1948 йил 5 октябрда Сирдарё вилояти Гулистон туманида таваллуд топган.
1969 йилдан Гулистон туманидаги 60-қурилиш корхонасида ишчи,
1975–1981 йилларда Гулистон тумани 3-механизациялашган кўчма колонна қурилиш устаси бўлиб ишлаган.
1981–1998 йилларда «Сирдарёжамқурилиш» акциядорлик жамиятининг 49-механизациялашган кўчма колоннаси бригада бошлиғи вазифасида меҳнат қилган.
1998 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
Йироқдаги манзилни яқин қиладиган омил нима? Албатта мақсад, меҳнат, интилиш! Зинанинг энг юқорисига чиқиш учун ҳам, аввало, дастлабки пиллапоялар босиб ўтилади. Каҳрамонимиз мактабдан сўнг ҳарбий хизматни тугатгач, илк иш фаолиятини Гулистон туманидаги 60-қурилиш корхонасида оддий ишчи бўлиб бошлади.
Ўша пайтлар Сирдарёда ўзгаришлар катта, ҳудуддаги сувсиз чўллар ўзлаштирилиб, янги ҳаёт йўлга қўйилаётган эди. Қаҳрамонимиз зиммасига айнан сув келтиришдек хайрли юмуш тушди – қақраган ерларга тириклик улашиш. Анвар Қурбонов 1969–1975 йилларда Гулистон туманида «Дўстлик» канали, кўплаб сув ва ирригация тармоқлари ҳамда ижтимоий объектлар қурилишида фаол иштирок этди.
Интилганга толе ёр, деб бежиз айтилмайди. Ўз касбининг устаси бўлиб етишган Анвар Қурбонов Гулистон тумани 3-механизациялашган кўчма колонна қурилиш устаси, «Сирдарёжамқурилиш» акциядорлик жамиятининг 49-механизациялашган кўчма колоннаси бригада бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилди. Шу йиллар давомида у Гулистон шаҳри, Гулистон ва Сайхунобод туманларида тураржойлар, таълим муассасаларининг барпо этилишида жонбозлик кўрсатиб, эл ҳурмати ва олқишига сазовор бўлди.
Оддий иморат ҳам фақат ўй-хаёл ва орзунинг ўзи билангина бино бўлиб қолмайди. Шу маънода, истиқлолимиз амалий саъй-ҳаракатлар билан йилдан-йилга кўркам, ўктам бўлиб бормоқда, гўзал бинолар унга зеб бермоқда. Мустақил Ўзбекистон бунёдкорлигида фаол қатнашган Анвар Қурбонов 1998 йили Гулистон шаҳрида барпо этилган «Алпомиш» спорт мажмуаси ва кўп қаватли тураржойлар қурилишида ҳам бригадага бошчилик қилди.
Жамоа ишчилари катта-кичикка бирдек меҳрибон, ғамхўр Анвар ака билан елкама-елка меҳнат қилаётганларидан фахрланишади.
Фидокорона меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Анвар Сарманович Қурбонов «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.
Улуғ бобомиз Амир Темур ўз даврида жуда кўп бинолар қурдирган. Улар узоқ йиллар мамлакат кўрки ҳисобланган. Бугунги Сирдарёнинг гўзал қиёфасини ҳам чиройли бинолар безаб турибди. Биноларга боқиб, беихтиёр улуғ бобомизнинг ушбу сўзлари ёдга келади: «Агар бизнинг қудратимизга шубҳангиз бўлса, биз қурдирган иморатларга боқинг».
«Инсон қўли гул», деганлари шу бўлса керак-да. Анвар Қурбоновнинг кимлигини билмоқчи бўлсангиз, буни унинг бошчилигида қад ростлаган бинолардан англаш мумкин. Унинг иш фаолиятига разм солсангиз, йиллар ортида машаққатли меҳнат ётганини кўрасиз. 2005–2015 йилларда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ирригация бошқармаси иш бошқарувчиси лавозимида юракдан меҳнат қилди. Заҳматкаш қаҳрамонимиз бу ерда ҳам ўзининг меҳнатлари орқали жамоанинг ҳурмат-эътиборини қозонди.
Халқнинг ишончли вакили сифатида 2015 йилда Анвар Қурбонов Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгаши депутати этиб сайланди. У меҳнат фаолиятини қурилиш соҳасига бағишлади, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди.
Ҳозирги кунда Анвар ака нафақада, 12 нафар набира ва чевараларнинг меҳрибон бобоси. У шундай кунларга шукроналар айтиб, фарзандлари ва набиралари қуршовида бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, Анвар Қурбоновнинг халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлиги йўлидаги меҳнатлари ҳақиқий қаҳрамонликдир. Бу, албатта, ёш авлодни тарбиялашда намуна бўлиб хизмат қилади.
//
Изоҳ йўқ