1947 йил 14 январда Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) туманида туғилган.
Меҳнат фаолиятини 1958 йилда бошлаган.
1964 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги техникумига ўқишга кирган.
1990–1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутати, 2005–2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси бўлган.
1998 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган.
Парда аканинг болалиги пахта далаларида ўтди. Ҳаётда ер билан ҳар ким ҳар хил тиллашади. Кимлардир ер ишини ўзи учун заҳмат деб билади. Яна бир тоифа одамлар борки, ернинг тилини, илмини ўрганади, меҳнат қилиб завқланади, ерга уруғ қадаб, ҳосилини олиб ҳузурланади. Экин навларининг сир-синоатларини билиб, хулоса чиқаради, тинмай кузатади, тажрибасини бошқаларга ўргатади. Парда аканинг падари бузруквори ҳам шундай фидойи инсонлардан бўлган эди, ерга муҳаббат унга отасидан ўтган.
Уни тақдир Самарқанд қишлоқ хўжалиги техникумига бошлади. Ҳарбий хизматни адо этиб келгач, ярим асрдирки, дала ишлари билан банд бўлди, ўз бахтини эгатлар орасидан излади.
Шўро давридаги дала ишларининг заҳмати элга маълум. Деҳқоннинг косаси оқармас, топгани сувга оққандай гап эди. Парда ака тунларни тонгга улаб, бригада бошлиғи бўлиб ишлаган кезлари йиллар давомида тўплаган энг катта бойлиги пахта ҳосилдорлигини ошириш юзасидан орттирган тажрибаси бўлди. Мамлакатимиз мустақилликка эришиб, деҳқоннинг меҳнати чинакамига қадрини топа бошлагач, тадбиркорликка кенг йўллар очилгач. Парда Зиятов «Қуёшсевар Парда» фермер хўжалигини ташкил этди. «Қуёшсевар Парда» иборасининг ўзида ҳам унинг соҳиби ёзнинг жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам даладан бери келмайдиган киши эканлиги, унинг заҳматкаш меҳнати ўз аксини топган. Меҳнатда тобланган бу чайир инсон пахта, ғалла, чорвачиликда бошқа тадбиркорларга ҳам ўрнак бўлди, номи элга танилди. Дала фидойисининг ҳалол меҳнатлари муносиб тақдирланиб, камдан-кам инсонга насиб қиладиган «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди.
Парда Зиятов вилоятдаги энг тажрибали қишлоқ хўжалиги мутахассиси ва омилкор фермерлардан ҳисобланади. Меҳнатсеварлиги ва деҳқончилик сирларини яхши ўзлаштирганлиги билан эл ҳурматини қозонди. Оддий қишлоқ йигити Яратган зуваласига ато қилган қобилиятни истифода этиб, қатъий ҳаракатлари оқибатида юксак ютуқларга эришди. Бу ҳолни, аввало, тақдир инояти, қолаверса, ота-боболар панд-насиҳатига амал қилиш қадриятларга ҳурмат ва тинимсиз меҳнат маҳсули, деб билди.
Қаҳрамонимиз ҳозир ҳам вилоятдаги фермерларга экин майдонларининг тупроқ унумдорлигини ошириш, юқори ҳосилдорликка эришиш борасида амалий ёрдам кўрсатишдан чарчамайди. Жумладан, ҳудуддаги ҳосилдорлиги паст бўлган фермер хўжаликларига аниқ амалий ердам кўрсатиши натижасида сўнгги беш йилда тумандаги барча хўжаликларнинг ҳосилдорлиги ўсишига эришилмоқда.
Отахон айни пайтда кексалик гаштини сурмоқда. Шароф Рашидов туманида ўтказиладиган барча тадбирлар ва учрашувларда мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, халқимиз қўлга киритган ютуқларни кенг тарғиб қилиб келади.
Фидойилиги, жонкуярлиги ва ташаббускорлиги билан кўпчиликка ўрнак. У узоқ йиллар Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида элу юрт фаровонлиги учун хизмат қиладиган қонунчилигимизни такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшди. Шунингдек, фаолияти давомида бир неча марта Шароф Рашидов тумани кенгаши ҳамда вилоят кенгаши депутатлигига сайланиб, тўплаган тажрибаларини ёшларга ўргатди, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Ҳозирги пайтда Парда ота Зиятов ўзи истиқомат қиладиган маҳалла фаолларидан бири. Ҳожи ота нафақага чиққанидан кейин ҳам маҳалладошлари орасида ёш авлод тарбияси, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқимиз ҳаётидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини тарғиб қилиш ишлари билан машғул.
//
Изоҳ йўқ