия”, яъни “Китоб ал жамоҳир фи маърифат ал жавоҳир” (“Қимматбаҳо тошларни билиб олиш бўйича маълумотлар тўплами”)дир. Бу рисола ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ, Европада минералогия соҳасидаги энг яхши асар ҳисобланган. Унинг охирги асари – “Доривор ўсимликлар ҳақида китоб”нинг қўлёзмаси XX асрнинг 30 йилларида Туркияда топилди. Асар “Сайдана” номи билан машҳур, унда Шарқда, жумладан, Туркистонда ўсадиган доривор ўсимликларнинг тавсифи берилган.
Беруний фаннинг ҳамма соҳаларида самарали ижод қилган эди. Унинг илмий мероси жуда кенг ва ранг-баранг. Берунийнинг илмий иш соҳасидаги зўр қобилияти унинг кўпчилик замондошлари ва кейинги олимлар томонидан эътироф этилган. 1035-36 йилларда Беруний ўз илмий ишларининг рўйхатини тузади. Бунда шу вақтгача ёзган китоб ва рисолалари 113 тага етгани кўрсатилган. Кейинги ёзган асарларини ҳам қўшсак, у қолдирган илмий мерос 152 китоб ва рисоладан иборат. Кўпчилик асарлари ўз замонасида ўзига хос бир энциклопедия ҳисобланган. Асарларининг 70 таси фалакиёт, 20 таси риёзиёт, 12 таси география ва геодезия, 3 таси маъданшунослик, 4 таси харитаграфия, 3 таси иқлимшунослик, бири физика, бири доришунослик, 15 таси тарих ва элшунослик, 4 таси фалсафа, 18 таси адабиёт ва бошқа фанларга оиддир.
Беруний турли тиллардан бир қанча илмий ва адабий асарларни таржима ҳам қилган. Афсуски, ҳозирча олимнинг фақат 28 асаригина маълум. Қолганлари бизгача етиб келмаган ёки ҳали топилганича йўқ. Беруний ижодини ўрганиш, унинг асарларини нашр этиш, бошқа тилларга таржима қилиш ишлари ўтган аср охирларидан бошланди. Унинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон”, “Геодезия”, “Минералогия”, “Масъуд қонуни”, “Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар” ва бошқа асарларининг матни нашр этилди”: турли тилларга таржима қилинди. Танланган асарлари рус ва ўзбек тилларида чоп этилди. Берунийнинг фалакиёт соҳасидаги хизмати айниқса каттадир. “Геодезия” асарида геоцентризм билан боғлиқ бўлган баъзи назарияларнинг тўғрилигига шубҳа билан қараганини очиқ баён этади.
Беруний ўз асарларида айрим ҳодисалар тўғрисида ҳам ёзган. Macалан, (биринчи бўлиб Қуёш тожини тушунтиришда қизиқарли хулосаларга келган. У амалий астрономия масалалари ҳам жуда кўп шуғулланар эди. Ўзининг аниқ ва пухта астрономик кузатишларига асосланиб, Беруний осмон экваторига Қуёш эклиптикаси оғишининг катталиги (23°34ʼ) ва эклиптика оғиши узунлигининг асрий ўзгаришларини белгилашда, Қуёш апогеяси (авжи) узоқлигини аниқлашда қадимги ва ўзига замондош бўлган астрономларга қараганда анча аниқ натижаларга эришган. Беруний 1029 та юлдузнинг координаталари ва “юлдуз катталиклари қайд этилган юлдузлар жадвалини тузган.
Беруний ўз замонасининг улкан математикларидан бири эди. Унинг математика фанига қўшган ҳиссаси муҳим аҳамиятга эга. Беруний асарларида геометрия, арифметика, алгебра, сонлар назарияси ва тригонометрия тушунчалари маълум тартиб билан таърифланди. Олимнинг арифметика ва алгебрасининг катта ютуғи шундан иборатки, унда иррационал сонлар арифметика ва алгебранинг тенг ҳуқуқли предмети бўлиб қолди. Арифметика соҳасида у машҳур учламчи қоидани кўриб чиқади, беш, етти ва ундан ортиқ миқдорларнинг ҳоллари учун учламчи қоидани умумлаштирувчи қоидаларни баён қилади.
Беруний тригонометрия соҳасида ҳам катта ютуқларга эришди. Баъзи бир ҳозирги замон тадқиқотчилари Берунийни тригонометрияга мустақил фан сифатида қараган биринчи олим деб эътироф этмоқда. “АлҚонун алМасъудий” асарида ясси ва сферик тригонометрияни баён қилган. У тригонометрик функциянинг чизиқли ва квадрат интерполитив қоидасини ишлаб берди, ўртача аниқ ҳисоблар методини таклиф қилиб, тегишли жадвалларни келтирди, бир қанча ўнли рақамлар учун П миқдорини аниқ ҳисоблаб чиқди.
