Абдулла Ори­пов


12:08 / 05.08.2021 970 0

1941 йил 21 мартида Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида туғилган.

1958 – 1963 йилларда Ўрта Осиё давлат университетида ўқиган.

1996 – 2009 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимида фаолият кўрсатган.

Абдулла Орипов – 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси матни муаллифи.

2015 йили “Италия юлдузи” халқаро ордени билан тақдирланган.

1983 йили Ўзбекистон халқ шоири унвони, 1998 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилган.

2016 йил вафот этган.

 

Халқимизнинг атоқли ва ардоқли шоири Абдулла Ори­пов яшариш ва янгиланиш байрами Наврўз куни та­валлуд топган.

Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ўзбек филологияси факультети, журналистика бўлимини битиргач, 1963 – 1967 йилларда “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир; 1974 –1976 йилларда “Шарқ юлдузи” журнали бўлим мудири; 1976 – 1982 йилларда Ўзбекистон Ёзув­чилар уюшмаси адабий маслаҳатчиси; 1982 – 1983 йилларда уюшманинг Тошкент вилояти бўлими масъул котиби; 1983 – 1985 йилларда “Гулхан” журнали бош муҳаррири; 1985 – 1996 йилларда Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби; 1996 – 2009 йил­ларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ва бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси лавозимларида фаолият юрит­ди. 2009 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий раиси сифатида адабиётимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қилди.

Адабиётга нурли истиқболидан дарак берган “Митти юл­дуз” (1965) тўплами билан кириб келган шоирнинг “Онажон”, “Руҳим”, “Ўзбекистон”, “Ҳайрат”, “Юртим шамоли”, “Юзма-юз”, “Нажот қалъаси”, “Сурат ва сийрат”, “Йиллар армони”, “Ишонч кўприклари”, “Сен баҳорни соғинмадингми”, “Қуш тили”, “Му­ножот”, “Ҳаж дафтари. Ҳикмат садолари”, “Дунё”, “Ибодат”, “Сайланма”, “Савоб”, “Бедорлик”, “Mустақилик қўшиғи”, “Бир қарасам...”, “Шоир юраги”, “Меҳр”, “Талош палласи”, “Менга хуш хабар айт”, “Ранглар ва оҳанглар”, “Эзгулик”, “Умр манзиллари”, “Эверест ва уммон”, “Ишқ саҳроси” каби элликдан ортиқ тўпламлари чоп этилди. “Ҳаким ва ажал”, “Жаннатга йўл”, “Ранжком”, “Соҳибқирон” ва “Истиқлол манзаралари” достонлари Абдулла Орипов бадиий эпик полотнолар яратиш бобида ҳам улкан салоҳиятга эга ижодкор экани далилидир.

Унинг Александр Пушкин, Тарас Шевченко, Сергей Баруз­дин, Леся Украинка, Еньё Хелтаи, Егише Чаренц, Қайсин Қули­ев, Махсутий Ганжавий, Хариваншрай Багчан, Крести Мери­лаас, Адҳат Синўғил, Халил Ризо, Николай Тихонов, Ибройим Юсупов сингари шоирлар асарларидан қилган таржималари бугунги авлодни жаҳон адабиётининг нодир намуналари билан таништириши баробарида ёш ижодкорлар учун ижодий тажри­ба мактаби сифатида ҳам аҳамиятлидир. Уйғониш даврининг буюк шоири Данте Алигьерининг “Илоҳий комедия” асаридан таржимаси шоир таржимонлик фаолиятининг чўққиси, дейиш мумкин.

Ижодкорнинг публицистик мақолалари ҳамда суҳбатлари­да Ватан ва миллатнинг бугуни, истиқболи билан боғлиқ дол­зарб муаммолар ечимига доир қимматли фикрлари ёритилган. Халқимизнинг мураккаб ва шонли кечмиши, миллий истиқлол қадри, мустақилликни мустаҳкамлаш, ислоҳотлар моҳияти, шахс ва жамият маънавиятини юксалтириш сингари муҳим масалалар ижодкор публицистикаси бош мавзуларини ташкил этади.

Ўрта ва ёш авлод шоирларининг акса­рияти шеърият сирларини Абдулла Орипов ижодий лабораториясидан ўрганганларини эътироф этадилар. Бу миллий адабиётимизда Абдулла Орипов шеърияти мактаби шакллангани исботидир.

Абдулла Орипов 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республика­си Давлат мадҳияси матни муаллифидир. Унинг бутун ижоди, шунингдек, Давлат мадҳияси матни халқимиз қалбига мустақиллик ғояларини сингдиришда алоҳида аҳамият, куч-қудратга эга.

Шоир ижоди давлатимиз томонидан му­носиб тақдирланган: Унга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилган. Шоир давлат му­кофотлари совриндори бўлган. У ижод аҳли орасида биринчи бўлиб “Ўзбекистон Қаҳра­мони” унвони билан тақдирланган.

Абдулла Орипов ижоди халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф қозонган. Асарлари жаҳоннинг рус, инглиз, немис, араб, форс, япон, корейс, болгар, турк, украин, тожик, туркман, озарбайжон сингари кўплаб тил­ларига таржима қилинган. 2007 йили “WIPO Creativity Award” олтин медали билан муко­фотланган. Япониянинг Сока университети профессори, Калифорния (АҚШ) Фан, таъ­лим, саноат ва санъат халқаро академияси­нинг ҳақиқий аъзоси, фахрий “Италия юлду­зи” халқаро ордени билан тақдирланган.

Абдулла Орипов биринчи ва иккинчи чақириқ Олий Мажлис депутати, Сенат аъ­зоси сифатида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг қонуний асосларини такомиллаштириш ишида фаол иштирок этди.

2017 йили Президентимиз Шавкат Мир­зиёев ташаббуси билан Қашқадарё вилояти­нинг Қарши шаҳрида Абдулла Орипов ижод мактаби ташкил этилди. Унда бадиий ада­биётга, ижодга иқтидорли ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олаётгани шоирнинг номи, ижодий меросини тарғиб қилиш билан бир­га, ёшларни устоз адабий дарсхонаси илму сирларини чуқур ўрганишлари, юксак маъ­навиятли шахслар бўлиб улғайишлари учун катта имкониятдир.

Юртбошимизнинг 2020 йил 2 декабрда­ги Қарори билан 2021 йилда атоқли шоир Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланадиган бўлди.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ори­повнинг бетакрор, ғоявий-бадиий жиҳатдан етук асарлари авлодлар қалбидан жой олиб, уларни энг гўзал фазилатлар руҳида тарбия­лайди, дунё маънавий хазинасининг дурдо­налари бўлиб қолаверади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//