Ғайбулла Раҳмонов


16:06 / 26.06.2024 208 0

1940 йил 11 сентябрда Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Хўжаҳайрон қишлоғида туғилган.

Кечки мактабни тугаллаб, ҳайдовчилик касбини эгаллаган.

1971 йилдан тумандаги жамоа хўжалиги пахтачилик бригадаси бошлиғи.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритди. Мустақиллик йиллари фермерлик ҳаракатининг фаол аъзосига айланди.

1999 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

2004 йилда вафот этган.

 

Ҳаёт мазмуни йиллар билан ўлчанмаганидек, абадийликнинг ҳам ўз мезонлари бўлади. Кимдир умри давомида халқ манфаати йўлида куч-ғайратини аямасдан меҳнат қилади. Шундай инсонлардан бири Хўжаҳайрон қишлоғида яшаган, пахтачилик, ғаллачиликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Ғайбулла Раҳмоновдир.

 

Ғайбулла Раҳмонов улғайгач, отасининг дала ишларига кўмаклашиш билан бирга, кечки мактабда 10-синфни тугатди. Кейинчалик махсус таълим олиб, қишлоғида биринчилар қаторида техника рулига ўтирди.

 

1971 йилдан бошлаб у бригада бошлиғи сифатида фаолият кўрсата бошлади. Табиатан меҳрибон, бироз ҳазилга мойил, тиниб-тинчимас, ташаббускор ва ўз ишига садоқатли бу инсондаги ғайрат-шижоат унча-мунча одамда учрамасди. Шунинг учун ҳам Ғайбулла Раҳмонов бошлиқ бригада аъзолари катта муваффақиятларга эришдилар. Ҳосилдорлик ва умумий хирмон яратиш бўйича тумандагина эмас, ҳатто вилоят бўйича ҳам юксак кўрсаткичларни қўлга киритишди. 80-йиллардан бошлаб унинг жамоаси 50 центнерчи сифатида довруғ таратди. Меҳнатлари эътироф этилиб, юксак мукофотларга лойиқ кўрилди.

 

Мустақиллик йилларида уларнинг фаолиятига янги мазмун кирди, меҳнатларининг самараси ўз халқи, Ватани манфаатлари учун асқатишини англаб, янгича руҳ ва иштиёқ билан ҳаракат қилишди. Мохир деҳқон даласининг пахта ва ғалладан ҳосили йил сайин юксак даражага чиқиб борди. Масалан, 1994 йилда Ғайбулла Раҳмонов бошлиқ бригада аъзолари 52 гектар ерга чигит қадаб, ҳар гектардан 39 центнердан пахта йиғиштириб олишди. Демак, ҳосилдорлик режадан бирданига 10 центнерга ошди. Ғайбулланинг номи илғорлар сафида тилга олинадиган бўлди, унинг ютуқлари сирига қизиқувчилар кўпайди. Бу кўрсаткичлар 1999 йилда энг юксак даражага кўтарилди. Шу йили Ғайбулла Раҳмоновга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилди. Ўша йилларда вилоят раҳбари бўлиб ишлаган Нуриддин Зайниев: «Ғайбулла ака деҳқончилик даласининг чинакам дарғаси, ер амалиётининг ўзига хос академиги улуғ билимдонидир», деганди. Ҳуррият йилларида Касбида, умуман, Қашқадарё вилоятида пахтачилик ва ғаллачилик соҳасида эришилган ютуқларга кимлар муносиб ҳисса қўшгани ҳақида гап кетгудек бўлса, албатта, биринчилар қаторида Ғайбулла Раҳмоновнинг номи ҳам тилга олинарди.

 

Меҳнат оддий деҳқон фарзандига юксак мартаба ва обрў келтирди. У эса бундай эътиборни масъулият билан қабул қилди. Фаол жамоатчи сифатида туман ва қишлоқдаги хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшишни бурчи деб билди. Пахтачилик билан бирга кичик тадбиркорлик ва саноат корхоналари ташкил этишга ҳам ҳаракат қилишди. Хўжаҳайрон қишлоғида сутни қайта ишлайдиган корхона қурилиб, сифатли маҳсулот бера бошлади. Шунингдек, темирчилик цехи, иссиқ нон ва нон махсулотлари тайёрланадиган комбинат, автомобилларга хизмат қиладиган устахона ва бошқа шунга ўхшаган кичик корхоналар қишлоқка фаровон шаҳарча қиёфасини берди. Ободончилик ишлари авж олди, одамлар замонавий турар жойлар қуриб, илғор турмуш тарзи урф бўлди

 

Қаҳрамон пахтакорнинг саъй-ҳаракати билан кам таъминланган оилаларга нафақа тайинланди, иш ўринлари яратилиб, фойдали меҳнатга жалб қилинди. Қишлоқдаги мактаблар ва бошқа таълим муассасалари доимий эътибор туфайли фаолиятини намунали ташкил этишга эришди. У ёшларнинг раҳнамоси-маслаҳатчиси, қолаверса, ўз ҳаёти билан уларга ўрнак эди.

