1939 йил 20 январда Хоразм вилояти Хива туманида таваллуд топган.
Меҳнат фаолиятини 1957 йилда тумандаги «Ўзбекистон» жамоа хўжалигида табелчиликдан бошлаган. Бир умр далада меҳнат қилди, пахтачиликда, сабзавотчиликда улкан ютуқларни қўлга киритган.
2000 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган.
2009 йилда вафот этган.
Бекдурди Жуманиязов ўрта мактабни тамомлагач, Хоразм Вилояти Хива туманидаги «Ўзбекистон» жамоа хўжалиги табелчиси сифатида иш бошлади. 1958–1961 йилларда ҳарбий хизматни ўтаб келди ва бутун умрини қишлоқ хўжалигига бағишлади Қирқ йил давомида ер билан «тиллашди», ҳалол меҳнатингни доим юксак инъомлар билан мукофотлайдиган она заминга меҳрини, куч-қувватини бериб, эл-юрт фаровонлиги ортишига ҳисса қўшди. Қирқ йилдан зиёд «Ўзбекистон» ширкат хўжалиги ишчиси сифатида фаолият олиб борди.
Бекдурди Жуманиязов қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажриба тўплаган, вилоятда пахтачилик ва ғаллачилик ривожига муносиб ҳисса қўшган пудратчилардан бири эди. Пахта ва буғдой етиштиришга ихтисослашган майдонлардан унумли фойдаланиб, йилдан-йилга юқори натижаларга эришди.
Ширкат хўжалигида янги ғўза навларини етиштирувчи синовчи уруғчилик маркази ташкил қилинган бўлиб, бу марказ вилоят пахтакорларига сифатли уруғ етиштириб беришга ихтисослашганди.
Маълумки, Хоразм вилояти деҳқонлари учун сув тақчиллиги доим муаммо бўлиб келган. Тажрибали деҳқон Бекдурди Жуманиязов мавжуд зовур сувларидан ҳам насослар ёрдамида самарали фойдаланишни йўлга қўйганлиги натижасида экин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланган, сувдан унумли фойдаланиш эвазига ҳосилдорлик ошган.
Бош пудратчи Бекдурди Жуманиязов бир меъёр, бир қолипга тушиб олиб ишлашни ёқтирмасди. Доим янгиликлар. меҳнат самарадорлигини, ер ҳосилдорлиги ва етиштириладиган маҳсулот сифатини яхшилаш йўлида изланарди. Тажрибали деҳқонлардан ўрганиш, ўз ишларининг таҳлилий хулосаларига асосланиш натижасида иқлим ва тупроқ шароитига мослашган янги ғўза навларини етиштирди, мамлакат пахтакорларига сифатли уруғ етказиб беришга катта ҳисса қўшди Бунинг учун пахтачилик илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилди, ерга ишлов беришда замонавий техникалардан оқилона фойдаланди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишларида самарали натижаларга эришди.
Миришкор деҳқон туманда, вилоятда боғдорчилик, полизчилик соҳасини ривожлантириш борасида ҳам фаол ишлар олиб борган. Айниқса, Хоразмнинг қадимий гурвак, олахоммо, заргулоби, Хоразм гулоби каби қовун навларини тиклашда амалий натижаларга эришди.
Юзаки караганда, одатийдек туюладиган мана шу фаолиятнинг ўзи қаҳрамонимизнинг халқ анъаналарига, унинг минг йиллар давомида сақлаб келган деҳқончилик маданиятига қанчалар жонкуярлик билан ёндашганини яққол кўрсатади. Зеро, қовунчилик, умуман, ноёб полиз экинларининг уруғчилиги доимий эътибор ва диққат талаб қиладиган соҳалардандир. Бугунги кунда Хоразм қовунлари ўзининг азалий шуҳратини тиклаган бўлса, бу савобли ишда Бекдурди оғанинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Жамоат ишларида ташаббускор, жонкуяр, тадбиркор, ташкилотчи эди. Айниқса, кексалар саломатлиги, ёшларнинг бир иш билан банд бўлиши билан боғлиқ масалаларда элга қўлидан келганича ёрдам берарди. Мустақиллик йилларида маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиб, юртимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган ютуқларни фахр-ифтихор билан тарғиб қилди.
Турмуш ўртоғи Анабиби Абдусатторова билан 3 нафар ўғил, 4 нафар қизни камолга етказдилар.
Камтарин, элу юрт ишига фидойи, ҳамиша юксак марраларни кўзлаб изланиб, интилиб келган Бекдурди Жуманиязовнинг меҳнатлари «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди. «Бу шараф менга инсон қадр-қимматини оширган мустақиллик неъмати туфайли насиб этди», дер эди Қаҳрамон фахр билан.
//
Изоҳ йўқ