1954 йил 1 январда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида туғилган.
1975 йилдан Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 80-автокорхона ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.
1977-2005 йилларда «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» очиқ акциядорлик жамиятининг Қалмоққир кони экскаватор машинисти ёрдамчиси ва машинисти бўлиб меҳнат қилган.
1998 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
2005 йилдан нафақада
Tурдиевлар хонадони аъзолари ҳам Тошкент вилоятининг Бўка туманида деҳқончилик билан шуғулланадиган ҳалол ва меҳнаткаш деҳқонлардан эди. Отаси Ибодулла ака ризқини даладан топган, кейинчалих фермер хўжалиги тузиб, пешона тери билан кун кечирган, оддий колхозчидан йирик фермер хўжалигининг раҳбари даражасига кўтарилган омилкор инсон эди. Онаси Каромат ая уй бекаси фарзандлар тарбияси билан банд бўлган. Ҳа, отаси кечаю кундуз далада тер тўкди. Уй бекаси деган ном – бу аёл, яъни кўп болали она учун мутлақо дам олиш кунисиз ишлаш деганидир, серфарзанд оилада ҳар икки кунда 20 донадан ортиқ нон ёпилиши, кир ювилиши, дазмол қилиниши, каттакон ҳовлини саранжом тутиш демакдир. Бундан ташқари, ҳар эрталаб 5 бош сигирни соғиш, сутларни пишириб, ёғини ва қаймоғини ажратиб олиш ҳам уй бекасининг юмушларига киради. 50 дан ортиқ паррандаларни боқиш, уйдаги янги туғилган бузоқлар ва қўй-қўзилар парвариши ҳам хонадоннинг рўзғорига барака киритади. Жонсаит ана шундай оилада улғайди.
Жонсаит акалари Парпи ва Мирсаитлар билан биргаликда ҳали мактаб ёшидаёқ онасига кўмакчи бўлишди. Улар ўзларидан кичик 4 нафар укасини катта қилишда онасига яқиндан ёрдам берди. Мактабни битиргач, йигитлик бурчини ўташ учун ҳарбий хизматга бориб келди ва шу билан унинг катта ҳаётдаги фаолияти бошланди. Дастлаб Олмалиқдаги 3-автокорхонада ҳайдовчи бўлиб ишлади. 1977 йилдан бошлаб унинг ҳаёти ва фаолияти Олмалиқ кон-металлургия заводи билан боғлиқ бўлди ва бутун куч-қудратини, имкониятини шу ишга сарфлади у қадрдон комбинатида экскаватор машинисти бўлиб иш бошлади.
Йиллар кетма-кет ўтаверди. Уйланди, фарзандли бўлди. Катта оиланинг бошлиги Жонсаит бор куч-қуввати ва ақл-идрокини севимли касбига қаратди. Турмуш ўртоғи Сабринисо опа билан 5 ўғил ва бир қизни тарбиялаб, камолга етказдилар. Фарзанд тарбиясидек нозик ишга Жонсаит ака, албатта, вақт топарди.
– Оилада бола тарбиясини ҳеч қачон биргина онага ташлаб қўймаслик керак. Айниқса, бизнинг оиламизга ўхшаб кўпчилиги ўғил болалар бўлса, у ерда, албатта, қаттиққўл ота тарбияси муҳим ўрин тутади. Қайси оила мактаб ва маҳалла билан мустаҳкам ҳамкорликда иш олиб борса, ўғил бола тарбиясида муаммо бўлмайди, – дейди Жонсаит ака. – Сабаб, ота – бу, аввало, тарбиячидир, ўрнакдир. Моддий таъминлаш учун ҳам инсон тарбияли бўлмоғи керак.
– Ҳалол топилган маблағ қандай сарф қилинаётганига ўғил болани кичик ёшидан ўргатиш керак. Баъзан эзгу ишларга мажбурлаб ўргатилади. Баъзан намуна бўлиб кўрсатилади. Бир боланинг нотўғри тарбияси бутун бир жамиятга салбий таъсир қилиши мумкин. Шундай экан, унутмаслик керак, «Ота – оила устуни», дейилганда, у тарбиянинг оғир қисмини кўтариб туриши ҳам ҳисобга олинган. Шубҳасиз, устунларнинг ўзи суянчиққа зор бўлар экан, ундай оила барбод бўлмай иложи йўқ.
Ер қаъридан маъдан қазиб олиб, эл корига яратган инсоннинг маънавият хазинасидан топганлари шулар. Улардан фойдаланган киши кам бўлмайди.
Жонсаит ака Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли Қалмоққир конида экскаватор машинисти бўлиб меҳнат қилди. Соҳадан унча-мунча хабари борлар жуда яхши билишадики, экскаватор машинисти бўлиб ишлаш одамдан ўта сезгирлик ва бардош талаб қилади. Энг қалтис паст-текисликлар, нишаб жойлар оралаб, аниқ режа билан ишни бажариш керак. Қудратли техникани ўзингга бўйсундириш учун аввал ўзинг меҳнатсевар бўлишинг керак. У умр бўйи шундай ишлади. Ҳозирда ишини давом эттираётган шогирдлари республикамизнинг кон-металлургия саноатида муваффақиятли иш олиб бормоқдалар.
Жонсаит Турдиев Ватанимизнинг энг олий мукофоти билан тақдирланганда, ўзини дунёдаги энг бахтли одам деб билди.
Ҳозирда нуронийлик гаштини суриб, набиралар ардоғида юрган азиз инсонга барча ҳавасда. Биз унга «Умрингиз узун бўлсин, меҳнатдан саодат топган ҳазрати инсон», деймиз.
//
Изоҳ йўқ