Комилжон Мамажонов


15:06 / 04.06.2024 242 0

1939 йил 8 майда Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган.

1989 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор» фахрий унвони,

1995 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

2014 йилда вафот этган.

 

Ўтган асрнинг қирқинчи йиллари баҳори, мулла Maмажоннинг қарори катъий эди: «Биринчилардан бўлиб оилам билан чўлга кўчиб бораман! Халқимиз не-не орзулар, қийинчиликлар билан катта Фарғона каналини қурди. Дилбар водийдаги бу чипта ямоқ бўлган чўлга сув келтириш, ерларни ўзлаштириш орзуси амалга ошганда энди у ерга бориб ишловчилар йўқ. Кимдир бировни бўлиши керак-да!» Тошлоқнинг Тожик қишлоғилик саводхон, маросимларга бош-қош бўлиб юрадиган Мамажон аканинг чўлга отланганидан кўпчилик ҳангу манг эди. Унинг режалари курдошлари Қурбонали, Ораимат, Абдуллажон, Мирзаолим, Усмоналига ҳам маъқул бўлиб, ким яккабош, баъзилари оиласи билан Найман чўлига отланишди.

 

Уларнинг сардори мулла Мамажон билан турмуш ўртоғи Холинисонинг ўғли Комилжон эндигина атак-чечак қилаётганди. Шунинг учун ҳам уни тошлоқликлар «Чўл боласи» дейишарди. Бу иборада Комилжон аканинг алпомишкелбати, йирик кафтларини ишқаб доимо кулиб туриши, болаларга хос самимияти, яхши ният йўлида ҳар нарсага кўникувчанлиги ҳам мужассам бўлса, ажабмас. «Мен шу тепаларга эмаклаб чиқиб юришни ўрганганман, ҳали-ҳали лабимдан арзик тупроқнинг дудмал таъми кетмайди», дерди у кенгликларга чексиз муҳаббат билан қараб

 

Комилжон ака «Атоқли ёзувчи Саид Аҳмаднинг «Уфқ» трилогиясидаги воқеалар бизнинг қишлоқда кечган», деб айтишни яхши кўрарди, ёшлигиданоқ ҳисоб-китобга пухта эди. Шунинг учун ўрта мактабни битириши биланоқ бригада бошлиғи Одилжон ака йигитчани дарҳол ёнига олди. Бир-икки синаб кўриб, ҳисоб-китоб ишларини унга топшириб қўйди. Ўша йили чўлда ўртача 40 центнердан, Тошлоқ тумани бўйича эса 35 центнердан пахта олинди. Бу юксак натижа туман раҳбарларидан икки киши Хорунбой Эрматов ва Турғунбой Дадажонов кўксига «юлдуз» қадади. Ўзи туғилиб ўсган туманнинг қўш раҳбари бир вақтда қўш қаҳрамон бўлганини эшитган Комилжон бу шарафга ўзи эришгандай қувонган ва қалбида эзгу орзулар уйғонган эди. Қаранг, ўсмирликдаги яхши нияти бутун умр йўлини ёритиб тургандай Комилжон Мамажонов ўзбек деҳқонлари орасида биринчи бўлиб «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди.

 

Қаҳрамонлик йўли, бу – отасидан мерос меҳнатсеварлиги, бир ишни охирига етказмагунча тиниб-тинчимаслиги, ҳар нарсага қизиқувчанлиги, тарихни яхши билиши ва бу билиму иқтидорини мустақил Ватан тараққиётига сафарбар этишдан бахтиёрлик. Ҳаётни чиройли, мазмунли, самарали қиладиган янгиликни эшитиб қолса, унга қизиқиш билан ёндашиш онаси Холинисо холадан «юққан».

 

1967 йил ёзи эди, деб эслайди Комилжон ака. Кутилмаганда уйимизга раис Холматжон ака келиб, отамни олиб чиқиб кетди. Кейин бирга қайтиб келишганда отам раисга юзланиб: «Розиман, лекин Холматжон, сиз ҳам Комилжонни қўллаб-қувватлаб турсангиз, розиман», деди. Ўша куни кечқурун дала шийпонида бригада аъзоларининг умумий йиғилишида раиснинг таклифи билан Комилжон бригада бошлиғи қилиб сайланди. У бу ишдан ҳайрон, чунки деҳқончилик, пахта илмини тузук-қуруқ билмасди. Аммо тиришқоқлиги, тиниб-тинчимаслиги, орияти баландлиги. билмаганини сўраб ўрганишдан тортинмаслиги ишончни оқлашида унга мадад, қанот бўлди. Бригада аъзоларининг ҳамжиҳат меҳнати билан ўша йилиёқ гектаридан режадаги 23 ўрнига 30 центнердан ҳосил олишди.

