Мирумар Асадов


15:08 / 05.08.2021 1020 0

1927 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган.

 Миллий таъмирлаш мактабининг муносиб давомчиси сифатида Марказий Осиёдаги кўплаб ёдгорликларнинг тикланишида фаол қатнашган.

 1974 йилда Давлат мукофоти лауреати бўлган.

 1996 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилган.

 2010 йилда вафот этган.

 

Мирумар Асадов асли таъмиршунослар сулоласидан бўлиб, машҳур уста бобосини Абдулаваз оқсоқол деб аташар, миллий ҳунармандчилик мактабига неварасининг боришига ҳам айнан унинг маслаҳати сабаб бўл­ганди. 1939 йилда миллий ҳунармандчилик мактаби очилиши Мирумар Асадовнинг келажак тақдири белгиланишида муҳим рол ўйнади. Ўқув курслари Шарқ меъморий маданиятининг ноёб намунаси бўлган Шердор мадрасасида ташкил қилинган­ди ва ундаги машғулотлар бўлажак устанинг қобилияти очили­шига хизмат қилди. Мактабга ўз даврининг донғи кетган таъ­миршуносларидан бири, бухоролик уста Ширин Муродовнинг таклиф этилиши Мирумар Асадов учун тақдирнинг ҳақиқий туҳфаси бўлди, дейиш мумкин.

Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Москва бадиий институти Самарқандга кўчирилади. Ушбу илм масканининг мутахассислари самарқандлик таъмиршуносларга таълим бе­ришда иштирок этишади. Меҳнат қаҳрамонининг хотирасида москвалик устозлардан чизмачилик, рассомчиликни ўрганга­ни муҳрланиб қолган. Лекин барибир уста Ширин Муродовнинг бўлажак усталарга обидаларни таъмирлаш бўйича касб сирла­рини очиб бергани муҳим сабоқ бўлди.

Ўтган асрнинг 40-йиллари Мирумар Асадов ҳамда Са­марқанд таъмиршунослик мактабининг бир нечта ўқувчилари уста Ширин Муродов билан биргаликда Тошкентга боришади ва Ўзбекистоннинг иккита муҳим объектларини миллий услубда безашда иштирок этишади. Бу – Алишер Навоий номидаги опе­ра ва балет ҳамда Муқимий номидаги театрлар эди. Ушбу санъ­ат саройларидаги ганч ўймакоралиги ва кошин безаклари – са­марқандлик уста-таъмиршунослар ижодининг ноёб намунаси.

Ўтган асрнинг 60-йиллари тақдир Мирумар Асадовни Ду­шанбега йўллайди. Тожикистондаги маҳаллий оқсоқоллар самарқандлик миллий таъмиршунослик мактаби вакиллари­ни ўзларининг энг қадрли маданий объектларини тиклашга таклиф этишади. Мирумар Асадов, хусусан, Садриддин Айний мақбараси, Панжикентдаги Рудакий мақбараларини таъмир­лашда иштирок этган. Энг қизиқ жиҳати шундаки, Асадовдан аввал мазкур объектларни таъмирлаш ишида, асосан, Ленин­граддан таклиф этилган усталар шуғулланишган. Гарчи улар юқори даражадаги мутахассислар ҳисобланишса-да, обидалар­да бинонинг моҳияти, ранглари ва Шарқ безак сайқалининг барча нозик жиҳатлари томонидан мазмунни етказиб бера олишмаган.

Мустақиллик йиллари уста учун юксак намоён этган объ­ектлардан бири Бухоро вилоятидаги Баҳовуддин Нақшбандий мақбараси бўлди. Деярли вайрон бўлган ва ўзининг тарихий қиёфасини йўқотган мақбара ҳукумат қарорига мувофиқ қайта тикланиши керак эди. Бу вазифа Мирумар Асадов бошчили­гидаги усталар томонидан аъло даражада уддаланди. Бугун ушбу мақбара нафақат донғи кетган маънавий марказ, балки Шарқ меъморчилигининг бетакрор нафосатини ўзида жам этган ноёб меъморий намуна ҳи­собланади.

Ушбу объектдаги ёрқин ишидан сўнг Мирумар Асадов деярли барча муҳим қадимий ёдгорликларда хизмат қилиб, ўз соҳасининг моҳир вакили сифатида эътибор қозонди. Ганч, кошин, тошга ўйиш устаси сифатида унинг иқтидори Имом Бухорий мақбараси, Регистон меъморий мажмуаси, Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мемориал мажмуаси, Ҳазрати Ҳизр масжиди каби объектларда ёрқин намоён бўлди. Бугун дунёнинг турли бурчаклари­дан келган сайёҳлар бир вақтлар ер юзининг сайқали деб улуғланган Самарқандга азалий кўрк ва гўзаллик қайтганлигини эътироф этишмоқда. Албатта, юз йиллар ортидаги нафосатни ўзига қайтариш, асрлар суронла­ри остида маҳв бўлган гўзалликни тиклаш устадан катта салоҳият, билим ва маҳорат талаб қилади. Бугун асрий обидалар ўзгача жило билан дунёни ҳайратга солмоқдаки, бу эътирофлар уста Мирумар Асадов ва ҳам­касбларининг фидокорлиги самарасидир.

Кўплаб маданият обидалари ва меъмо­рий ёдгорликларни тиклашда қўшган ҳис­саси учун Мирумар Асадов давлатимизнинг энг юксак мукофотига сазовор бўлди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//