Ислом Каримов


11:08 / 05.08.2021 1005 0

 Ислом Абдуғаниевич ўз ҳаёти ва фаолиятининг мазмуни бўлган “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!” деган эзгу ғояни илгари сурдилар ва бу даъват барчамизнинг қалбимиздан чуқур жой олди.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида туғилган.

Ўрта Осиё политехника институти, Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган.

1983 1986 йилларда молия вазири,

1986 йилда Министрлар Кенгаши раиси ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси раиси бўлган.

1990 – 2016 йиллар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти сифатида фаолият юритган.

1994 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони,

1996 йили “Мустақиллик” ордени,

1997 йили “Амир Темур” ордени билан тақдирланган.

 

2016 йилда вафот этган.

 

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларга тўғри келди. 1955–1960 йилларда Ўрта Осиё политехника институтида ўқиди. Меҳнат фаолиятини “Тошсельмаш” заводи­да бошлади. 1961 йилда Тошкент авиация заводида муҳандис лавозимига тайинланди, шу йилларда Тошкент халқ хўжалиги институтининг кечки бўлимида ўқиди. 1973 йилда “Ўзбекистон саноатининг тармоқ тузилиши ва уни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1994 йилда унга иқтисод фанлари доктори илмий даражаси, макроиқтисодиёт бўйича профессор илмий унвони берилди, Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолигига сайланди.

1966 йилдан эътиборан Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон Давлат режа қўмитасида фан бўлими бош мутахассислигидан қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. 1983 йилда Молия вазири, 1986 йилда Министрлар Кенгаши раиси ўринбосари – Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси раиси бўлди.

Ўша йилларда собиқ иттифоқда глобал сиёсий жараёнлар бошланганди. Ислом Каримовнинг Қашқадарё вилояти раҳба­ри сифатидаги фаолияти шу даврга тўғри келди. «Пахта иши», «ўзбеклар иши» деган сохта айбловлар билан кўплаб бегуноҳ ватандошларимиз жазога тортилганди. Ислом Каримов жабрдийда халқ қалбига малҳам бўлди, унинг қатъияти билан нафақат қашқадарёлик, кейинчалик республикамиз бўйича минглаб ноҳақ қамалганлар оилаларига қайтди. Вилоятдаги уч йиллик фаолияти унинг тақдирида бурилиш ясади: дала меҳнаткашларининг ҳақиқий ҳаёти билан яқиндан танишди ва чинакам етакчи сифатида халқимиз манфаатини ҳимоя қи­лиш, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришни ўз фаолияти­нинг бош мақсади деб билди.

1989 йил 23 июнь куни И.А.Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб сайланди. Ўша пайтда кескин ижтимоий-сиёсий муаммолар юзага чиққан, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраб, республика жар ёқасига ке­либ қолганди. Шундай мураккаб ва таҳликали шароитда мам­лакатга раҳбарлик қилиш Ислом Каримов зиммасига тушди. У Ватанининг жонкуяр фарзанди сифатида халқи бахтли ва фаро­вон турмуш кечириши учун фидойилик билан билим, тажриба, куч-қувватини сафарбар қилди.

1989 йилнинг октябрида узоқ йиллар иккинчи даражали бўлган ўзбек тилига давлат тили мақомини берган “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 1990 йили Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий қилинди.

1991 йил 31 август куни Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилди ва бутун ҳаётини она Ватанимиз, унинг тараққиёти ва келажаги учун бағишлади, чорак аср Ўзбекистонга раҳбарлик қилди.

Ўша давр учун энг муҳим вазифалар: Ўзбекистоннинг суверен, мустақил дав­лат сифатида эътироф этилишига эришиш, мамлакат халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланиши зарур эди. Президент Ислом Каримов ҳозиржавоб ички ва ташқи сиёсий фаолиятини бошлади. 1992 йил 8 де­кабрда унинг бевосита раҳбарлигида Ўзбе­кистон Республикаси Конституцияси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

1992 йил 2 март куни Ўзбекистоннинг Бир­лашган Миллатлар Ташкилотига қабул қили­ниши Ватанимиз тараққиётида янги босқич­ни бошлаб берди, фаол халқаро иқтисодий, илмий-техникавий, маданий ҳамкорлик учун имкониятлар яратилди. Ўзбекистон Республи­касининг Ташқи сиёсий фаолияти концепци­яси ишлаб чиқилди. Бу ҳужжат моҳиятини тинчликсеварлик ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, ҳар қандай зиддият ва низоларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал қилиш ташкил этди.

Ўзбекистонда кенг кўламли янгиланишлар бошланди. Замонавий технологияларга асосланган янги саноат тармоқлари бар­по этилди. Йўл-транспорт ва муҳандис­лик-коммуникация инфратузилмалари бунёд этилди. Халқнинг ерга, мулкка эгалик ҳуқуқи қайтди, фермерлик ҳаракатига асос солинди, тадбиркорлик ривожланди. Замо­навий миллий армия барпо этилди. Маъ­навий қадриятларимизни тиклаш, муқад­дас динимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. У бутун фаолияти давомида “Халқимизга тинчлик ва хотиржамлик керак. Бу – Ўзбекистон халқи хоҳиши, мақсади, қарори” деган шиорга қатъий амал қилди.

Ислом Каримовнинг вафоти республикамиз фуқароларини оғир қайғуга солди.

Ислом Каримов номини абадийлаштириш мақсадида қатор ишлар амалга оши­рилди. Жумладан, Тошкент, Самарқанд, Қар­ши шаҳарларида ҳайкаллари бунёд этилди. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган манзилда шарқона анъаналар асо­сида мақбара қурилиб, зиёратгоҳга айлан­тирилди. Ватанимиз мустақиллигининг меъмори, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Каримовнинг порлоқ хотираси ҳамиша қалбларимизда яшайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//