География, геодезия ва геология фанлари соҳасида ҳам Берунийнинг қўшган ҳиссаси беқиёс. Тасвирий география соҳасида Беруний географик адабиётда мавжуд бўлган маълумотларни умумлаштириб ўзига замондош бўлган сайёҳ ва савдогарлар тўплаган маълумотлар билан уни янада бойитади. Олим қолдирган географик маълумотларнинг кўпчилиги у ёки бу географик масалаларни ёритишда Шарқ адабиётида биринчи манба ҳисобланади. Берунийнинг ўша вақтда унча маълум бўлмаган шимолий ўлкалар, Болтиқ ва Оқ денгиз ҳақидаги маълумотлари, Сибирнинг “бизда ёз бўлганда, у ерда қиш бўладиган” жойлари ҳақида хабарлари қизиқарли.
Беруний Хитой ва Тибетга туташ ўлкаларни ҳам ўзидан олдинги олимларга нисбатан тўла ва аниқ тасвирлаган. Птолемейга қарама-қарши Атлантика ва Ҳинд океанларининг жанубий томони бир-бирига туташганини исботлаб берган. У Осиё ва Африка қитъалари орасида бир вақтлар бўғоз бўлган ва Ер шарининг жанубий томони қуруқлик бўлган, деб тахмин қилади. У қолдирган ноёб маълумотлар шарқ географик адабиётида муҳим роль ўйнаган. Тарихда Америка қитъасини 1492 йил октябрь ойида денгиз сайёҳи Христофор Колумб кашф этгани қайд қилинган. Аммо бу борада Берунийнинг илмий фарази мавжудлиги ҳам маълум. Олим ўзининг “Ҳиндистон” асарида ер юзасининг тузилиши, денгиз ва қуруқлик тўғрисида гапириб, “...Ернинг чораги маъмурадир. Маъмурани ғарб ва шарқ томондан Муҳит океани (Атлантика ва Тинч океан) ўраб турибди. Бу Муҳит океани, ернинг обод қисмини денгизларнинг нариги томонида бўлиши мумкин бўлган қуруқлик ёки одам яшайдиган ороллардан иккала ёқдан (ғарбдан ва шарқдан) ажратиб туради...” деб ёзган. Шундай фикрни “АлКонун алМасъудий” асарида ҳам уқтиради. Демак, ғарбий ярим шарда яхлит бир қуруқликнинг, кейинчалик, Америка деб номланган қитъанинг мавжудлигини Беруний европалик олимлардан 450 йилча олдин тахмин қилиб, ўз асарларида бир неча бор ёзган.
Берунийнинг ғарбий ярим шарда катта қуруқлик борлиги тўғрисидаги фикри XV–XVI асрларда ўз тасдиғини топди. Беруний математик география тараққиётига ҳам катта ҳисса қўшди. У жойларнинг географик узоқлигини ва кенглигини аниқлаш йўлларини ишлаб чиқишда янгиликлар очди: тригонометрия ва геометрияни кенг қўллаш орқали ўзидан олдинги астрономларга нисбатан анча аниқ натижаларга эришди. Масалан, у географик кенгликни аниқлашда XVI асрда Тихо де Браге томонидан кашф этилган деб ҳисобланган усулни ишлатган. Узоқликларни белгилашда ҳам Беруний томонидан ишлаб чиқилган янги метод унгача қўлланилган методларга нисбатан энг мукаммали эди. Турли географик жойларнинг географик кенглиги ва узоқлигини аниқлашда у эришган натижалар ҳозирги замон олимларини ҳам ҳайратда қолдирмоқда. Берунийнинг Ер шарининг ўлчамлари ҳақидаги маълумотлари юнон, ҳинд олимлари ва ўзига замондош бўлган Яқин ва Ўрта Шарқ олимлари хулосаларига нисбатан анча аниқдир. У Ер айланаси узунлигини ўлчашда янги усул ишлаб чиқди.