 

Ғайбулла ака турмуш ўртоғи Пардахол ая билан 7 нафар фарзандни тарбиялаб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб етишти ришди. Айни пайтда уларнинг 30 нафарга яқин набиралари бахтиёр давримизда шодон яшамоқда. Қизлари Матлуба «Обод юрт» МФЙда оила ва хотин-қизлар бўйича мутахассис бўлиб ишласа, Маҳбуба 12-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи, Гулнора «Юксалиш замин кўрки» фермер хўжалиги иш юритувчиси, Санобар 34-умумий ўрта таълим мактаби олий тоифали ўқитувчиси, Ўғилхон «Ғайбулла Раҳмонов» фермер хўжалигида иш юритувчи. Олия эса Қарши педагогика касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.

 

Ғайбулла аканинг ўғли Ғолибжон ота ишини давом эттириб, «Ғайбулла Раҳмонов» фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келмоқда. Ғайбулла Раҳмоновнинг шогирдлари Сафар Шарипов, Эргаш Хўжамқулов, Бўрон Жумаев устозларининг эътиқодига содиқ қолиб, «Ёшлар келажагимиз, уларга деҳқончилик илмини ўргатиш шарафли вазифамиздир», дейдилар.

 

Қишлоғининг фахрига айланган, ибратли ҳаёти билан кўпларга намуна бўлган меҳнаткаш инсон, дала фидойиси Ғайбулла Раҳмонов 64 ёшида вафот этди. Қизи Санобар отаси хотирасига бағишлаган шеърида ёзади:

 

Анув канал Миришкорнинг ўнг ёнида

бир дала бор.

Унга доим ғалаба ёр,

унда отам нафаси бор.

 

Халқимизда «Инсон – азиз, хотираси ундан азиз», деган гап бор. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Ғайбулла акани яқиндан билар, уни чуқур ҳурмат қилар эди Хужаҳайронлик қаҳрамон ҳақида ардоқли шоиримиз илиқ фикрларни билдирганлар:

 

«Касби тумани ҳам мен учун азиз ва қадрдон гўшалардан биридир, чунки бу ерда, ҳатто боболарим ихлос қилган авлиё Султон Мирҳайдар ота ҳазратлари абадий уйқуда ётибди. Ғайбулла ака эл-юртига қаҳрамонона хизмат қилиб қўйган эди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг. Бир вақтлари баъзиларга ҳатто ваҳимали кўринган, заҳматли туюлган Қарши чўлида нақ эллик йил тупроқ кечишнинг ўзи бўладими?! Ғайбулла ака ана шу «қайсар», «инжиқ» тупроқ бағридан бир неча йил давомида пахтакор, бригада етакчиси сифатида юз тонналаб, минг тонналаб «оқ олтин» йиғиштириб олди. Ғайбулла ака билан кўп марта мулоқотда бўлганман. У мени ўзига яқин олиб, «юлдуздош укам», дерди. Мен ҳам меҳримни насия қолдирмай, шундай ёзганман:

 

Уйқаш бизнинг отларимиз.

Бир оз ўхшаш феълимиз ҳам.

Гапни чўзмай айтсам, акам,

Сиздай деҳқон Касбида кам!»

 

Таниқли журналист Юсуф Бердиев Ғайбулла Раҳмоновнинг ибратли ҳаёт йўли, инсоний фазилатлари ва қаҳрамонона меҳнатларини тасвирлаб, «Ўзингдан қўймасин, далам» номли тўплам яратган. Бу китобда қаҳрамонни яқиндан билган машҳур шоирлар, жамоат арбоблари, раҳбар ва пахтакорлар, қишлоқдошларининг хотиралари жамланган. Ўзбекистон Қаҳрамони Ғайбулла Раҳмоновнинг хизматларига эҳтиром сифатида Хўжаҳайрон қишлоғидаги маҳаллалардан бирига унинг номи берилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//