Ҳазрат Аблоқулов


15:07 / 01.07.2024 244 0

1928 йил 15 июнда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида таваллуд топган.

1950–1961 йиллар мобайнида қўриқ ерларни ўзлаштиришда Нарпай туманида ишлаган.

Ғиждувон тумани Садриддин Айний номидаги жамоа хўжалигида бригада бошлиғи бўлган.

1998 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвони,

2000 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

2008 йилда вафот этган.

 

Ҳазрат Аблоқулов ўзининг узоқ йиллик самарали меҳнати, одамларга нисбатан меҳр-оқибати ва бой ҳаётий тажрибаси билан маҳалла аҳлининг эътиборини қозонган, тумандаги энг улуғ ёшли, ибратли ҳаёт йўлига эга, меҳнатсеварлиги ва маслаҳатгўйлиги ортидан катта хурматга сазовор бўлган нуроний отахонлардан бири эди.

 

Ҳазрат Аблоқулов мактабда ўқиб юрган даврларидаёқ ҳисоб-китоб ишларини яхши билганлиги учун жамоа хўжалигида табелчилик қилган.

 

Изланувчанлиги ва илғорлиги учун бир неча маротаба фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган.

 

Қўриқ ерларни ўзлаштириш бошланганда Нарпай туманига сафарбар қилинди, дала ишларининг сирини ўрганди. Отаси Облоқул Турдиев вафотидан сўнг яна Ғиждувон тумани Садриддин Айний жамоа хўжалигига келиб, бригада бошлиғи вазифасида ишлади.

 

У қишлоқ хўжалиги тизимида кўп йиллик амалий тажриба орттирган эди. Туманда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб, бўз ерларни ўзлаштириш шурхок майдонларда ҳосил етиштиришда ўрнак кўрсатган, ўрим-йиғим мавсумларида кеча-кундуз ишлаган, кундузи пахта майдонларида тер тўкиб, тунда эса ғалла ўрган заҳматкаш инсон сифатида кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган. Ўз умрини эл-юрт фаровонлиги, тўкин-сочинлигига бағишлаганди.

 

Ҳазрат Аблоқулов 75 гектар ерда деҳқончилик қилиб, давлатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари буғдой, пилла, пахта етиштириш ва сотиш режаларини ортиғи билан бажарган. Ўзига ажратилган ерларнинг ҳар бир гектаридан 40–45 центнер пахта, 60–70 центнер буғдой ҳосили етиштиришга эришиб, давлат ва жамиятнинг унга билдирган ишончини оқлаган.

 

Ҳазрат Аблоқуловнинг фидокорона хизматлари муносиб тақдирланиб, 1989 йилда пахтадан юқори ҳосилдорликка эришганлиги учун «ВАЗ 21-06» автомашинаси билан тақдирланган. Бу ўша пайтда катта воқеа эди.

 

Мустақилликка эришилганидан кейин ҳам давлатимиз томонидан Ҳазрат Аблоқуловнинг меҳнатлари юксак баҳоланиб «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсаттан қишлоқ хўжалиги ходими» унвони билан тақдирланган.

 

Отахон ёшларни тарбиялашда, уларнинг ўз ҳаёт йўлларини белгилаб олишларида ҳаётий тажрибасини, қимматли панд-насиҳатларини аямаган.

 

Бугунги кунда ҳам қишлоқ аҳли Ҳазрат Аблоқуловни саховатли, меҳрибон инсон ва маҳалланинг фахрий отахони сифатида эсга олишади.

 

Истиқлол туфайли юртимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам уни бефарқ қолдирмаган. Ёшларни мустақиллик берган барча бебаҳо неъматларни қадрлашга, эл-юрт манфаати, Ватан равнақи учун фидойи, замонга муносиб бўлишга чорлаган.

 

Отахон ўзи гувоҳ бўлган суронли йиллар тарихини гапириб бериб, ёшларни Ватанга садоқатли, мард бўлиш, тинчликнинг қадрига етиш ва меҳнатни улуғлашга ўргатарди. Уларни маънавий баркамол, қатъиятли, шижоатли бўлишга ундарди. Узоқ йиллик ҳаёт йўли барчага бирдек ибрат бўладиган Ҳазрат Аблоқулов инсон умрининг мазмунини ҳалол меҳнат билан яшаш, халққа астойдил хизмат қилиш деб тушунган ва умр бўйи шу тамойилларга содиқ қолган.

 

У ўзининг ҳаракатчанлиги, ташаббускорлиги билан аҳоли ўртасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган.

 

Ҳазрат Аблоқулов меҳнатдаги фидокорлиги билан бир қаторда серфарзанд оила бошлиғи ҳам бўлган. 12 нафар фарзандини, яъни 8 нафар қиз ва 4 нафар ўғилни вояга етказган, 40 нафардан ортиқ невара. 20 нафар эвараларнинг севимли буваси бўлган. Ушбу сулола вакиллари ҳозирги кунда ҳам ота-боболари изидан бориб, давлат ва жамият ишларида фаоллик кўрсатиб келишмоқда.

 

Моҳир пахтакор, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги «Қаҳрамон Ҳазрат пахтакор» фермер хўжалиги бошлиғи Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳазрат Аблоқулов ҳақидаги нурли хотиралар юртдошлар қалбида абадий яшайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//