Беруний методида катта масофалар учун қийин ва мураккаб ўлчовларга эҳтиёж бўлмай, математик ҳисобларга асосланиларди. У Ер меридиани ёйининг бир даражаси 110275 метрга тенг деб топди. Бу ҳозирги замон маълумотларига жуда яқин. Геология соҳасида ҳам Беруний ажойиб кашфиётлар қилган. Ерни ўрганиш масаласига илмий ёндашди. Ер юзасининг ҳар бир қисми ўзининг узоқ тарихий тараққиётига эга эканини ёзади. Туркистоннинг баъзи жойлари, шу жумладан Амударё водийсининг геологик ривожланишини биринчи марта жиддий ўрганишга ҳаракат қилган ҳам Беруний бўлган. Унинг Амударё водийсининг геологик ўтмиши ва Орол денгизининг пайдо бўлиши ҳақидаги хулосалари ўша замоннинг энг муваффақиятли геологик таҳлилларидан бири ҳисобланади. Олим “Денгизлар қуруқликка, қуруқликлар эса денгизга айланади” деган назарияга суянади. Берунийнинг фойдали қазилмалар қатламларининг пайдо бўлиши, тоғ жинсларининг емирилиши кабилар ҳақидаги хулосалари катта аҳамиятга эга. Ер қобиғида оғирликнинг мувозанатлашиб туриши учун ерости жисмларининг жойлашиши ҳақидаги фаразлари ҳам жуда аҳамиятлидир.
Беруний Марказий Осиё ва умуман Яқин Шарқда биринчи илмий глобуслардан бирини бунёд этган эди. Бу глобусда аҳоли яшайдиган жойлар аниқ кўрсатилган ва бунинг ёрдамида уларнинг географик координаталарини аниқлаш мумкин бўлган. У алкимёда қўлланилган ғайриилмий ва асоссиз услубларни танқид қилди. Қимматбаҳо тошлар ва баъзи минералларнинг “мўъжизакор хусусиятларини” инкор қилади ва бу ҳолни “ҳодисаларнинг ҳақиқий сабабини билмовчилар учун бир важдир”, деб ҳисоблайди. Беруний алкимё йўли билан олтин ва кумуш тайёрлаш фан ҳал қила олмайдиган беҳуда уринишдир, деган хулосага келади.
Беруний ўзининг “Китоб фи ахборот илму баййизот валқаромита” (“Оқ кийимликлар ва қарматийлар хабарлари ҳақида китоб”) асарини Ўрта Осиёда ўша даврда энг илғор ижтимоий ҳаракатлардан бири бўлган қарматийларга бағишлаган. Кейинроқ “Ёдгорликлар”, “Ҳиндистон” китобларини ёзган. Унинг “Китоб ул мақолот вал арз ваддиёнот” (“Мақолалар, эътиқодлар ва динлар ҳақида китоб”), “Китоб фи ахбори Хоразм” (“Хоразм хабарлари ҳақида китоб”), “Китоб тарихи айём ас-Султон Маҳмуд ва ахбори абиҳи” (“Султон Маҳмуд даври тарихининг китоби ва отаси ҳақидаги хабарлар”) каби асарлари бизгача етиб келмаган. “Ёдгорликлар” (“Алосор албоқия”) подшоҳлар ва машҳур шахсларнинг тарихини ёритувчи ва ўша даврнинг маданиятини акс эттирувчи тарихий этнографик асардир.
Беруний биринчилардан бўлиб Аристотелнинг фан соҳасидаги хизматига юксак баҳо бериш билан бирга танқидий фикрлар ҳам билдирган. Беруний Аристотелнинг “табиий жой”, “дунёнинг ягоналиги”, “оғирлик ва енгиллик” каби тушунчаларини танқид қилади. Аристотелнинг “оғир” ва “енгил” деган тушунчасидан фарқли равишда Беруний Ибн Синога ёзган “Эътирозлар”ида ҳамма нарсаларнинг ер маркази томон тортилиши ҳақидаги фикрни олға суради.
Берунийнинг бой илмий мероси Ўзбекистон ва ундан ташқарида чуқур ўрганилмоқда. Унинг асарлари лотин, француз, итальян, немис, инглиз, форс, турк тилларига таржима қилинмоқда. Ҳаёти ва ижоди ёзувчи ва санъаткорлар эътиборини тортиб келмоқда. Беруний ҳақида “Ўзбекфильм” студияси ижодкорлари 2 қисмдан иборат “Абу Райҳон Беруний” фильмини (1974) яратган. Уйғун “Абу Райҳон Беруний” пьесасини (1973) ёзган. Қорақалпоғистон Республикасидаги шаҳар, туман Беруний номига қўйилган. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти Тошкент техника университети, метро бекати унинг номи билан аталади. Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон, Хоразмда Беруний номида кўча, майдон, мактаб ва бошқа муассасалар бор.
Дунёда биринчи марта Ўзбекистонда топилган минералга Беруний номи қўйилган.
//
Изоҳ йўқ