Аваз Эргашев


16:06 / 10.06.2024 234 0

1949 йил 1 июлда Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган.

Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил олган, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи, «Жомбойдон» акциядорлик жамияти раиси ўринбосари, Хўжам Низоматов номидаги ва «Оқ олтин» хўжаликларида раис бўлган.

2003 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

2017 йили вафот этган.

 

Aваз Эргашев пахтачиликда орттирган тажрибаси сидқидилдан қилган меҳнати, юрт равнақи учун амалга оширган ишлари туфайли кўпчилик меҳрини қозонди.

 

Жамоа ва давлат хўжаликлари тугатилиб, улар ўрнида фермер хўжаликлари ташкил этилгач, Аваз ака бир муддат тумандаги «Х.Низоматов ХНН» ҳамда «Омад» навли уруғчилик хўжалиги элита пахта уруғчилиги хўжалиги раҳбари бўлиб ишлади. сўнгра «Аваз агро-ҳосил» фермер хўжалиги бошлиғи сифатида баракали меҳнат қилди.

 

– Мустақиллик, ҳурлик деган муқаддас сўзларни тилга олсам, озодлик, ҳуррият орзуси ва армон билан ўтган аждодларимиз сиймоси кўз ўнгимда намоён бўлади, деганди ўз мамнуниятини ифодалаб Яратганга шукур, асрий орзуларимиз рўёбга чикди. Мустақиллик жисмимизни, онгу шууримизни мутелик кишанларидан озод қилди. Истиқлол эпкинларидан кўксини тўлдириб нафас олаётган халқимиз бунёдкорликка отланди. Ўтган йиллар ичида асрларга татигулик ишлар бажарилди.

 

«Ватан саждагоҳ каби муқаддас!». Бу эҳтиросли ибора ҳар бир ўзбекистонлик қалбига маҳкам ўрнашгани сир эмас Уни ҳам ботинан, ҳам зоҳиран ҳис этган киши Ватан учун сидқи дилдан хизмат қилаётир. Бироқ жаннатмонанд юртимизнинг барча имкониятлари тўла ишга солинаяпти, деб бўлмайди Аваз ака бу борадаги мулоҳазаларини шундай баён этади:

 

– Мен ҳаётим давомида кўп чет элларда бўлдим. Германия, Вьетнам, Франция, Мальта, Италия, Туркия, Ҳиндистон каби давлатлар халқи, уларнинг турмуши билан танишдим Германия пойтахти Берлинда бўлганимда, бу шаҳарда 40-50 йил аввал ишлаб чиқарилган трамвайларнинг ҳаракатланаётганидан ҳайрон қолгандим. Вагонларнинг ҳаммаси тоза, озода, бутун ҳеч қаерида синган, бузилган жойи йўқ. Биргина шу туфайли мамлакат миқёсида анча маблағ иқтисод қилинар экан. Ваҳоланки, Германия ер ости бойликлари кам мамлакатлардан бири. Бизнинг тупроғимизда эса Менделеев даврий жадвалидаги барча маъданлар бор. Италияда ҳам шунга ўхшаш воқеага гувоҳ бўлдим: куз охирлаганига қарамай, деярли йўл ёқасигача экилган пайкалда помидор ўсиб турибди. Нозик шохчаларда катталиги ёнғоқдай келадиган кўм-кўк помидорлар тугиб ётибди. Мен йўл кўрсатувчидан бу далани нима учун ҳайдаб ташлашмайди, деб сўрадим. У эса «Ҳосил яна сал-пал сарғайса териб олиб, консерва қилишади» дея жавоб берди. Италия қуёши, албатта, бизникидай эмас. Аммо итальянлар унинг охирги заррасигача фойдаланиш ҳадисини олган экан. Ўзбекистон куёши тўққиз-ўн ой кулиб туради. Юртимизнинг шу каби имконият ва неъматларидан унумли фойдалансак, меҳнат қилсак, Ўзбекистонимиз келажаги шунчалик порлоқ бўлади.

