1939 йил 18 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган.
Меҳнат фаолиятини 1959 йилда В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида бошлаган.
1963 йилдан Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида йиғувчи-слесарь бўлиб ишлаган.
Иш жараёнида 30 дан ортиқ рационализаторлик таклифларини киритган.
1995 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охирлари. Ўша кезларда уларнинг отаси урушдан қайтмай онаси бева қолган, тўрт фарзандини тишида тишлаб катта қилган Нуриниса ая қаттиқ бетоб эди. Урушдан кейинги оғир йиллар, ҳар кимнинг дарди, қийинчилиги ўзига етиб ортарди. Эркин хаста онасининг ёнида бўлиш учун ўқишидан ҳам воз кечди (у мактабни битириб, Тошкент политехника институтига кирганди). Кейинчалик Нуриниса ая миннатдорлик билан мана бу фикрни кўп такрорларди:
Эркин ўғлим отасига тортди оқкўнгил, меҳрибон. Мени касал ҳолимда ташлаб кетишни истамай, ўқишигаям бормади. Илоё, тупроқ олса, олтин бўлсин!
Муштипар онанинг дуолари ижобат бўлди!
У йигирма ёшида Акбар акаси ёнига пойтахтдаги Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмасига ишга кирганида, тақдирнинг бу йўли унга бахту саодат келтиришини хаёлигаям келтирмаган. Дастлаб парчинловчи-йиғувчига шогирд тушди.
Биринчи устози Василий Соловьёв жуда талабчан одам эди. Эркин қийинчиликларни кўриб катта бўлган эмасми, ишдан қочмади. Меҳнатсевар ва интизомли йигит тезда кўпчиликнинг эътиборига тушди. Кўп ўтмай, самолёт қанотларининг ўрта қисмини йиғиш, ускуналарни ўрнатиш ва синовдан ўтказиш цехига ишга ўтказишди. Бу цехда ўта муҳим жараёнлар бажарилар эди. Чилангар-йиғувчи Эркин Алимуҳамедов шу жойда тажриба орттирди, ўша йиллари оила қурди, фарзандларини тарбиялади.
«Дарахт бир жойда кўкаради», дейдилар. Ҳосилга кирган бундай бақувват дарахтнинг меваларидан кўпчилик баҳраманд бўлади. Эркин Алимуҳамедов ҳам иш фаолиятининг қирқ йили давомида заводда катта тажриба мактабини яратди. Энг юқори разрядли чилангар-йиғувчи сифатида завод жамоасининг ишончини, меҳрини қозонди. Бу йиллар ичида у АН-12, АН-22, АН-8, ИЛ-76, ИЛ-144 каби юк самолётларининг тузилишини мукаммаллаштиришга оид 30 га яқин ихтирочилик таклифларини киритди. Қанотларни йиғишда қўл меҳнати билан бажариладиган юмушларни автоматик усулга кўчиришнинг дастлабки ташаббускорларидан бўлди. Аслида, таниқли конструкторлар. олимларнинг кашфиётларига ўзгартириш киритиш мумкинлигини айримлар тасаввур ҳам қилолмайди.
«Бу инсон асли меҳнат учун яратилган. Иш деса ўзини аямайди», дейишарди кўпчилик сафдошлари. Қай бир касбдошига санаторийга йўлланма керакми, қай бирининг болаларини боғчага жойлаш ташвишими... Эркин Алимуҳамедов ҳамкасблари, баъзан ўзи танимаган одамларнинг оғирини енгил қилиш, жонига ора кириш учун ҳам вақтини, ёрдамини аямасди. Лекин ўзи ҳақида гап кетганда...
– Узоқ вақт мураккаб ишларни қўлда бажарганлари сабабми, бир йили Эркин аканинг қўллари қақшаб оғрийдиган бўлди, деб эслайди умр йўлдоши Феруза опа. Даволанинг десам, ишни кўзлари қиймасди. Мен ўзим кўндиролмагандан кейин завод маъмуриятига учрашиб, у кишининг аҳволларини тушунтирдим. Шундан кейин раҳбарларнинг қатъий талаби билан шифохонада даволанишга мажбур бўлдилар.
– Болалигимда осмондан самолёт ўтса, то кўринмай кетгунича тикилиб турардим. Самолётни кўрсам, учгим келаверарди, эслайди Эркин Алимуҳамедов.
Инсон доимо юксакларга интилади. Аммо унинг кўкларда парвоз этмоғи учун иккита қанотнинг бўлиши шартмикан? Эркин Алимуҳамедов корхонада устозларидан илк мақтовни эшитганида, меҳнатлари ҳисобга олиниб, энг қуйи разряддан юқорисига кўтарилганини эълон қилишганда, оила қуриб, фарзандлар кўрганда... шунга Ўхшаш саодатбахш лаҳзалар, кунларда қалбан самоларда парвоз этганди! Айниқса, Эркин Алимуҳамедовнинг умри давомида ҳеч унутилмайдиган энг ҳаяжонли, қувончли воқеа 1995 йили Мустақиллик байрами арафасида рўй берди. Президент Фармони билан «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди. Давлат раҳбари уни юксак унвон билан табриклаб, «Олтин юлдуз» нишонини кўксига тақиб қўйган лаҳзаларда эса ўзини қушдек енгил сезди. Эсласа, ҳали-ҳали ҳаяжонланади. Тақдирига шукроналар айтади.
Эркин ака айрим ота-оналарнинг болаларига: «Агар институтга киролмасанг, заводда ишчи бўласан», деб танбеҳ беришларига ҳайрон бўлади. Нега? Ахир ишчилик ҳам шарафли касб, унга уқув, етарли даражада билим, сабру сабот керак. Эркин ака касб сирларини пухта билиб олгунича ўн йиллар ўтди. Кейинчалик у топшириқларни 120-130 фоизга уддалаб, мақтов эшитганида, бошқа ёш ҳамкасблари унга ҳавас билан қарашаётганини сезарди. Шу касби туфайли Қаҳрамонлик унвонига эришди. Буни ҳамма-ҳаммага ифтихор билан айтгиси келади...
Истиқлол халқимизга катта имкониятлар эшигини очди. Элу юртига садоқатли, ҳалол меҳнати билан эъзозу эътибор топган кишилар замонамиз қаҳрамонлари сифатида кашф қилинмоқда. Мен ҳам ана шуларнинг бириман, – дейди Эркин ака Алимуҳамедов. – Жамиятга, юртига наф келтиришни астойдил истаган одам аввало ўз фикрига, дунёқарашига таяниб яшаши, касбини яхши ўрганиб, ҳалол меҳнат қилиши керак.
Қаҳрамоннинг бу фикри эзгу мақсадларини амалга ошириш йўлида меҳнат қилаётган ҳар бир инсонга ҳақиқий ибратдир.
//
Изоҳ йўқ