Манзура Мадалиева


15:08 / 05.08.2021 1050 0

1947 йил 26 августда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган.

1969 йилда Қўқон давлат педагогика институтини битирган.

Иш фаолиятини шу йили Қўқон шаҳридаги 10-ўрта мактабда бошлаган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси.

1997 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган.

 

Ёшлигидан илмга, ўқишга чанқоқлиги, тиришқоқлиги туфайли институтга кириш имтиҳонларини фақат аъло баҳога топширди. Олийгоҳда Манзурахон интизом­ли, зийрак ва зукко талаба сифатида танилди, ҳурмат топди. Талабалик йилларидаёқ педагогик, илмий-назарий анжуман­ларда ўзининг «Қизиқарли математика ва ўқитувчиларнинг тарбияси» каби долзарб мавзулардаги педагогик таҳлилларга бой чуқур далилланган маърузалари билан қатнашарди. Кўз очиб юмгунча талабалик йиллари ҳам ортда қолди. Институтни имтиёзли диплом билан тамомлаган Манзурага олийгоҳдаги устозлари илмий изланишларни давом эттиришни таклиф қи­лишди. Лекин болаларга бўлган муҳаббати уни мактабга, синф хоналарига – ўқувчилар билан ишлашга оҳанрабо каби тортиб турарди.

Қўқон шаҳридаги 10-ўрта мактабга ишга таклиф қилишди. Кечаги талаба секин-аста севимли, ўқувчилари олдига югуриб келадиган, орқасидан эргашиб юрадиган муаллимага айланиб борди. Институтда олган билимини эринмай ўқувчиларга май­да-майдалаб ўргатди. Ўша йиллари эндигина фан кабинетлари ташкил этиш бошланганди. Фанга иқтидори, қизиқиши бўлган ўқувчиларни ёнига олиб математика фани кабинетини жиҳоз­лашга киришди. Бу ишда институтда таълим берган устозла­рининг дарс жараёнида амал қилиш бўйича кўрсатмалари, талабларини қатъий хисобга олди.

У тинмай изланарди. Кўпчиликнинг наздида математи­ка жуда мураккаб, қийин фан. Мана шу кайфият ўқувчининг руҳиятига таъсир этиши, иқтидорини дадил синаб кўришга йўл бермаслиги мумкин. Шу кўринмас тўсиқни олиб ташлаш учун Фарғона вилоятида биринчилардан бўлиб кизиқарли матема­тика кечаси ташкил этди. Жуда жонли ўтган, топқирлик мусо­бақасига айланиб кетган бу тадбир фан муаллимлари учун гўё ўзига хос дарс бўлди.

Изланиб, севган касбига ижодкорлик билан ёндашган ҳар қандай мутахассис ишининг самарадорлигини ошириш мақса­дида янгиликлар кашф қилаверар экан. Бу фикр исботини Ман­зурахон опанинг қарийб ўттиз йиллик педагогик фаолиятида яққол кўриш мумкин. У мактабда математика хонасини ташкил қилгач, дарслари ва фан тўгараги машғулотларида иложи бо­рича ҳаёт билан математика орасидаги боғлиқликларни англа­тишга эътибор қаратарди. Чунки ҳамма ўқувчилар ҳам бу фан­га бирдай кўнгил қўявермайди. Аммо бугун дарсда ечаётган масалаю мисоллари эртага ҳаётда жуда асқатишини тушунса, фанга муносабати ўзгаради.

Математика тўгарагига фанга ихлоси баланд, иқтидорли ўқувчилар йиғилган эди. Улар билан ҳамкорликда математик ҳолатлар, фигураларни “жонлантириб”, буюк математиклар ҳа­ёти ҳақида кичик саҳна асарлари, шеър ва инсценировкалар тайёрлаб ижодий кечалар ўтказди. Манзура Мадалиеванинг намунали илмий-педагогик фаолияти, тўгаракдаги ишлари бўйича тажрибалари билан қизиққан ҳамкасблари водийнинг турли ҳудудларидан 10-мактабга келишарди. Изланувчан ўқи­тувчининг вилоят ва республика миқёсидаги илмий-амалий конференциялар, махсус курслардаги маърузалари илғор тажрибалар мактабига айланди.

1980 йилларнинг бошларида муаллима ўқувчиларга математика фанидан сабоқ беришда телевидение имкониятларидан кенг фойдалана бошлади. Унинг Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш қилинган “Билмасвой математика кечасида” номли мусиқали математик кўрсатуви бутун республикада янгилик бўлди.

М.Мадалиеванинг ўз фани ва уни ўқитиш­га меҳр-муҳаббати, масъулияти, бу йўлдаги изланишлари самараси – ўқувчиларининг фан олимпиадаларида ғолиблар қатори­дан жой олишида, олий ўқув даргоҳларига кириш синовларидан юқори баллар тўплаб муваффақиятли ўтишида намоён бўлди. 1991 йилда “Ўқитувчи” нашриётида Манзу­ра опанинг иш тажрибаси, фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Саҳнада математика” номли китоб нашр қилинди. Рисолада математика фани бўйича тўгарак машғулотлари ва кеча­ларида ўқувчиларни ахлоқий-эстетик руҳда тарбиялаш ғояси илгари сурилган. Китоб­чадаги дидактик шеърларни ҳам Манзура Мадалиеванинг ўзи ёзган.

Ҳурматли устоз маҳалла ҳаётига оид жамоат ишларида ҳам фаол, ёшларнинг одобли, тартибли, тарбияли, эл суядиган ин­сонлар бўлиб камол топишларига алоҳида эътибор қаратади.

Информатика фани ўқитувчиси Манзу­ра Мадалиеванинг «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланиши, эҳтимол, игна билан қудуқ қазишдан ҳам мураккаброқ, ҳар бири бир олам бўлган болаларнинг қалбига йўл топиб, уларни дунёдаги энг бебаҳо бой­лик – илм билан ошно этишга бағишланган фаолиятнинг мукофотидир.

Манзура Мадалиева минглаб ўқувчила­рини, турмуш йўлдоши Баҳром ака билан уч фарзанди-дилбандини ҳаётда ўз ўринлари­ни топиб, жамият тараққиётига ҳисса қўшиб яшайдиган инсонлар қилиб тарбияладилар. Қаҳрамон муаллима тимсолида озод ва обод юртда меҳнати муносиб тақдирланган замондошларимиз сиймосини кўриш мум­кин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//