1941 йил 2 февралда Бухоро вилоятининг Бухоро туманида дунёга келган.
1959 йилда ўрта мактабни тугатиб, Бухоро Зардўзлик фабрикасига ишга кирган.
1978 йилда “Ўзбекистон халқ рассоми”,
1995 йилда эса “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
Муяссар Темирова меҳнат фаолиятининг дастлабки пайтлариданоқ касб сирларини пухта эгаллашга, зардўзлик санъатини ривожлантиришга интилди. У уста мақомига етишгунча кўп йиллар ўтди. Зардўзлик – матога, бош кийимга, эшик пардаларга зарҳал ёки кумуш иплар билан нақш тушириш бўлиб, катта меҳнат ва сабр талаб қилади. “Сабрнинг таги олтин”, деганлари чин экан. Муяссар опанинг сабру саботи, заҳматлари муносиб баҳоланди.
Ватанимиз мустақиллигининг 4 йиллиги муносабати билан тақдирланган бир гуруҳ фидойи юртдошларимиз орасида “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига муносиб деб топилган Муяссар Темирова ҳам бор эди.
...Ўшанда қаҳрамонимиз 54 ёшда эди. Бухоро зардўзлик фабрикаси эшигидан кираётиб, қоровулга рўпара келди. Ҳар доим радиони баланд қўйиб эшитиб ўтирадиган чол жилмайиб салом берди:
– Зардўз опа, сизга хушхабар бор!
– Янги буюртма бўлса керак-да. Театр саҳнаси пардаларини зардўзи қилиб бердик, яна бошқаси келган бўлса керак, – деди опа. Иш одамининг хаёли ишда-да, ахир!
– Киринг ичкари, кейин биласиз, – деди отахон.
Опа иш залига кирди-ю, ҳангу манг бўлиб қолди. Хона анвойи гулларга тўлиб кетган. У яхши кўрадиган райҳон гуллари ҳам бор. Ҳамманинг қўли кўксида: “Муборак бўлсин, устоз, Қаҳрамон бўлдингиз...”
Муяссар опа қулоқларига ишонмасди. Корхона раҳбари кириб келиб:
– Сиз “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига лойиқ кўрилибсиз. Қаҳрамонлик муборак, – дея қутлаганда, юраги хаприқди.
Яна бир зардўз: “Юртимиз тарихида аёл кишига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилмаган эди. Шу бахтга сиз эришдингиз”, деса, шогирдлари: “Игна аҳлининг вакилига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини раво кўришнинг ўзи қаҳрамонлик”, десалар, бу эътирофларни эшитиб, Муяссар Темированинг кўзларидан дув-дув қувонч ёшлари оқди.
Қучоқ-қучоқ гулларга тикилиб туриб, хаёлга толди. Ўтган умрининг ҳар бир дақиқасига шукрона айтди. Қишлоғига боргиси, ота-онаси қабрини зиёрат қилгиси, Чорбакр тарихий-меъморий обидалари остонасига бош қўйиб, бир нафас саждада бўлгиси келди...
У шу тупроқда туғилди. Игна, ип, мато кўтариб бориб, яхши ниятлар билан Чорбакр меҳроби рўпарасида туриб, ягона Тангридан шу ҳудуднинг катта зардўзи бўлиш бахтини сўраган эди. Ўша сўраган бахтга бугун эришди. Энди шукронасини бориб адо этиш онлари келганини ҳис этиб, катта ўғлига қўнғироқ қилди...
Муяссар Темированинг тиккан зардўзлик кийимлари унинг маҳоратидан сўзлаб туради. Масалан, бир маҳсулотида Исмоил Сомоний мақбараси, яна бошқасида эса Минораи Калон тасвирланган. Опанинг миллий ҳунармандчиликка мансуб кўплаб ижод маҳсули нафақат юртимизда, балки кўп чет эл давлатларида ҳам машҳурдир.
Момоларимиздан мерос бўлган зардўзликнинг “Зардўзи-заминдўзи”, “Зардўзи-гулдўзи”, “Зардўзи-абришимдўзи”, “Зардўзи-пилакчадўзи” усулларини пухта ўрганиб, замонавий сайқал берди. Катта ишларга қўл урди. Фарзандлари ёнига кириб қўшқанот бўлди. Республика ва хорижий давлатларда бўлиб ўтадиган ҳунармандлар кўргазмаларида иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой олди. Тарихдан маълумки, зардўзликка биринчи бор Бухорода қўл урилган. Ҳиндистон, Германия, Франция, Россия, Қирғизистон, Туркманистон давлатларига бориб, Бухоро зардўзлик санъати жавоҳирларини тарғиб қилди.
Муяссар опадан зардўзлик санъати сирлари ҳақида сўрашганда, шундай жавоб қайтаради:
– Мато танлашда. Духоба, шойи, атлас, дока, мовут, жун, маҳаллий шойи, олача, адрас, бахмал бойбарак... Бу матоларнинг энг биринчиси занданачи бўлган. Занданачи билан Бухоро савдогарлари чет элларда ҳам савдо қилганлар. Бельгиянинг Юм шаҳри бош черковида тириклик дарахти тасвири туширилган мато бор экан. Унинг орқа томонида суғд ёзуви билан ёзилган “Занданачи” сўзини ўқиган олимлар, кейинчалик ғарбий Европанинг музей ва черков омборларида сақланаётган 11 турдаги занданачи матоларини топишга мушарраф бўлганлар. Бу мато Бухоронинг Зандана қалъасида тўқилган. Мен катта бобомнинг сандиқларида эскидан қолган ана шу матони кўрган эдим. Онам уни бобомнинг бобосидан қолган энг қиммат занданачи матоси деган эдилар. Матони танлай олсангиз, марра сизники. Бу зардўзнинг синчковлигига киради. Изландим, меҳнат қилдим. Меҳнатимдан эъзоз топдим. Бундан бахтлиман.
//
Изоҳ йўқ