1946 йил 14 майда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган.
1969 йили Самарқанд тиббиёт институтини тамомлаган.
1971 йилгача Москвада нейроофтальмология мутахассислиги бўйича фаолият юритган.
1974–1975 йилларда Самарқанд тиббиёт институти кўз касалликлари клиникасида врач-ординатор.
1975–1980 йилларда Сурхондарё вилояти кўз касалликлари шифохонасида врач, бўлим мудири.
2015 йилдан шу кунга қадар Самарқанд тиббиёт институтида фаолият юритиб келмоқда.
2001 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилган.
Юртимизда 1977 йили кўз микрохирургиясига асос солинишида тиббиёт фанлари доктори, профессор. АҚШ халқаро офтальмологлар академиясининг аъзоси, Россия тиббиёт техника фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, олий тоифадаги офтальмохирург Раҳмон Муҳамадиевнинг бевосита ҳиссаси катта. 1981–1984 йилларда Афғонистоннинг Қобул шаҳридаги БИМЭ клиникасида офтальмолог бўлиб ишлаб, 20 минг нафардан ортиқ беморнинг кўзига нур бахш этган 1984–1986 йиллари Денов туманида бош врач бўлиб ишлаган даврида туманда 100 ўринли 2-туғруқхона, туман стоматология поликлиникаси ва туман поликлиникаси қурилиб, ишга туширилишида жонбозлик кўрсатган. Туман марказий шифохонасида офтальмология, неанотология ва неврология бўлимларини ташкил қилган. 1986–2008 йилларда Сурхондарё вилояти офтальмология шифохонасида бош врач лавозимида ишлаб, унинг илмий марказга айланишида фаол бўлди.
Раҳмон Муҳамадиев муддатидан олдин кўз тубидаги кўриш нерви шишларини флюоресцеин ангиография ёрдамида аниқлаш мавзусида биринчи бўлиб тиббиёт фанлари номзоди диссертациясини ҳимоя қилган. 2006 йил ксенотрансплантатни клиник офтальмохирургияда қўллаш мавзусида докторлик диссертатциясини илмий маъруза шаклида ёқлаган.
Мустақиллик йилларида илмий салоҳият ва янгиликлар қилиш учун кенг имконият яратилганлиги учун 232 та илмий мақола ва 23 ихтирога муаллифлик қилган.
Меҳнат фаолияти давомида 9 та ўқув-услубий қўлланма. 3 та магистрлар ва клиник ординатор ҳамда врачлар учун «Офтальмоксенопластика» (2018). «Кристаллография слеза в офтальмологии» (2018), «Катаракта факоэмульцификацияси»
(2019) ўқув дарсликларини чоп эттирди. Дунёда биринчи бўлиб мурда тўқимаси аллоплант ўрнига қўйнинг юрак пардасидан кўз касалликларини даволаш учун ксенотрансплантат яратган, 2002 йили Германиянинг Ганновер шаҳрида ўтказилган жаҳон соғлиқни сақлаш кўргазмасида ксенотрансплантатни намойиш этиб, Ўзбекистон шарафини юксалтирди.
Тиниб-тинчимас олим Раҳмон Муҳамадиев илмий-амалий тажриба алмашиш учун АҚШ, Англия, Франция, Шотландия, Австралия, Япония, Жанубий Корея, Малайзия каби дунёнинг жуда кўп мамлакатларида бўлди. Рахмон Мухамадиев илмий ишлардан ташқари, бадиий адабиётга ҳам қўл урган. 2015 йил «Такдир тухфалари», 2016 йилда «Хаёт сабоқлари» номли китоблари нашр этилган.
«Кимки кўзи ожиз одамни қирқ қадам етаклаган бўлса, унга жаннат вожиб бўлибди», дейилади муборак ҳадисларда. Басир кўзга нур ато қилиш, ожизга дунё гўзаллигини қайта инъом этиш эса қанчалар хуш амал эканлиги кўриниб турибди.
Давлатимиз томонидан шифокор-олим меҳнатлари юксак қадрланиб, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилди. 2006 йил Вашингтонда чиқарилган «Ким аслида ким?» энциклопедиясида дунёнинг 2000 нафар иқтидорли олимлари рўйхатига Р. Муҳамадиев номи ҳам киритилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида ҳам фаолият юритди. Кўз касалликларини даволаш бўйича ихтиро ксенотоансплантат АҚШ, Франция, Англия, Хитой, Шотландия, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон офтальмотологларига ютуқ сифатида намойиш этиб келиняпти.
Машҳур олим, саховатли инсон 2019 йилнинг сентябрида Хитой Халқ Республикаси Синзян-Уйғур автоном республикасининг Хўтан регионида 8 кун давомида хитойлик офтальмологлар, «Чегарасиз беғараз ёрдам» халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда 193 нафар беморда операция ўтказди. 2004 йили Узун туманида 54 нафар кам таъминланган оилалар болаларининг суннат тўйларини ҳомийлик қилиб ўтказиб берди.
Устоз шифокорнинг бой фазилатларидан баҳраманд бўлган шогирдлари у кишининг шифокорлик ҳамда одамийлик анъаналарини муносиб давом эттираётирлар, даволашнинг фақат тан муолажаси эмас, балки, биринчи навбатда, қалб малҳами эканини исботламоқдалар.
Қаҳрамонимиз ҳақида яна кўп ёзиш мумкин. Яхшиси, кўзни юминг, тафаккур қилинг. Бир инсон ҳаётида шунча меҳнат, илм заҳмати ётибди. Замирида эса инсонга яхшилик қилиш фалсафаси мужассам.
//
Изоҳ йўқ