1950 йил 6 августда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида туғилган.
1973 йилдан тумандаги Рўзиқул Махманов номидаги жамоа хўжалигида механик, агроном,
2000–2008 йилларда шу хўжалик бошқаруви раиси бўлиб ишлаган.
2008 йилдан фермер хўжалиги бошлиғи.
1999 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан мукофотланган.
Ўн саккиз ёшида вилоятдаги қишлоқ хўжалигини механизациялаш техникумига ўқишга киради. Техникумни битириб, ўз йигитлик бурчини ўташ учун 1971 йилда ҳарбий хизматга кетади. Хизматдан қайтгач, тумандаги Рўзиқул Махманов номидаги жамоа хўжалигида дастлаб механик, сўнгра ҳудуд агрономи сифатида иш бошлайди. Агрономлик касби унга ер билан тиллашиш санъатини ўргатди. Ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида ўз соҳаси бўйича бирмунча тажрибага эга бўлгач, ушбу жамоа хўжалигида ғаллачилик бригадаси бошлиғи этиб тайинланади. Соҳа бўйича билим ва кўникмасини такомиллаштириш мақсадида Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг сиртқи бўлимига ўқишга киради.
Ҳам назарий таҳсил, ҳам амалий меҳнат Дўсмират Абдуллаевнинг билим, малакаларини мукаммаллаштирди. 2000 йилдан ўзи ишлаб келаётган жамоа хўжалигига раис бўлди. Жамоа хўжаликлари тугатилаётганда умуммулкини тақсимлаш муаммоси пайдо бўлди. Шундай пайтда Дўстмират Абдуллаев жамоа хўжалигига тегишли бўлган техника ва бошқа мол-мулкларни бўлиб беришда адолат мезонига қаттиқ амал қилди.
Унинг ҳалоллиги ва ҳар соҳада эл манфаатини кўзлаб иш кўриши ўз фермер хўжалигини ташкил этиш ва бошқаришда қўл келди. 2008 йилда «Абдуллаев Дўстмират Султонович» фермер хўжалиги фаолиятини бошлайди. Қаҳрамонимиз ер билан тиллашиб, агротехника талабларига қатъий амал қилганлиги натижасида юқори ҳосилдорликка эришди. Шунингдек, унинг тадбиркорлиги туфайли ўндан ортиқ қишлоқдошлари иш билан таъминланди. Фермерлик янги соҳа бўлиб, анчагина изланишни, машаққатли меҳнатларни талаб қилса-да, у ижтимоий фаолият билан ҳам мунтазам шуғулланди. Дўстмират Абдуллаев юртимизни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшишни истайди. Тажрибали деҳқон уч маротаба кетма-кет Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига депутат бўлиб сайланди ва юртдошларининг муаммоларини имкон қадар бартараф этишга ҳаракат қилди.
Эл орасида Дўстмират аканинг иккинчи исми – «Раис бобо». Қишлоқда каттаю кичик унга ўзининг кўмакчиси, ишончли одами сифатида қарайди, шу боис Дўстмират раис ҳанузгача кўпчиликнинг оғирини енгил қилиш йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилиб келмоқда.
Турмуш ўртоғи Жонгул ая билан етти фарзандни эл корига ярайдиган меҳнаткаш ва ҳалол кишилар қилиб улғайтиришди. Ота-онасидан ҳалоллик, меҳнатсеварлик, эл ишига фидойилик, меҳр ва оқибат фазилатларини ўзлаштирган фарзандлар бугун қаҳрамон отага муносиб яратувчанлик фаолияти билан банд. Қишлоқдошлар бу оилани ўсиб келаётган болалари учун намуна, ибрат мактаби деб билади.
«Абдуллаев Дўстмират Султонович» фермер хўжалиги тумандаги энг илғор хўжаликлардан бири. 70 гектардан зиёд майдонда турли экинлар парваришланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича ўзига хос ютуқларга эришилмоқда. Ғаллачилик, чорвачилик соҳасида замонавий технологиялар қўлланилиб, йилдан-йилга ҳосилдорлик ошмоқда.
Раис бобо ҳар йили эҳтиёжманд маҳалладошларига буғдой ва бошқа маҳсулотлар тарқатишни одат қилган. Дўстмират Абдуллаевнинг яна бир фазилати бор: у ижтимоий ҳимояга муҳтож қишлоқдошларига шунчаки кўмаклашиш билан чегараланмайди, балки уларни ҳам тадбиркорликка ундайди. Унинг фикрича, ҳар бир оилада ота-оналар фарзандлари ўз замонасининг комил кишилари бўлиб етишиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб бера оладиган имкониятларга эга бўлсин.
Дўстмират Абдуллаев омилкор деҳқон, ишнинг кўзини биладиган тадбиркор, бахтиёр ота ҳамда ижтимоий фаолликда ҳам, ўз фикр-мулоҳазаларига эга бўлган халқпарвар инсон сифатида ҳам катта ҳурмат-эътибор қозонди. Ана шундай фазилатлар эгаси давлатимиз эътиборига тушди. Фидокорона меҳнатлари муносиб тақдирланиб, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан мукофотланди.
//
Изоҳ йўқ