Иброҳим Файзуллаев


12:05 / 23.05.2024 250 0

1933 йил 25 августда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган.

1969 йили Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган.

1971 йилда туман қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларнинг сифати бўйича давлат инспекцияси мутахассиси.

1983 йилнинг 11 февралидан Денов туманидаги Собир Раҳимов номидаги хўжаликда раҳбар вазифаларида меҳнат қилган.

1993 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвонини олган.

1994 йилда «Иброҳим» хусусий чорвачилик хўжалигини ташкил қилди.

1996 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

 

Қўл-оёғи чаққон Иброҳим табелчига ёрдамчи бўлди, тез орада мустақил иш бошлади. Жамоа хўжалиги раҳбарлари уни бригадага етакчи қилиб тайинлашди. Зоотехник, ферма мудири бўлиб ишлаб юрган кезлари Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини сиртдан ўқиб тугатди. Аввал агроном, кўп ўтмай, бош агроном вазифасига кўтарилди. Малакали мутахассис сифатида туман қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларнинг сифати бўйича давлат инспекциясига мутахассис этиб тайинланди. Кўп ўтмай, Иброҳим Файзуллаевни шу идорага раҳбарликка лозим кўришди.

 

1983 йили Собир Раҳимов номидаги хўжаликда ўттиз беш йил самарали раҳбарлик қилган Қурбон Жўраев совғалар билан пенсияга кузатилди. Сўнг Иброҳим Файзуллаев кўпчилик овоз билан унинг ўрнига раис этиб сайланди.

 

Ушбу хотираларни Иброҳим ака эслар экан, бу ишонч ва эътиборга касбга фидойилик, она ерга муҳаббат, қолаверса, бурчга содиқлик каби фазилатлар орқали эришганига амин бўлди.

 

Энг муҳими, унга халқнинг билдирган ишончи эди.

 

Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, вилоят ва туман фаоллари ҳамда халқ ўртасида ҳурмат, эътибор қозонган салоҳиятли агроном-олим, илғор фермер, самимий ва жонкуяр инсон Иброҳим Файзуллаевнинг «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлиши тасодиф эмас.

 

– Инсон ерни суйса, ер ҳам билар экан. Барча ризқ-насибани ер орқали оляпмиз. Деҳқонга, инсонга қадрни, ҳурмат-эътиборни ҳам ер берар экан. Мен ҳаётим давомида қанча муваффақиятга эришган бўлсам, буни она еримнинг ҳиммат-марҳамати деб биламан, дейди Иброҳим ака. Иброҳим Файзуллаев ерларни ўз вақтида ўғитлаш орқали пахта ва ғалла етиштиришда юқори натижаларга эришди Юқори натижаларга эришишнинг калити илғор технология ҳисобланади. Ишнинг кўзини билган фермер тупроқ унумдорлигини яхшилаш, сув-ёнилғи ресурсларини 30-35 фоизга тежаш, ҳосилдорликни 25-30 фоиз оширишга эришди.

 

Бугунги кунга келиб, хўжаликнинг экин майдонида 26 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Бу дегани 26 та оилада қора қозоннинг қайнаши, шу оилага ризқ-насиба келиши демакдир.

 

2017–2019 йилларда хўжаликда пахта ва ғалла етиштирилиб, пахтачиликда 49–53 центнердан, ғаллачиликда 71–72 центнердан ҳосил олинди.

 

2020 йилда пахта ва ғалла ҳосили етиштирилиб, шартнома мажбуриятлари пахтачиликда 103 фоизга, ғаллачиликда 107 фоизга бажарилди. Ҳосилдорлик пахтачиликда 41 центнерни ғаллачиликда 69 центнерни ташкил қилган. Иброҳим Файзуллаев томонидан ғўзанинг серҳосил, эртапишар ва узун толали ИФ-2. ИФ-3 навлари яратилиб, юқори ҳосил олишга эришилмоқда.

 

Кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этиш мақсадида Иброҳим Файзуллаев чорвачилик тармоғи фаолиятини йулга қўйди. Ҳозирги кунда хўжаликда қорамол парвариш қилиниб, туман аҳолисига гўшт-сут маҳсулотларини етказиб бермоқда Шунингдек, ипак хомашёси етиштиришнинг самарали агротехник тадбирларини чуқур ўрганиб, белгиланган топшириқларни ўз вақтида сифатли бажариб, йилдан-йилга юқори ҳосилдорликка эришиб келмоқда.

 

Иброҳим Файзуллаев тумандаги ёш фермерларга экин майдонларининг тупроқ унумдорлигини ошириш, юқори ҳосил олиш борасида амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Жумладан, у ҳудуддаги ҳосилдорлиги паст бўлган 5 та фермер хўжалигига аниқ амалий ёрдам кўрсатиши натижасида сўнгги беш йилда ушбуларнинг ҳосилдорлиги пахтачиликда ўртача 2–3 центнерга, ғаллачиликда 6–7 центнерга ўсишга эришилган.

 

Иброҳим ака турмуш ўртоғи Райҳона опа билан 3 қиз ва 3 ўғилни вояга етказишди;

 

11 набира, 17 чевара ҳамда эвараларнинг буви ва буваси. Бугунги кунда ота ёнида Исломбек камарбаста. Фарзандлар отасидан нафақат ҳаёт сабоқларини, балки ер билан тиллашишни, фермерлик сирларини ҳам ўрганишмоқда.

 

Иброҳим Файзуллаев ҳомийлик ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ҳудудни ободонлаштириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга маблағлар ажратган. Хайр-эҳсоннинг ҳикмати кўп, инсонларга яхшилик улашса, инсон қалби ҳам тоғдек кўтарилади. Ана шу шиорга умри давомида амал қилиб келган Иброҳим ака юртдошларининг оғирини енгил қилишдан чарчамайди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//