1941 йил 17 майда Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган.
Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Қашқадарё вилоятидаги «Муборак» хўжалигида бошлаган.
1966 йилдан «Муборакнефтгаз» корхонасида ишчи, оператор бўлиб ишлаган.
1995 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
Бўрон Рўзиев ўртаҳол оилада таваллуд топди. Уруш йилларидаги қийинчиликлар ва ундан кейинги қаҳатчиликлар ёш Бўроннинг болалигини ўғирлаб кетди. Ҳали мактаб, ҳали дала ишлари ёш болакайга осон эмасди.
Тақдир тақозоси билан асли помуқлик бўлган отаси Рўзиқул ака 1930 йиллардаги қаҳатчилик пайти оиласини олиб. Қизилтепага кўчиб боради. 1941 йилда немис фашистлари бошлаган урушга сафарбар қилинган Рўзиқул ака жанггоҳларда қолиб кетгач, оиланинг бутун ташвиши Бўроннинг бошига тушади.
Отамни яхши эслайман, дейди Бўрон ака, Барваста, келишган одам эдилар. Чакмонларининг барига солиб, орқаларида кўтариб юрганлари, эшакка миндириб, елкамга қоқиб, эркалатиб турганлари ғира-шира тушдай кўз олдимда. Отам фронтдан қайтмагач, 1950 йиллар охири эди, чоғи, онам: «Қизилтепадан қишлоғимизга кетайлик», дедилар. Кўч-кўронимизни кўтариб йўлга тушдик. Помуққа бормадик. Иш йўқ, шароит оғир. Муборакда қолдик.
Ҳаракатчан Бўрон «Муборак» хўжалигига ишга кирди. Турли юмушларни бажариб юрди, ҳайдовчилик қилди. 1963-1964 йилларда Муборакда «Когоннефтгаз» бошқармасига қарашли «Муборак» кони ташкил этилганлиги, кўплаб маҳаллий ёшлар ишга қабул қилинаётгани ҳақида хабар тарқалди. Далада ишлаб, анча суяги қотган Бўрон 1966 йилда «Муборак» конига ишга олишларини сўраб ариза берди. Қабул қилишди.
– Кон бошлиғи Роман Вафин, участка муҳандиси Хазби Дарчиев, ишлаб чиқариш устаси Шониёз Бозоровдан газчилик соҳаси сир-асрорларини ўргандим, – дейди Бўрон ака қизғин фаолият йилларини эслаб. У вақтда газ йиғув пунктлари деярли йўқ эди. Уларнинг қурилишида, ишга туширилишида қатнашдим. Бухородаги операторлар тайёрлаш курсида олти ой ўқиб келдим. Ана шундан кейин 32 йил мобайнида операторлик касбида меҳнат қилдим.
Дўлвор, танти, соддадил бу инсон жануби-ғарбий Ўзбекистон, яъни Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳудудидан илк бора нефть ва газ қазиб чиқарила бошланган ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб шу соҳада меҳнат қилиб келаётган илу, махаллий ишчилардан бири эди. Бўрон Рўзиев умрининг қарийб ярмини шу саҳроларда ўтказди, аввал нефть ва газ конларини қидирувчи геологлар гуруҳида, кейинроқ бурғиловчи-пармаловчилар сафида бўлиб, олтинга тенг ёқилғи конларини бурғилаб, уларга йўл очиш ишларида фаоллик кўрсатди.
1960 йиллардан бурғилаш-қазиш ишлари тугатилиб, Бўрон Рўзиев коннинг тўла қувват билан ишлатилаётган жойларида операторлик қила бошлади. Операторликнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Маълумки, янги ишга туширилган газ қудуқларида босим жуда юқори бўлади. Бунинг устига қазиб чиқарилаётган газнинг босими гоҳ кўтарилиб, гоҳ тушиб туради. Бунақа пайтда оператор тиним билмай, гоҳ у, гоҳ бу қудуқнинг бошига бориб, сурма зулфин (задвижка)ни айлантириб, газ йўлини ёпиб-очиб туриши керак. Кондаги ҳар бир қудуқ ораси 500 метрдан 3-4 чақиримгача бўлишини эътиборга олсак, бу оралиқларда айланиб юрган операторнинг қанчалик ҳаракатда бўлишини тушуниш мумкин.
– Ҳаётимда иссиқ-совуқни кўп кўрдим, турли миллат, ҳар хил тақдир эгалари билан ёнма-ён ишладим, – дейди умри қумликлар салтанатида ўтган Бўрон Рўзиев дил сўзларини баён қилиб. – Тажрибамдан чиқарган бир сабоғим шуки, одам ўзини чинакам бахтли ҳисоблаши учун унинг ортида қудратли Ватани туриши керак. Мустақиллик эълон қилингач, биз ҳақиқий эркинликни ҳис этдик. Энди «катта оға»лар чўнтагига эмас, жонажон халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётганимиз кучимизга куч қўшганди. Меҳнатимиз завқли, фидокорона юмушга айланди. Шундай кунларга етганимиз шукронаси учун бир ғайратимга ўн ғайрат қўшиб ишладим.
Бўрон Рўзиев газчиларнинг катта ва аҳил оиласида ўзининг ҳалол меҳнати билан обрў-эътибор қозона олди. Унинг фидокорона меҳнати бежиз кетмади. Давлатнинг қатор орден ва медаллари билан тақдирланди. Энг асосий мукофот – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини Биринчи Президентнинг қўлидан қабул қилиб олиши бўлди.
Бўрон бобо 3 ўғлини уйлантириб, 3 қизини узатди, ҳозирда у невара-чеваралар тўйларини кўриб, ҳузур-ҳаловатда умргузаронлик қилиб келмоқда.
Ўзининг важоҳати билан саҳролар бағрига ғулғула солган бўрон агар озгина ҳаловат истаса, шунчаки оддий елвизакка айланиб қолади. Худди шундай, Бўрон Рўзиев ҳам ҳаёти давомида ҳеч қачон ҳаловат истамади. Бепоён, тилсиз саҳролар бағрида яширин ётган бойликларни инсон бахти-саодати йўлида хизмат қилдириш мақсадида бутун куч-қудратини, салоҳиятини сарфлади. Бугун саҳро баҳодири ўзининг тинимсиз синовлар, изланишлар орасида ўтган ҳаётидан мамнун ҳолда кексалик гаштини сурмоқда. Бўрон бобонинг ҳаётий ҳикматлари ёшлар учун чинакам ибрат мактабидир.
//
Изоҳ йўқ