1937 йил 9 майда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида туғилган.
Ўз фаолиятини Шаҳрихон туманидаги «Олтин водий» жамоа хўжалигида ишчиликдан бошлаган. Бригада бошлиғи, фермер бўлган.
1996 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
1998 йилда вафот этган.
Содиқжоннинг болалик йиллари даҳшатли уруш даврига тўғри келди. Бир бурда нон илинжида хор бўлган болалик унинг учун катта ҳаёт дорулфунуни бўлди. Азбаройи тирик қолиш учун қилинган саъй-ҳаракатлар унинг зуваласига пухта-пишиқ бўлиш, айниқса, меҳнатдан, заҳматдан қочмаслик фазилатларини сингдирди.
Уруш суронлари тугагач, мактаб даргоҳига қадам қўйиш унга унутилган болалик завқини қайтарди. Албатта, таҳсилдан бўшаган вақтида тикланаётган хўжаликнинг қаддини кўтаришга ўз ҳиссасини қўшди, яқинлари билан далада бўлди, турли юмушларни бажарди. Бу кунлар унинг келажаги йўлида чинакам тобланиш мактаби вазифасини бажарди. Зеҳни ва қобилияти тез ўсди.
Ўз фаолиятини Шаҳрихон туманидаги «Олтин водий» жамоа хўжалигида оддий юмушларни бажаришдан бошлади. Ниҳоят, уни ҳайдовчилар тайёрлаш курсига йўлладилар. Бу ҳам ўзига хос ишонч эди.
У пайтлар бу касбнинг шарафи қарийб космонавтлик билан баробар эди. Зилдек юк машинасининг рулига ўтириш одамларга самолётни бошқаришдек завқ берарди.
Бу юмушда саккиз йил фаолият кўрсатди, шу орада уйланди, фарзандлар кўрди. Энг асосийси, тўғри йўлдан адашмади. одамлар қалбига йўл топишни ўрганди. Ундаги ташкилотчилик фазилатини сезган жамоа хўжалиги раҳбарлари бригада етакчилигини ишониб топширишди. Содиқжон ишга киришиши билан деҳқончиликдаги синовдан ўтган усулларни қўллашга харакат қилди, кўплаб янгиликларни амалиётга жорий эди Маҳаллий ер шароитини яхши билиб қўлланган тадбирлар ўз самарасини бера бошлади. Айниқса, «Сен ерни боқсанг, ер сени боқади» тамойилига амал қилиб, озиқлантириш, суғориш шудгорлаш юмушлари юқори сифатда ташкил қилингани хосилдорликка кескин таъсир қилди. Унинг қишлоқ хўжалиги агротехника тадбирларини тўғри ташкил этиб, экин майдонларини маҳаллий ўғитлар билан бойитганлиги натижасида пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорлик 10-15 центнерга ортди. Бу кўрсаткич сезиларни ютуқ эдики, унинг номи тумандагина змас, вилоятда ҳам тилга тушди.
Тажрибали деҳқоннинг иш усуллари намуна қилиб кўрсатила бошланди: баҳорги қишлоқ хўжалиги мавсумига тайёргарлик кўриш, чигит экиш, экинларнинг зараркунанда ҳашаротларига қарши курашишга оид илғор агротехник тадбирлари оммалаштирилиб, унинг даласида амалий семинарлар ташкил этилди.
Содиқжон Абдурасулов – ширкат хўжалигида, туманда ўзига хос ғаллачилик мактабини яратган инсон. У ғаллачиликда «Ўзбекистон» навини Андижон шароитида синовдан ўтказиб, гектаридан 75-80 центнер ҳосил олиш мумкинлигини амалда исбот этди. Ҳолбуки, нисбатан шимолий ҳудудларда ғаллачиликнинг истиқболига ишонмай қарайдиганлар ҳам бор эди. Чинакамига фидокорона меҳнат эса мўъжизалар яратиши мумкинлиги, асоссиз хавотирларга ўрин йўқлиги ғаллачиликдаги ютуқлари билан исботланди.
Мустақиллик дала фидойисининг истиқболида кенг имкониятларни очди. Элда танилган, довруғи узоқ-яқинга тарқалган деҳқон мустақиллик ғояларини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигидаги янги усулларни амалиётга жорий этишда ташаббускорлардан бўлди.
Содиқжон Абдурасулов мустақилликнинг илк йилларидан фермерлик ҳаракатининг фаолларидан ҳисобланади. Янгича ёндашувларни амалга ошириб, қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллик самарали меҳнатидан орттирган тажрибасини ишга солиб, пахта ва ғалла етиштириш сирларини пухта ўзлаштирган тажрибали деҳқон илғор ва миришкор фермер сифатида тезда республикада танилди.
Содиқжон Абдурасуловнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида кўрсатган жонбозлиги ҳамда самарали меҳнатлари муносиб баҳоланиб, юксак унвон билан тақдирланди.
У ёшларнинг мураббийи, турмушда намунали оила бошлиғи, фарзандларининг меҳрибон отаси сифатида ҳавас қилгулик тақдир эгаси эди. Уч ўғил, бир қизни тарбиялаб, элга қўшди, улар айни пайтда турли соҳаларда самарали фаолият кўрсатиб, ота тарбияси ва ғамхўрлигини оқлаб келмоқдалар. Баъзан тирикчилик ташвишлари билан масрур кунлар ёдга тушавермайди, бироқ одамлар қаҳрамон отанинг ўз дилбандларига қанчалик меҳрибон бўлганини ёддан чиқармайдилар.
Самимий инсон, жонкуяр устоз, тажрибали деҳқон Содиқжон Абдурасуловнинг эзгу ишлари элнинг хотирасида барҳаёт яшаяпти.
//
Изоҳ йўқ