1958 йил 15 декабрда Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида туғилган.
1980 йили Фарғона шаҳридаги 25-ҳунар-техника билим юртини тамомлаган.
1983–2004 йилларда Фарғона автомобиль йўлларидан фойдаланиш бошқармаси автоскреперчиси, участка бошлиғи вазифасида ишлаган.
1999 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
2018 йилдан нафақада.
Улуғбек бобоси Умар полвоннинг юрт орасида кўприксоз уста сифатида ном таратганидан фахрланиб улғайди. Фарғонадан кунчиқар тарафга кетадиган йўплардаги кўприкларни «Полвонкўприк» дейишади. Уларни қурган Умар полвон кўприкнинг бақувватлигини биринчи бўлиб ўзи синаб бераркан. У қўқон аравага ўтирганда, аравакашлар отни узангисидан тортиб етаклаб аранг кўприкдан ўтишган, деган гаплар юради. Агар кўприк остидан бирор чимдим қум-тупроқ сув устига тушса, усталар ишни бошидан бошлашга мажбур бўлишган. Шунинг учун ўғли Улуғбек йўлсоз бўламан деганида, Юнус аканинг хаёлидан «Бобосининг қони юрагида жўш уряпти-да» деган фикр ўтди.
Пахта тозалаш корхонасида меҳнат қилаётган Юнусали ака ўғлининг олий маълумотли мутахассис бўлишини жуда ҳам истарди. Лекин ҳарбий хизматдан қайтган Улуғбек йўл қурилишида экскаватор ҳайдовчиси бўлиш иштиёқида эканини қатъий айтди. Қиргулидаги ҳунар-техника билим юртида экскаватор-машинист касбини эгаллаш учун ўқиш-ўрганишни бошлади.
Дастлаб унинг танлаган касбидан кўпчилик ҳайрон бўлди: «Буларнинг оиласида бирор киши велосипеддан каттароқ техникани минмаган бўлса, қандай қилиб улкан машиналарни бошқараркин?» Улуғбек ёшлигидан техника шайдоси эди. У билим юртини тугатиши биланоқ, қурилиш-монтаж бирлашмасига ишга борди, унга йўл бўйларидаги турли хил хандақлар, катта-кичик ариқларни ковлайдиган 30–652 экскаваторида ишлашни топширишди. Бу узаткичли троссларда ишлайдиган машина бўлишига қарамай, анча «қайсар», тиллашиб ишламаса «тўнини тескари кийиб оладиган» агрегатлардан экан. Улуғбек шу техникани 6 йил авайлаб-асраб ишлатди. Кейин ёш машинистни бирлашмага олиб келинаётган замонавий машиналар қизиқтириб қолди. Ташкилот раҳбарларига бевосита йўл қурилишида қатнашадиган машиналарда ишлаш нияти борлигини айтди. Бу пайтда у жамоада анча танилиб, обрў орттирган ишчилардан эди. Лекин янги техникада ишлашнинг ўзига хос талаблари бор эди, тажрибали машинистни автоскреперда ишлаши учун яна шогирдликка беришди.
У скреперга ўтирган илк кунини ҳеч унутмайди. Умри йўл қурилишида ўтган Алексей Заворикин Улуғбекка скрепер билан «тиллашиш», рулга ўтириб йўлнинг оби-тобини олиш, тупроқни бир маромда етқизиб бориш сирларини тушунтирди. Тушдан кейин эса машина чамбарагини шогирдига буткул топшириб, унинг ишларини кузатиб турди. Қора терга ботиб кетган Улуғбек машинани кечга яқин устози билан автогаражга олиб келиб қўйди. Эрталаб яна шу ерда учрашишга келишдилар. Аммо эрталаб Улуғбек устозини анча кутди. Механикка истиҳола билан устози кечикаётгани, шунинг учун ҳам трассага чиқолмаётганини айтган эди, у киши шартта гапирди: «Энди трассага ўзинг чиқаверасан, кеча Алёша Улуғбек туғма скреперчи экан, бемалол ишни ўзи эплайверади, деб, машинани сенга топшириб, таътилга чиқиб кетди. Сенинг номингга йўл варақаси ёзилган. Қоғозни олу трассага отлан!»
