Анатолий Панин


15:06 / 12.06.2024 209 0

1949 йил 12 мартда Россиянинг Тула вилояти Узлов туманида туғилган.

1967 йилда Донецк шаҳридаги 19-касб-хунар техникумини тугатган.

1970 йилда меҳнат фаолиятини Қизилқумдаги Шимолий кон бошқармасининг «Шарқий» конида бошлаган.

1995 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

2021 йилда вафот этган.

 

Инсон тақдири, аслида, бир тилсим. Унинг ортидан эргашасан, холос. Фақатгина ҳалол меҳнат билан унга без берасан: Лекин бутунлай ўзгартириш сенинг қўлингда эмас.

 

Анатолий Панин Донецк шаҳридаги 19-касб-хунар техникумини тугатгач, турли юмушларни бажарди. Аммо ёшлигидан техникага қизиққани боис бу ишлар унинг учун вақтинчалик эди. Бир куни Анатолий Николаевичнинг кўзи эълонлар тахтасидаги Қизилқум кенгликларида ишлаш учун ишчилар кераклиги ҳақидаги ёзувга тушиб қолди ва Учқудуққа кетишга азму қарор қилди.

 

У меҳнат фаолиятини 1970 йили Шимолий кон бошқармасининг «Шарқий конида экскаватор ҳайдовчисига ёрдамчи сифатида бошлади. 1977 йил октябридан 2019 йилга қадар экскаватор хайдовчиси бўлиб ишлади. У очиқ, кон қазиш ишларида юзага келадиган турли вазиятларда ўзининг бой тажрибасини тўғри қўллаб, моҳирона ечимлар топган. Белгиланган вазифаларни бажариш чоғида техника ишларидаги узилишларнинг олдини олиш экскаватордан самарали фойдаланишни таъминлаш учун доимий изланишда бўлган, бу борада замонавий усулларни қўллаган.

 

А.Н.Панин ўз касбининг моҳир устаси сифатида касб сирларини ёш мутахассисларга ўргатиб келган. Унинг шогирдлари корхонада энг илғор ишчилардан ҳисобланади. У соғлом турмуш тарзи, спорт билан мунтазам шуғулланиш каби масалаларда ёшларга шахсий намуна бўларди.

 

У корхонада узоқ йиллар давомида олиб борган самарали меҳнати учун мустақилликнинг 1 йиллиги, 10 йиллиги, 25 йиллиги эсдалик нишонлари ҳамда бир неча бор Фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланган.

 

Энг қувонарлиси, Анатолий Николаевич Панин «Ўзбекистон Қаҳрамони коксак унвони ва «Олтин юлдуз» медалига сазовор бўлди.

 

Анатолий Николаевич фойдали қазилмаларни очиқ усулда қазиб олиш саноатида фаолият юритаётган юқори малакали мутахассис сифатида чўлнинг оғир шароитларида кон экскаватори ёрдамида қазиб олишга тайёрланган кон массаси ва тоғ жинсларини автосамосвалларга юклаш ишларини амалга ошириб, очиқ усулда қазиб олиш «Шарқий» конининг шартнома режаларини бажаришга ўз ҳиссасини қўшган фидойи фахрийлардан биридир. Ҳамкасбларининг айтишича, кон экскаваторига эътибор билан ёндашиш ва хизмат кўрсатиш ишларини ўз вақтида, сифатли бажариш бўйича унга тенг келадиган мутахассис бўлмаган. Шу боисдан, Анатолий Николаевич белгиланган режаларни бажаришда юқори натижаларга эришиб келган Анатолий Николаевич Панин устоз-шогирд амалиётини кенг тарғиб этган ҳолда, касб-ҳунар коллежлари, олийгоҳларни тамомлаб келган кўплаб ёш мутахассисларга мураббийлик қилди, улар ўз касбининг устаси даражасига етишишига салмоқли ҳисса қўшди. Меҳнат жамоасида ҳурматга эга бўлиб, хизмат вазифасига ҳалол ёндашди, ҳамма билан тил топишиб, уларни ягона мақсад сари йўналтира олди.

 

А.Панинни учқудуқликлар, комбинат жамоаси спорт мураббийси, тарғиботчиси жонкуяри, шунингдек, ҳамкасбларини соғлом турмуш тарзига даъват этувчи фаол тарғиботчи сифатида ҳам жуда ҳурмат қилишган. Комбинатнинг «Лочин» спорт мажмуасида олиб борган ишлари, маҳаллий футбол командаси тузгани ва турли спорт мусобақаларини мунтазам ташкиллаштириб, ҳомийлик қилгани алоҳида таҳсинга лойиқдир. Бу саъй-ҳаракатлари ёшларни спортга жалб этиш, жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш борасида давлатимиз раҳбарининг мазкур йўналишда олиб бораётган оқилона сиёсатига ҳамоҳангдир.

 

Анатолий Панин маҳаллада ҳам ҳурматли, нуфуз ва эътиборга эга инсон эди. Ташкилий, маънавий-маърифий ишлар, йиғинлар, ободонлаштириш тадбирларида фаол қатнашиб келган.

 

Анатолий Николаевич маҳалласида яшайдиган ёлғиз кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб, уларни маънавий қўллаб-қувватлаб, доимо хабар олиб турди ва ёрдамини аямади.

 

Ҳаётимиз тақдир қўлида. Унинг чиройли ёзувлари чин инсонга ана шундай бахт ато этади. Бунинг учун эса ҳалол меҳнатимиз, сабримиз билан унинг сиёхдонига ўз рангларимизни солмоғимиз даркор. Акс ҳолда, ҳавас билан Учқудуқ заминига келган бир инсоннинг кўксида «Ўзбекистон Қаҳрамони» Олтин юлдузи порламасди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//