Атахан Аламатов


15:06 / 26.06.2024 234 0

1947 йил 6 мартда Андижон вилояти Марҳамат туманида туғилган.

Меҳнат фаолиятини тумандаги ширкат хўжалигида ишчиликдан бошлаган.

1977–2004 йилларда пахтачилик бригадаси бошлиғи, жамоа хўжалиги раиси,

2004–2007 йилларда эса «О.Алматов» фермер хўжалиги раҳбари лавозимларида ишлаган.

1992 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор».

1999 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан такдирланган.

2007 йилдан нафақада.

 

Атахан Аламатов Жанубий Фарғона каналининг юқори қисмида, Қирғизистон Республикаси билан қўшни ҳудудлардаги қадрдон даласида кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, устозларининг ўгитлари асосида меҳнат қилган, деҳқончиликнинг машаққатли нонини ҳалоллаб еган, ўзгаларга ўрнак бўлган миришкор деҳқондир.

 

У 1999 йилдан У.Қорабоев номли жамоа хўжалигига қарашли 170 гектар майдондан иборат бўлган 10-пахтачилик бригадаси бошлиғи бўлиб фаолият юритди. Шу даврда 100 гектар майдонга пахта, 70 гектар майдонга бошоқли дон экиб, меҳнат шартномасини бажариш билан бирга, пахта ҳосилдорлигини 40 центнерга, буғдойни эса ҳар бир гектар майдондан 74 центнерга кўтарди. Бу натижалар нисбатан юқори кўрсаткич ҳисобланарди. Демак, у пахта ва ғалла етиштиришда алоҳида ўрнак кўрсатган уста деҳқон сифатида қадрлидир.

 

Атахан Аламатов меҳнат фаолияти давомида дехқончилик касбини пухта эгаллаган ташкилотчи, топшириқларни бажаришга одамларни сафарбар эта оладиган қобилиятга эга. Хизмат вазифасига доир масалаларни тўла-тўкис бажаришга интилиши билан танилган. Ҳозирги кунда ҳам устозлари ва ҳаётдан олган ўгитлари асосида маҳалладаги ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмокда. Келажагимиз эгаларини она юртини севиш, ўзи ишлаётган корхонага ва касбдошларига меҳр билан ёндашиб, ҳалол меҳнат қилишга ундаётган устоз ҳамдир. У миришкор деҳқон, жонкуяр, фидойи инсон сифатида туман фаоллари ва аҳоли ҳурматини қозонган.

 

Атахан Аламатовнинг мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, республикамизда ғалла мустақиллигини таъминлашдаги улкан ишлари ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик ҳалол хизматлари ҳамда жамоат ишларида фаол иштироки муносиб тақдирланди. Атахан Аламатовга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор» фахрий унвони берилди.

 

Бу эътироф унинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди. Фермер хўжалигини кўп тармоқли жамоага айлантириш учун тинмай меҳнат қилди. Ҳосилдорлик ва маҳсулдорликни ошириб борди.

 

– Мен Атахан билан 10 йил бир синфда ўқиганман, – дейди Мамасидиқ Маматалиев. – Мана, ишдаям биргамиз. Раҳматли отаси ҳам хўп яхши одам эди-да. Қадами даладан узилмас эди. «Эсларингда бўлсин, ерни сийланглар, ер ҳаммани боқади, кийинтиради» деганлари деган эди. Энди билсак, Ҳожи ота ҳақ гапни айтган эканлар. Балиқ сув билан, қуш қаноти билан тирик бўлгани сингари одам ҳам еру сувсиз, меҳнатсиз яшай олмас экан. Ҳар кимнинг ўз бахти, омади бор. Бироқ ўша омад замирида покиза ниятларга, орзу-умидларга қоришиқ бетиним меҳнат ётади. Атахан тонгларни далада қаршиламаганида, саратон жазирамаси олов пуркаётган кезлари ҳар бир ниҳол атрофида парвона бўлиб, бутун вужудини қуёш селига чўмилтирмаганида, эрта баҳордаги узлуксиз ёмғир, жала, сел остида шалаббо бўлиб, буғдойзорни бегона ўтлардан тозаламаганида бугунги дил равшанлик, ўктамлик, юзи ёруғлик қаерда эди? Атаханнинг кўзи деҳқончиликда пишиб, суяги далада қотганки, она-замин уни «очил дастурхон»и билан сийлаётганининг боиси шунда.

 

– 38 йил бўлди кетмонни елкасига ташлаб далага чиққанига, кўнгли тўлиб ҳикоя қилади пахтачилик бригадаси бошлиғи Қурбонали Пармонов. У билан тенгқурмиз. Мен сизга айтсам, Атахан ҳалол, меҳнаткаш йигит. Унинг ҳар йили улоқни ўзида олиб кетаётганига борман-да. Қаранг, бурунги йили салкам 79, ўтган йили 84, бу йили 87 центнердан ғалла олди.

 

Режа бўйича 3 йилда 983 тонна ғалла ҳосили олишни мўлжаллаган эди, ҳисоб-китоб қилади М. Маматалиев, аслида қанча бўлди денг? Аламатовлар давлатга 1450 тонна дон топширдилар. Ҳаммаси уруғликка. Улар ғаллани йиғиштириб олишгач, дўппини чамбарак қилиш ўрнига ўзларини пахтага уришди. Бу юмушниям қойил қилишяпти, азаматлар. Ўтган йили оғир шароитда ҳам гектар ҳисобида 43 центнердан ҳосил олинди.

 

Марҳаматда ўз меҳнати билан эъзоз топган улуғ зотлар кўп. Уларнинг сафида моҳир пахтакор, жонкуяр мураббий Атахан Аламатовнинг ўз ўрни бор. Унинг ҳаёт йўли фарзандларига, барча ёшларга ўрнакдир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//