Абдували Абдураҳимов


15:06 / 26.06.2024 192 0

1935 йил 5 июнда Наманган вилояти Чортоқ тумани Короскон қишлоғида таваллуд топган.

Меҳнат фаолиятини 1953 йили Чортоқ туманидаги ширкат хўжалигида бошлаган.

1964-2003 йилларда шу хўжаликда бош пудратчи бўлиб ишлаган.

1999 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

2003 йилда вафот этган.

 

Абдували Абдураҳимов меҳнат фаолиятини ширкат хўжалиги аъзолигидан бошлаб, 1964-2003 йилларда ушбу ширкат хўжалигида бош пудратчи вазифасида ишлаган.

 

У ўзининг меҳнатсеварлиги, янгиликка интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва бой тажрибаси билан туман, вилоят фаоллари ўртасида катта обрў-эътиборга эга бўлган.

 

Ўзига нисбатан талабчанлиги учун берилган топшириқ ва режаларни муддатидан олдин бажариб, мамлакатимизда ғалла мустақиллигини мустаҳкамлаш, пахтачиликда юқори ҳосил етиштириш борасида ўзига хос тажриба мактабини яратишга муваффақ бўлди ва катта ютуқларни қўлга киритди.

 

У меҳнат фаолияти давомида деҳқончилик маданиятини юксалтириш, ердан шунчаки ҳосил олиш эмас, ундан унумли фойдаланиш сир-асрорларини ўрганишга жиддий эътибор қаратди ва салмоқли натижаларга эришди.

 

Абдували Абдураҳимов тажрибали раҳбар сифатида элнинг эътиборини қозониб келди ва ўз жамоа аъзолари билан бир оиладек меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳиссасини қўшган инсонлардан бири ҳисобланади.

 

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган пахтачилик ва ғаллачилик соҳаси оддий деҳқончилик ишидек кўринса-да, унинг ўзига хос меҳнат ва машаққатлари бор. Абдували Абдураҳимов мана шу машаққатли меҳнатни мардонавор енгиб, ер билан тиллашиб ва агротехника қоидаларини илмий жиҳатдан чуқур таҳлил қилиб, катта ютуқларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. У пахта ва ғалладан олинадиган ҳосилдорликни интенсив равишда ошириб боришда юқори натижаларга эришди. Ҳар йили белгиланган пахта ва ғалла топшириш режасини ортиғи билан адо этиб, нафақат туманда, балки вилоятда ва республикада катта ютуқларни қўлга киритган етук қишлоқ хўжалиги ходими сифатида танилиб борди.

 

Абдували Абдураҳимов илғор фермер хўжалиги раҳбари бўлиши билан бирга, меҳрибон, ҳалолликда фарзандларига ўрнак бўла оладиган ота, жонкуяр умр йўлдош ҳам эди. Турмуш ўртоғи Турсуной ая билан 6 нафар фарзандни меҳнаткаш, ҳалол, эл-юрт равнақига хизмат қиладиган инсонлар қилиб вояга етказди. Бугун улар эл ичида отасига раҳмат олиб келаётган фарзандлардан ҳисобланади. Бири шифокор, бири қишлок хўжалиги яна бири фармацевтика соҳасида бўлишига қарамай, оилада ризқни меҳнатдан, баракани томорқадан топган мехнатсевар оила эгаларининг сафидадир. Абдували Абдураҳимов устоз сифатида ҳам ўз шогирдларини фарзандларидек ардоқлар, уларга ҳам соҳа, ҳам ҳаёт сабоқларини чин дилдан ўргатишга интиларди. У қишлоқ хўжалиги соҳаси учун 40 дан ортиқ муносиб шогирдлар тайёрлаган. Ҳозир бу шогирдларнинг барчаси ҳалоллик, меҳнаткашлик, изланувчанликни ўзларига дастуруламал қилиб олган, устозга муносиб фаолият олиб бормоқда. Абдували Абдураҳимов сахий инсонлардан эди. У ҳудуддаги кам таъминланган, якка-ёлғиз, қаровчиси йўқ оилалардан ўз саховатини аямай келган. Энг муҳими эса бу ишларининг биронтасини элга «достон» қилмасдан, чин дилдан, виждон амри билан амалга оширган саховатпеша инсонлардан ҳисобланарди. Эл корига яраш, қишлоқдошларининг кам-кўстини тўлдиришда ўзини дастёр деб билган камтар инсоннинг азиз хотираси бугун уни билган кишилар қалбида соғинч туйғуларини, эзгу хотираларини жонлантиради. Аслида, инсон боласидан қоладиган энг катта мерос, туганмас бойлик, абадийлик нишонаси шу бўлса, не ажаб...

 

«Меҳнат қилган элда азиз» иборасининг исботини Абдували Абдураҳимов мисолида кўришимиз мумкин. Унинг қишлоқ хўжалигида эришган ютуқлари ҳисобга олиниб, Ватанимизнинг юксак мукофоти – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган. Қаҳрамоннинг хотирасини қишлоқдошлари ардоқлаб келмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//