Машарип Қувақов


17:06 / 24.06.2024 194 0

1938 йил 13 майда Хоразм вилояти Боғот туманида таваллуд топган.

1991-2003 йилларда «Боғот» жамоа хўжалиги бошқаруви раиси бўлган.

1993 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони,

1997 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

2003 йилда вафот этган.

 

Меҳнат фаолиятини 1955 йили Боғот туманидаги Mашарип Наримонов номидаги жамоа хўжалигида ҳисобчи вазифасидан бошлаган. 1965–1970 йилларда ушбу хўжаликнинг бош иқтисодчиси, 1986–1991 йилларда вилоят агросаноат давлат қўмитаси биринчи ўринбосари. 1991 йилдан умрининг охиригача «Боғот» жамоа хўжалиги бошқаруви раиси бўлган.

 

Машарип Қувақов тажрибали, қатъиятли, ташаббускор, изланувчан раҳбар эди. Хоразм вилоятида қишлоқ, хўжалиги ишлаб чиқаришининг билимдон ва тажрибали иқтисодчиларидан ҳисобланарди.

 

У 23 йил давомида раҳбарлик қилган жамоа хўжалиги вилоятнинг иқтисоди бақувват, юқори ҳосилдор, илғор янгиликлар, фан тавсиялари кенг жорий қилинган намунали хўжаликларидан бири бўлган. Машарип Қувақов иш бошлаган 1974 йилда хўжаликда 1000 гектар майдонга шоли экилган бўлса, 1996 йилда суғориладиган ерлари 2556 гектарни ташкил қилиб, шоли ва буғдойнинг ўртача ҳосилдорлиги 50 центнерга етган.

 

Тажрибали деҳқон агротехника қоидаларига кўра ҳар йили 3–4 маротаба ерларнинг шўрини ювишни жорий қилган, зовурлар тозаланиб, ерлар захланишининг олди олиниши, маҳаллий ўғитдан самарали фойдаланиши натижасида жамоа хўжалиги ер майдонини ўртача 50 балл бонитетдан 57 балл бонитетига кўтаришга эришган.

 

Машарип Қувақов Республикада биринчи бўлиб кузги буғдойдан бўшаган майдонларга шоли кўчатини ўтқазиш усулини муваффақиятли амалга оширган. Натижада ҳар гектар ердан 50 центнердан буғдой, такрорий экин шолидан 60 центнердан ҳосил олинган. Хўжаликда буғдой-шоли, пахта экиш схемасини жорий қилган. Натижада хўжаликнинг рентабеллиги сезиларли даражада ошган. Бу илғор унумдор усул вилоятга кенг жорий қилинган.

 

Хўжаликда чорвачилик ҳам ривожлантирилди, аҳолига гўшт, сут, тухум етказиб бериш режалари ортиғи билан бажарилди, ўша йиллари хўжалик аъзолари ихтиёрига 2000 бошдан зиёд йирик шохли қорамоллар берилди.

 

Хўжаликда саноат соҳасида ҳам ютуқларга эришилган: ғишт заводи, мой ишлаб чиқарадиган жувоз, шоли ва ун тегирмонлари, сутни қайта ишлайдиган кичик завод, мева қуритадиган цеҳ, мева ва сабзавотлардан консервалар тайёрлайдиган завод ташкил этилиб, улар зарур техник воситалар билан жиҳозланган. Бу завод ва цеҳларда маҳалла ва қишлоқнинг 400 нафарга яқин ёшлари иш билан таъминланган. Хўжаликда боғдорчилик, полизчилик ҳам ривожланди, 200 гектар майдонда янгидан боғлар ташкил қилиниб, водийдан кўчатлар олиб келинди. Хўжалик аъзоларига қулай шароитлар яратиш мақсадида янгидан мактаб, боғча ва ҳаммом, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилди.

 

Миришкор деҳқоннинг илмий муассасалар, университетлар билан сифатли навлар етиштириш, ерга ишлов беришда замонавий техникалардан тўғри фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш борасидаги ҳамкорлиги самарали натижасини берган. Тошкент шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари билан биргаликда Жанубий Кореядан кўчат ўтқазиш техникасини олиб келган. Академик Остон Жалилов билан ҳамкорликда ғўзанинг «Меҳнат» навини ихтиро қилган.

 

Машарип Қувақов Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг депутати сифатида туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхона ва ташкилотлар фаолиятини ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, чорвачиликда сервис хизматлари ва наслчиликни яхшилаш, ҳудудларда паррандачилик, балиқчиликни ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда фаол иш олиб борган. Туман марказий шифохонасининг болалар бўлимини хўжаликда етиштирилган гўшт, сут, мева, полиз маҳсулотлари билан таъминлаган.

 

Машарип Қувақов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони, «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони билан тақдирланган.

 

Ўзбекистон Қаҳрамони Машарип Қувақов яратган боғлар меваларидан ҳамон одамлар баҳраманд, уни шогирдлари, фарзандлари миннатдорлик билан эслайдилар, фазилатларини ибрат қилиб сўзлайдилар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//