1941 йил 26 июлда Наманган шаҳрида туғилган.
1964 йили Андижон тиббиёт институтини тугаллаб, Наманган шаҳридаги 2-шифохонада меҳнат фаолиятини бошлаган.
1966 йилдан 2- шаҳар туғруқхонасида даволовчи врач, бўлим мудири бўлиб ишлаган.
1996 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
2008 йилдан нафақада.
– Отам урушга кетган куни 35 кунлик чақалоқ эканман, – деб эслайди Айшахон Қўчқорова. Ҳарбий комиссариат Сардобада экан, отам сим тўсиқнинг ичкарисида, онам ташқарисида, мени бир-бирларига тўсиқдан қайта-қайта узатишиб, дил изҳорлари қилишган, йўргакларимга отамнинг кўз ёшлари томган экан. Онам Чорсудаги чеварчилик цехига кўрпа тикишга ишга кирганлар. Онамнинг қўлларидан китоб тушмас эди. Тўлиқсиз ўрта мактабнинг бошланғич синфларини тугатиб, 5-мактабда юқори синфларда ўқиганман. Синфимизда шифокор бўлишни мақсад қилган дугоналарим кўп эди, ўша йили бир мактабдан олти нафар қиз Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирганмиз. 1958-1964 йилларда олийгоҳда ўқиб, тамомлагач, ишга жойлашдик. Мутахассис кам бўлгани учун шифокорларга муҳтожлик бор эди. Шаҳар касалхонасида уч ой ишладим. Кейин тўйим бўлди. Маҳмуджон Аҳадов исмли, биздан бир йил аввал тиббиёт институтини битирган шифокор йигитга турмушга чиқдим. Бахтимдан ўргилай, болаликда зор бўлиб ўсганим, киндик қоним тўкилган отамнинг маҳалласига келин бўлдим.
Айшахон опа билан бир суҳбат қурган одам яна гаплашсам, дейди. Гапни қаёқдан бошласангиз ҳам мавзуси тиббиётга боғланаверади. У малака ошириб, 2-туғруқхонада даволовчи шифокор бўлиб иш бошлаган.
Бўлим мудири бўлиб умр бўйи бир вазифада, битта туғруқхонада ишлади. Ўғиллари Баҳодир, Жаҳонгир муҳандислик касбини танлади. Қизи Гулузро она изидан бориб, шифокорлик йўлидан кетди. Гинеколог бўлиб ишларди, тиббиёт фанлари номзоди эди. Кутилмаган автоҳалокат туфайли оламдан ўтди. Олима қизи, юрагининг ёлғизгина қувончи ҳақида сўз кетганда, опанинг кўзларидан ёш қуйилди: «Гулузро докторлик ишини тугаллаш ниятида тинимсиз илмий изланишда эди. Ишлари чала қолди. Юраги тоза, ҳаммага меҳр билан қарайдиган, яхшилик қилишни ўзига одат қилиб яшаган қизимдан бир ўғил, бир қиз қолди. Бир кам дунё экан. Бир умрга юракдан ўчмайдиган армони қолди...» Қачон ва қандай қилиб касбидан шараф топгани, хизмати юқори даражада тақдирлангани ҳақида сўз кетганда, опанинг намланиб турган кўзларида қувонч, ифтихор туйғуси балқирди:
– Ўшанда 26 август куни эди. «Ахборот» дастурида Президент фармони ўқилиб, мени «Ўзбекистон Қаҳрамони» деб эълон қилишганини кўпчилик эшитган. Ўша куниям жарроҳлик столида туғаётган аёл билан жон олиб, жон бераётган эдим. Хабар айтилганда қулоқларимга ишонмадим. Бир лаҳза ўйланишга, хаёл билан вақтни бой беришга ҳақим йўқ палла, она-боланинг ҳаёти хавф остида эди. Қувондим, ҳаяжонда титраб-титраб операцияни давом эттирдим. Йиғлаб-йиғлаб ўн минг биринчи боламнинг жонини омон сақлаб қолганман. Ўша дақиқадан бошлаб бу мукофот нақадар катта эътироф, олий унвон эканини теранроқ ҳис этиб, ўзимга бўлган талабим янада орта бошлади...
Юксак эътирофдан илҳомланган изланувчан шифокор фаолияти давомида даволашнинг қатор янги усулларини амалиётга татбиқ этган эди. Жумладан, болаларда учрайдиган юрак ва буйрак касалликларини эрта аниқлаш ва даволашда замонавий усуллардан фойдаланган. Беморларга юқори аниқликда ташхис қўйиш ҳамда даволашнинг илғор усулларини қўллаш билан саломатлигини тиклаш муддатини қисқартиришга эришган.
Айшахон Қўчқорова аҳоли ўртасида тиббиёт профилактика ишларини тўғри ташкил этишда шифокорларга бирламчи муҳим маслаҳатларини берарди. Шаҳардаги таълим муассасаларида ва маҳаллаларда «Гиёҳвандлик – аср вабоси», «ОИТС – бир умрлик дард», «Жисмоний фаолликни таъминлашнинг оддий усуллари» каби мавзуларда давра суҳбати ва маърузалар ўтказган.
Ўз меҳнат фаолияти давомида шифокор кўплаб аёлларнинг оналик бахтига эришишига сабабчи бўлди, ёш оналарга фарзанд парваришидек нозик масалада йўл кўрсатди. Кўплаб шогирдлари бу касбнинг нақадар аҳамиятлилиги, юрт келажаги улар меҳнатининг самарали ва пухта олиб борилишига қанчалик алоқадор эканлиги тўғрисидаги маслаҳат ва тушунтиришларига ҳамон амал қиладилар.
//
Изоҳ йўқ