Қамчиқ довони қурилиши Улуғбек Умаров ҳаётида алоҳида саҳифа ҳисобланади. Йўл таъмирланиши ҳақида маслаҳатга чақирилганлар қаторида у ҳам бор эди. Ўшанда Қамчиқ довонининг энг баланд чўққиси, машҳур Шер ҳайкали ёнида мамлакатимиз машҳур йўлсозлари Буюк ипак йўлининг муҳим узвини қандай таъмирлаш ҳақида келишиб олиш учун йиғилишди. Улуғбекдан қандай техникаларни ишлатиш мумкинлиги ҳақида фикр сўрашди. У: «Агар ҳайдовчининг, машинистнинг малакаси юқори бўлса, ҳар қандай техникани ишлатиш мумкин», деб жавоб қилди. Қаҳрамонимиз машҳур йўлни бунёд этувчиларнинг олдинги сафларида ишга отланди. Резаксойдан туннелгача бўлган масофадаги жамики янги очиладиган жойларга биринчи бўлиб «от солган» ҳам Улуғбек бўлди.
Машинистнинг меҳнат натижалари бутун довонда ишлаётган юзлаб йўлсозларга овоза бўлган пайтлар кўп бўлди. У бир сменада ўз скрепери билан 110 рейс иш бажариб, 2000 тоннадан зиёд тупроқни 500 метр масофага ташиб берди. Қўлга киритган ютуқлари сабабини машинанинг бекор туриб қолишини қисқартириш, кичик таъмирлаш, мойлаш ишларини тупроқ юклагунча бажарилгани шарофатидан, деб изоҳлади, холос. Лекин бу камтарин, камсуқум йигитнинг меҳнатлари элу юртнинг эътиборидан четда қолмади. Улуғбек Умаров йўлсозлар орасида биринчилардан бўлиб «Ўзбекистон Қаҳрамони» деган унвонга сазовор бўлди. Хушхабарни устозлари Исмоил ака, Асқар Аброров, Рашид Гилмитдиновлардан эшитди. Шогирдлари Собиржон Қирғизов, Аъзамжон Мирзаболтаев ҳамда у билан эш-қўш бўлиб Довонда меҳнат қилаётган укаси Юсуфжонлар биринчилардан бўлиб муборакбод этдилар.
– Бундай улуғ шарафга эга бўлиш – Қаҳрамонлар сафидан ўрин олиш тушимга ҳам кирган эмас эди, – дейди камтарлик билан Улуғбек Умаров. Мустақиллик туфайли минг йиллардан буён тоғлар бағридан ўтган тор, хавфли Қамчиқ довони йўллари халқаро магистралга айланди. Қаранг, бобом тахта, тош, тупроқдан кўприклар қурган бўлса, биз энг замонавий техника воситалари ёрдамида аср иншоотларидан бири бўлган довон йўли қурилишида иштирок этдик. Севимли касбимда халқ эъзозига сазовор бўлдим. Одамлар меҳнати қадрланаётган замонда яшаётганимдан бахтиёрман. Халқимизда «Йўл қурган одам тарихда қолади», деган нақл бор. Бундай мартабага лойиқманми-йўқми билмайман-у, агар фарзандларим Манзура, Феруза, Дилфуза, Азизбеклар ва набираларим Қамчиқ довонидан ўтишганда фахр билан: «Шу йўлларда отамизнинг, бобомизнинг излари қолган», дейишса, менга катта бахт.
Бугун водийни республикамизнинг бошқа вилоятлари билан боғлайдиган Қамчиқ довони йўлларида транспорт воситаларининг сон-саноғи йўқ. Кенг, текис, чиройли йўллардан бехавотир, кўзу кўнгли яйраб бораётганларнинг қанча-қанчаси тилда ёки дилда, албатта, айни имкониятларга шукрона, унинг бунёдкорларига раҳмат айтади. Бу миннатдорликлар, хайрли тилаклар юртни обод, халқнинг узоғини яқин қилганлар умрини зиёда, саодатбахш этгай, иншооллоҳ.
//
Изоҳ йўқ