 

Тракторчидан чиққан бригадир ер илмини, деҳқончилик сирларини ҳам ўзлаштириб олди. Ҳамма соҳада тартиб-интизом, ҳисоб-китобни яхши кўрарди. Пахтачиликда қандай илғор технология бўлса, биринчилардан бўлиб унинг даласида қўлланиши одат тусига кирди. Бошқалар чигитни пуштага экишга ҳадиксираб турганда, Комилжон ака бригадасида барча майдонларга 90 см.га кенг қаторлаб уруғ ташлашди. Ҳар гектар ерга 25 килограммдан уруғ сарфланганда, кўпчилик «уддабурон» адашди, деб ўйлашганди. Лекин ер оби-тобида тайёрланиб, чигит агротехник муддатларда экилгани учун бехато униб чиқди. Ғўза яганаси учун сарфланадиган харажатлар тежалди. Рўза чеканкаси фақат механизмлар ёрдамида амалга оширилиб, замонавий биовоситалардан унумли фойдаланилгани учун ўн йиллар давомида ҳашаротларга қарши заҳарли кимёвий воситалар ишлатилмади. Мутахассислар буни вилоятдаги энг яхши тажриба, юқори натижалардан, деб эътироф этдилар.

 

Комилжон ака салкам ярим асрлик умрини ўзига қадрли жойларга туташ мавзеда ўтказди. Секин-аста одамлар хўжаликнинг марказий қўрғонига кўчиб кетишди. Комилжон ака чўлда оиласи билан ўн йилдан ортиқ яшагандан кейин қишлоқ марказига кўчиб ўтишга аранг кўндиришди. Ва бу ерга кўчиб келиши биланоқ уни маҳалла оқсоқоли этиб сайлашди. Даладаги юмушлардан ортиб бу вазифани ҳам сидқидилдан бажарди. Туманда биринчилардан бўлиб Хонариқда чойхона, сартарошхона. қассоблик дўкони, новвойхона, этикдўзлик дўконларини ўз ичига олган гузар ташкил қилди. Маҳалла аёлларининг таклифи билан тикувчилик цехини очди.

 

Комилжон Мамажонов катта – хонадоннинг бошлиғи эди. Ўзи кўнгил қўйиб уйланган Қоратепа қишлоғилик аёли Ойимчахон опа тақдиридан миннатдорлик билан сўзлайди: «Баъзилар омади юришиб юқорироқ лавозимга кўтарилса, дарров юриш-туриши ўзгаради. Иззатталаб бўлиб қолади. Болаларимнинг отаси ҳаёти давомида кўп лавозиму унвонлар, орденлар олди. Лекин ўша-ўша оддий ва камтарин, болалардай қизиқувчан ва ишонувчан инсон бўлиб қолди. Тўнғич қизимиз Олмахон уй бекаси, Лолахон болалар боғчасида тарбиячи, Отикахон эса ҳамшира».

 

Комилжон ака ҳар доим беморлар ҳолидан хабар олар, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватларди. Ҳамқишлоқлари унинг «ҳамма ерда ҳозиру нозир бўлган»ига кўп мисол келтиришади.

 

1995 йил 25 август куни ҳам одатича бомдод намозидан сўнг далага отланди. Тонг ғира-ширасини енгилгина чақмоқлар тиғи ёриб ўтди. Комилжон аканинг хаёли ёғин-сочинга қолдирмай ҳосилни нобудсиз йиғиб олишда эди. Хонадонлардаги радио, телеэкранлардан Комилжон Мамажоновга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилгани ҳақидаги хушхабар чақмоқ нуридай бир зумда қишлоқ, туман, вилоят, водийга ёйилди. Уни биринчи бўлиб олий унвон билан табриклаганлар ўттиз йиллик ҳамкасблари худди ўзлари бу шарафга эришган каби хурсанд эдилар.

 

Ҳаёту фаолиятингдан жигарларинг, маҳалладош, элу юртдошлар рози, миннатдор бўлса; инсоний бурч деб сидқидилдан қилган ишларинг Ватаннинг энг юксак унвонига сазовор бўлса, бундан ортиқ бахт борми?!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//