1937 йил 21 июлда Украинанинг Мелитопол шаҳрида туғилган.
1961 йилда Днепропетровск кончилик институтини кон муҳандиси мутахассислиги бўйича тугатган.
Навоий вилоятининг Учқудуқ шаҳрида кон устаси вазифасида меҳнат фаолиятини бошлаган.
1985 йилда Навоий конметаллургия комбинати бош директори этиб тайинланган.
«Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати». «Фидокорона хизматлари учун» орденлари, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан мукофотланган.
2018 йилда вафот этган.
Ўзбекистон заминида моддалар даврий тизимида қайд қилинган барча элементлар борлиги аллақачон тан олинган. Уларни қазиб олиш ва қайта ишлаб, аҳоли фаровонлиги йўлида истифода этиш жамият ҳаётида катта аҳамиятга эга. Бепоён Қизилқум кенгликлари бағрида қад ростлаган гигант корхоналарда минглаб одамлар меҳнат қилиб келмокдалар Бу саноат мажмуаларида дунёнинг турли илмий масканларида кашф қилинган янгиликлар ишлаб чиқаришга жорий этилади. Бу жараёнда халқнинг кўплаб қаҳрамонлари тарбияланиб, вояга етади. Турли дин ва миллатдаги одамлар мақсадлар умумийлиги шиори остида бирлашиб, инсон салоҳиятининг нодир қирраларини намоён этишади.
Жумладан, 1958 йили Учқудуқда, марказий Кизилқумда уран комбинатининг қурилиши кенг қулоч ейди. Шундан уч йил ўтгач, бу ерда муҳандис-шахта қурувчиси дипломи билан келган ёш мутахассис Николай Иванович Кучерскийнинг иш фаолияти бошланди...
Днепропетровск кончилик институтини кон муҳандиси мутахассислиги бўйича тугатиб, шу йили Ўзбекистонга келиб Учқудуқ шаҳрида кон устаси вазифасига қабул қилинди. Шу конда ўн йил давомида участка бошлиғи, карьер бошлиғи, очиқ кон бошлиғи пиллапояларини босиб ўтди. Николай Иванович кейинги 14 йилда олтин олиш мажмуасида Марказий кон бош қармасининг бош муҳандиси лавозимида фаолият юритди.
У 1985 йилда Навоий кон-металлургия комбинатининг бош директори этиб тайинланди.
Николай Иванович ишлаб чиқариш соҳасини пухта билиши улкан тажрибаси туфайли мамлакатимиз кон-металлургия саноатининг йирик лойиҳаларига раҳбарлик қилди. Николай Кучерский раҳбарлиги даврида бор куч-ғайратини билимини олтинни очиқ усулда қазиб олишни жадал ривожлантиришга сарфлади. Айниқса, Зарафшон, Учқудуқ олтинни қайта ишлаш мажмуаларини ташкил этиш ва янада ривожлантиришга, уран қазиб чиқаришни қудуқ бурғилаган ҳолда ер остида танлаб эритишдек камчиқим усулга ўтказишга катта ҳисса қўшди. Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш ва ривожланган инфратузилмага ҳамда ижтимоий соҳа объектлария эга бўлган Навоий, Зарафшон, Учкудук, Зафаробод, Нуробод каби замонавий шаҳарлар қурилиши ва ободлигида ҳам ўзининг фидойилигини кўрсатди. Техника фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мухандис, Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтининг фахрий профессори Николай Иванович Кучерский катта илмий-тадқиқот ишлари олиб борди. У 150 га яқин илмий ишлар ва кон-металлургия соҳасидаги 14 та ихтиро муаллифи.
Николай Кучерскийнинг Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, кон-металлургия саноатини жадал ривожлантиришга қўшган ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. 1996 йилда унга олий мукофот – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилди. Шунингдек, у 1994 йилда «Дўстлик», 2000 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ва 2007 йилда «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан мукофотланган.
Николай Кучерский ўзининг самимийлиги, барчага бирдек меҳрибонлиги, одамларни тинглай ва тушуна олиши, шунингдек, инсонлардан қўлидан келадиган барча ёрдамини аямаслиги билан кишиларда яхши таассурот қолдирар эди.
Кучерский ўз ишининг ҳақиқий устаси ҳисобланарди. Унинг ўзи шу нарсага амин эдики, чуқур касбий маҳорат ва билим эгаси бўлмасдан кон-металлургия комбинатидек улкан мажмуага раҳбарлик қилиш мумкин эмас. Чунки нотўғри қабул қилинган битта қарор ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари туфайли бу ердаги минглаб одамлар учун тузатиб бўлмайдиган хатога айланиши мумкин.
Американинг биография институти жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган инсонларни тақдирлаб боради. 2004 йилда Навоий кон-металлургия комбинати директори Николай Кучерский «Йил одами» эътирофи ва «Мустаҳкам ирода ва ютуқлари учун» медали билан тақдирланди. Николай Кучерский бу юқори унвонга яна икки марта, яъни 2000 ва 2003 йилларда ҳам сазовор бўлган.
//
Изоҳ йўқ