1944 йил 10 апрелда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган.
Файзиобод қишлоғидаги хўжаликда бригада бошлиғи, ижарачи, пудратчи сифатида пахтакорликда улкан ютуқларни қўлга киритган.
2000 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвони берилган.
2014 йилда вафот этган.
Юрсинбой онадан эрта етим қолгани учун отаси уни еру кўкка ишонмасди. Кичкина бола ҳам отаси изидан бепоён, бағри кенг далаларга ошиқаверарди. Бир куни дала шийпонида катта байрам бўлиб қолди. Юрсинбой бироз ҳайиқадиган, доимо қовоғини солиб юрадиган бригада етакчиси Тўтихон опани ҳамма қутларди. Ўшанда Тўтихон опа Юрсинбойнинг бошини силаб: «Мана шу далабой йигитдан энди бошқача қаҳрамонлар чиқади» деганини элас-элас хотирлайди. Олтиариқнинг Файзиободини «Қаҳрамонлар қишлоғи» дейишади. Бу мўъжаз қишлоқнинг чинакам мехнатсевар, ерсевар, элсеварлар ватани эканидан дарак.
Юрсинбой ўрта мактабни битириб, Қаҳрамон опа бригадасига ишга келди. Отасига эш-қўш бўлиб далаларга сув таради. Ғўзани ардоқлашни, севишни, эъзозлашни ўрганди, у билан тиллашгани сайин меҳри ортди. Кейин Юрсинбойга табелчиликни топширишди. Ёш йигит бу ишни яхши бажарди. Тўтихон опа нафақага узатилаётганда, аъзолар ўзларига Юрсинбойни бошлиқликка сайлашди. Шундан бошлаб Юрсинбой Жўраев қирқ йил аъзолари билан пахта ўстирди, ишларига яраша даромад топишди.
Қўшни Водил, Тошлоқ тарафларда. Марказий Фаргонада Юрсинбой ака бригадаси ерларини негадир «Ўзбек дала» дейишади. Эҳтимол, бу жой одамларининг меҳнатга, элу юртга, кадрият ва урф-одатларга асл ўзбекона муносабати шундай ном қўйилишига сабаб бўлгандир.
Юрсинбой Эргашевга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилгани ҳақидаги хабардан қишлоқда тўй бошланиб кетди. Уни муборакбод этгани қўшни жамоадан келганлар гулдаста тутқазишди. Умри давомида меҳнатдан бошқасини билмаган забардаст қўллар гулга қовушмасди, ийманиб фақат қуллуқ қиларди. Шу пайт дала шийпони ёнидаги пахтазорга сув уриб кетди Ҳозиргина гулга «ёпишмай» турган қўллар кетмон дастасини шундоқ ушладики, гўёки сопининг қовурғалари қисирлагандай бўлди, икки кетмон зарбидан сўнг сув бошқа ариққа йўналди. Юрсинбой ака бригадасида меҳнат қилиш ҳар бир файзиободлик учун ифтихор бўлди. Бу ерда фақат меҳнат интизоми қатъий бўлмай, ҳар бир аъзо инсон сифатида эъзозланди ҳаёти, соғлиги, турмуши, муаммолари билан боғлиқ масалалар биринчи навбатда мана шу ерда ҳал қилинди. Шунинг учун бўлса керак, жамоада меҳнат қилаётганлар бошқа жойни орзу қилмадилар. Бригадада ўзига хос сулолалар шажараси вужудга келди. Тўлиқ ижара асосида меҳнат қилиш ташаббусини бошлаб, Юрсинбой ака 58 гектар майдонни бешта ижарачига шартнома асосида бўлиб берди. Бош пудратчи, яъни ўзи пахта заводи билан шартнома имзолади. Бошқарувнинг бу янгича усули ҳаммага маъқул келди. Чунки илгаригидай қозон битта эмас. Сарф-харажатларини ижарачилар ўзи назорат қилади. Пировард натижада ҳамма нарса таннархга бориб тақалишини яхши билиб олишди. Ижарачилар шартнома режаларини бажариш бўйича эмас, балки шартномадан ташқари қанча кўп маҳсулот етиштириш юзасидан мусобақалашгани катта самара берди, чунки режадан ортиқ етиштирилган маҳсулот ижарачининг ўз измида бўлади. Бу борада яхши тажриба тўплади, йилдан-йилга ютуқлар салмоғи ортди. Айтайлик, дон топшириш режаси 120 фоизга бажарилган йилда ғаллакорлар меҳнатидан пахтачиликда машғуллар ҳам баҳраманд бўлишди. Аъзоларнинг ҳар бири 2–3 тоннадан буғдойни рўзғорларига ғамлаб олишди. Илгари томорқасидаги экинларига ишлов бергандан сўнг далага чиққан аъзолар энди аввал даладаги пахта, ғалла меҳнатини ўринлатиб қўйиб, сўнг томорқасига қарайдиган бўлди.
Юрсинбой ака бекор юрган ўспиринларни дарҳол даласига олиб келиб, ўз таъбири билан айтганда, «меҳнатга ётқизарди». «Бу ерда бироз меҳнатга кўникса, кейин ўз йўлини топаверади». Ҳозир яқин-атрофдаги корхоналарда меҳнат қилаётган кўплаб ёшлар илк ҳаёт сабоғини шу куюнчак инсондан ўрганишган.
Ўзбекистон Қаҳрамони Юрсинбой Эргашевнинг ҳаёти, фаолияти халқу Ватанига сидқидилдан меҳнат қилишнинг ибрат мактаби бўлиб қолди. Ўғли Меҳрожиддин Марказий Фарғонанинг Қизилтепа массивидаги пудратчи звенога етакчи, қизлари ва келинлари ҳам чўлда меҳнат қилишни афзал билишди. Бир пайтлар Юрсинбой ака атак-чечак набираси Дилшодбекни «ўзбек дала»га етаклаб келганди. Йиллар ўтиб, Қаҳрамон норғул Дилшоднинг ҳаракатларига боқиб, қадрдон далалари ишончли қўлларда эканидан кўзлари чақнаб кетганди. Инсондан яхши ном, эзгу ишларини давом эттирадиган зурриёту шогирдлар қолса, демак, ҳаёт боғига эккан дарахтлари мева беряпти.
//
Изоҳ йўқ