 

Бугун жомбойликлар ҳам шу туйғу билан меҳнат қилмоқда. Бу ерда эркин меҳнат ҳукмрон. Ер унинг қадрига етадиган эгасига берилган. Шу боис дастурхонлар тўкин элимия боши тўйдан чиқмайди. Хар бир киши эзгу тилак билан яшамокда. Биргина Аваз ака бош бўлган «Қаҳрабо-Янтарь муқобил МТП хамда «Омад» навли уруғчилик хўжалиги фаолиятини олайлик. Бу ерда меҳнат қилаётган 79 нафар фермер ва уларнинг 400 дан зиёд ишчиси, қолаверса, хўжалик аъзолари эришаётган меҳнат зафарлари, шу хизматлари туфайли олаётган даромадлари ва турмуш даражасининг яхшиланаётгани таҳсинга лойиқ. Улар ҳалол мехнат орқали ҳалол ризқ топаётирлар ва Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун муносиб мехнат улушларини қўшмоқдалар.

 

Дарҳақиқат Аваз Эргашев қаерда, қай даврада бўлмасин, ана шу пурмаъно сўзларни такрорлашдан чарчамасди. Одамларни мустақилликни қардлашга. Ватанни севишга, унинг ривожи учун меҳнат қилишга даъват этарди. Энг муҳими, нафақада бўлса-да, ўзи ҳам юртга фидойилик билан хизмат қилаётганлар орасида эди. Тупроқдан дур ундириб, ризқ-насиба яратган, деҳқончилик ҳадисини олган Аваз ака жомбойлик пахтакорларга мўл ва сара пахта етиштириш борасида йиллар оша орттирган тажрибаларини ўртоқлашишдан чарчамасди.

 

Айрим одамлар «Ер олсам, фермер бўлсам, даромаднинг ўзи сувдай оқиб келаверади. Маза қилиб, қориннинг сувини чайқамай яшайман», деб ўйлайди, деганди бир сафар куйинчаклик билан. Улар фермер деган номни яхши англамаганлиги учун шундай дейишади. Аслида, фермер ерни, кейин элни ўйлайдиган, кўпроқ пул эмас, обрӯ топишга интиладиган киши. Фермернинг элу юрт олдида доим юзи ёруғ бўлиши керак. Бу осон иш эмас. Тунни кунга улаб ҳам бу ишни уддалаш мушкул. Шунинг учун фермерни ҳузур-ҳаловатдан кечувчи, эл юкига елка тутувчи фидойи, деб билиш лозим, бунинг учун ҳар бир фермер «Дала одами» бўлиши шарт, дейишади.

 

Билсангиз, ер меҳнат қилган, меҳр берганни ёқтиради. Ер ҳам тирик организм. Тили йўқ, холос. Берсангиз беради. 10 тонна ҳосил олиш учун 20 тона озиқ беришингиз керак. Озиқ нима? Минерал ўғит эмас. Албатта Гўнг, жижа, фикал: Тупроқни бойитадиган ҳосилга ҳосил қўшадиган асосий омил шу. Яна чиринди, бегона тупроқ. «Бегона тупроқ – девона тупроқ», деб бежиз айтишмаган. Ҳеч бўлмаса, тупроғини алмашлаб қўйсангиз ҳам ер сизни сийлайди. Деҳқончиликнинг завқу шавқи шунда.

 

Бугун йўлингиз тушиб Жомбойга бориб қолсангиз. «Туманда куюнчак деҳқон, тажрибали пахтакор, заҳматкаш фермерлар ким бўлган?» деб сўранг. Улар, албатта, биринчилар қаторида Ўзбекистон Қаҳрамони Аваз Эргашев номини тилга олишади.

 

Аваз ака умрининг охирларидаги суҳбатларидан бирида шундай фикрларни билдирганди:

 

Ёшим 66 да. Кўп нарсани кўрдим. Билганим, англаганим шу бўлди: ҳеч нарса эркин яшаш, эркин меҳнат қилишга тенг келмас экан. Ахир тақдири ўзгалар ихтиёрида бўлган одам билан эркин одамнинг ишлашида, яшашида, ўйлашида катта фарқ бўлади-да. Кечагина дон экиб нонга, пахта экиб кийимга ёлчимаган мен каби минглаб деҳқонлар бугун қишлоқнинг бойига, мулкдорига айланди. Меҳнати қадр топди, давлатнинг юксак мукофотига сазовор бўлди, эл ҳурматига лойиқ кўрилди. Бунинг бош сабаби – Мустақиллик!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//