Холхўжа Умаров


15:06 / 24.06.2024 196 0

1955 йил 2 февралда Тошкент шаҳрида туғилган.

1972 йили Наманган қурилиш билим юртини тамомлаган.

Муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган бинолар қурилиши ва тарихий шаҳарларимиздаги ёдгорликларни таъмирлашда фаол иштирок этган.

1997 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

2020 йилда вафот этган.

 

Қурувчилик Умаров Хопхўжа Мукарамовичга отамерос касб. Етук қурувчи-уста бўлиб улғайишида отасининг ўрни ва таъсири катта бўлди.

 

Холхўжа Умаров 1977 йили ўрта мактабни тугатганидан сўнг «Тошкент уй-жойинвестқурилиш» корпорациясига қарашли «Тошкент махсус пардоз қурилиш» акциядорлик жамиятида сувоқчи уста бўлиб иш бошлади. Шу ерда тажриба орттирди. моҳир қурувчи-уста сифатида шаклланди. У пардоз берган иншоотлар ўз сифати ва кўрки билан ажралиб турарди. Йиллар сайин касбий маҳорати, шу билан бирга, обрў-эътибори ҳам ошиб борган йигит сувоқчилар бригадаси бошлиғи этиб тайинланди. У раҳбарлик қилган бригадага нафақат пойтахтимиз, балки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги йирик объектларнинг қурилиш-монтаж ишлари ишониб топширилди, улар ўз муддатида, сифатли қилиб бажарилди. Холхўжа Умаров ўз бригадаси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги. «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси бинолари сингари Йирик объектлар қурилишида иштирок этди. Давлат аҳамиятига эга бўлган бу идора ва ташкилотларнинг кўркам, замонавий қиёфаси бугунги кунда ҳам пойтахт ҳуснини безаб турибди. Бутунлай янгиланган Тошкент ҳайвонот боғи эса тошкентликлар ва шаҳар меҳмонларининг севимли масканларидан бирига айланган. Моҳир уста пойтахтимиздаги барча йирик концерт залларини безаш ишларида қатнашди. Унинг қўлидан чиққан пардоз-безак ишлари устанинг нозик диди, эстетик маданиятидан далолат бериб туради.

 

Холхўжа Умаров Ватанимизнинг тарихий шаҳарлари – Бухоро, Самарқанд, Хива, шунингдек, Тошкентда жойлашган ёдгорликларни реставрация қилиш, уларга иккинчи ҳаёт бахш этиш ишларида ҳам қатнашди. Энди бу обидалар халқимизни ва дунёнинг турли минтақаларидан ташриф буюраётган сайёҳларни оҳанрабодек чорлаб, мафтун этмоқда.

 

Холхўжа Умаровнинг бевосита маҳалла институти билан боғлиқ фаолияти ҳам ибратга лойиқ, У теран фикрлаши, жонкуярлиги камтаринлиги, хуш муомаласи, ташаббускорлиги, одамларни яхши ниятлар йўлида бирлаштира олиши билан аҳоли ўртасида ҳурмат қозонди. Шунинг учун у 2003 йилда Тошкент шаҳри Сирғали туманидаги «Ёшлик» (ҳозирги «Хонобод махала фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди.

 

У бу ерда тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, ободонлаштириш, аҳоли ўртасида маънавий-маърифий ишларни юқори савияда ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борди. Унинг раҳбарлигида маҳаллада болалар майдончалари барпо этилди, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди, оилавий ажримлар камайди.

 

2005–2012 йилларда «Маҳалла» хайрия жамғармаси тизимида фаолият кўрсатди.

 

Холхўжа Умаров 300 дан ортиқ шогирдлар тайёрлаган, уларнинг кўпчилиги юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида фаол қатнашмоқдалар.

 

Холхўжа Умаровнинг бунёдкорлик соҳасидаги самарали меҳнатлари муносиб тақдирланди.

 

Қаҳрамон барчага ибрат бўладиган умр йўлини босиб ўтди. У ҳаётда ҳам, иш фаолиятида ҳам ўзига мурожаат қилган ҳар бир одамга индивидуал тарзда ёндашди, муаммоларини ўз муаммоси каби қабул қилиб, унинг ечимини топиш учун қўлидан келган барча ишни қилди. Шу фазилати билан эл ичида алоҳида ҳурмат қозонди. Ибратли оила бошлиғи бўлиб, худди ўзи каби ҳалол ва жамиятга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган фарзандларни камолга етказди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//