1949 йил 1 февралда Чимбой туманида таваллуд топган.
1972 йили Андижон тиббиёт институтини тамомлаган.
1992–1994 йиллари Қорақалпоғистон Республика туғруқхонасининг бош шифокори,
1994–1998 йиллари гинекология бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган.
2015 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал марказида патология бўлимида шифокор ординатор лавозимида фаолият олиб бормоқда.
1997 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
Онесия Сайтова ўз меҳнат фаолиятини 1972 йили Шуманай туманида қишлоқ поликлиникасида бошлаган. Иш фаолиятининг дастлабки пайтлари эди. Муйноқ туманида оғир аҳволда ётган аёлга тиббий ёрдам кўрсатиб, унинг аҳволидан кўнгли хотиржам бўлиб уйига қайтгунча, кун анча кеч бўлганди. Ҳовлисига яқинлашиб келаркан, дарвоза олдида «Санавиация» машинаси турганини кўрди. Шуманай туманига – оғир ётган беморнинг олдига бориш кераклигини айтишди. Онесия уйга ҳам кирмасдан, машинага ўтирди. Чин шифокорнинг ҳаёти шунақа: Онесия Сайтовнанинг фаолияти давомида бу каби воқеалар неча бора такрорланганининг ҳисоби йўқ.
Оилавий шароитларидан келиб чиқиб, 1974 йили Нукус шаҳрига кўчиб келишгач, Онесия шаҳар хотин-қизлар маслаҳатхонасида ҳудудий акушер-гинеколог шифокори лавозимида ишлай бошлади. У ўзига бириктирилган ҳудудда истиқомат қилувчи аёлларнинг аҳволидан доим хабар олар, айниқса, ҳомиладор аёлларни ўз вақтида аниқлаб, рўйхатга олиб, уларнинг саломатликларини мунтазам назорат қилиб борар эди.
1978 йили Нукус шаҳар туғруқхонасида ординатор шифокори бўлиб ишлади. Бу ерда ҳам касбига меҳр, масъулият билан ёндашгани беморларга жонкуярлиги, илиқ муносабатида намоён бўларди. Оғир вазиятларда вазминлик, билимдонлик билан беморлар ҳаётини сақлаб қолишга сабабчи бўлди, халқ ҳурмат ва эътиборига эришди.
1985–1987 йиллари ёш мутахассис сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида бош мутахассис лавозимида фаолият олиб борди.
Мустабид тузум даврида аёллар, болаларнинг соғлом ва бахтли ҳаёти ҳақида чиройли шиорлар кўп бўлган. Аммо Ўзбекистонда иттифоқдош республикалар орасида оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи анча юқори эди. Тиббиёт тизимида ҳам бошқа соҳалардаги каби аҳвол аянчли эди. Айниқса, айрим чекка қишлоғу овуллар аҳолиси, жумладан, ҳомиладорлар ҳам битта қон таҳлили ўтказиш учун юзлаб километр йўл босиб марказга боришлари керак эди. «Ҳомиладорлиги асорат билан кечаётган айрим аёллар транспорт етишмаслиги туфайли туғруқхонага вақтида етиб боролмай, нохуш ҳолатлар юз берган пайтлар ҳам кўп бўлган», деб эслайди Онесия Сайтова.
Шунинг учун ҳам шифокор ўша йиллари Шуманай, Чимбой. Элликқалъа, Қораўзак туманларининг марказий шифохоналарида янгидан туғруқхоналар очилиб, улар зарурий тиббий анжомлар билан жиҳозланмагунча тиниб-тинчимади. Шифокор мутахассисларни тайёрлашга, уларга керакли вақтда маслаҳат беришга тажрибали, малакали ҳамкасбларни жалб этди.
1992–1994 йиллари республика туғруқхонасининг бош шифокори лавозимида ишлаган пайтлари ҳам ҳали оналар ва болалар ўлими кўрсаткичлари ўзгармаган, айниқса, Оролбўйи ҳудудларидаги оғир экологик вазият таъсирида соғлиғини йўқотган аёлларда туғруқдан кейин қон кетиши ҳолатлари кўпайганди. Бундай ҳолатлар ва уларнинг оғир оқибатларининг олдини олиш учун ўша йиллари республика туғруқхонасида қон қуйиш бўлими ташкил этилиб, плазма ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши қанчадан-қанча аёлларнинг ҳаёти сақлаб қолинишига сабаб бўлди. Шифохонада реанимация гематология бригадаси ташкил этилиб, тажрибали мутахассислар куну тун фаолият олиб борди. Мазкур бўлимга қанчадан-қанча аёллар оғир аҳволда туманлардан келиб, Онесия Сайтова ҳамда унинг касбдошлари муолажаси, малҳам сўзларидан дардларига шифо топиб кетган.
Онесия Сайтова бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази патология бўлимида шифокор ординатор лавозимида ишламоқда. Одатда касални даволашдан кўра унинг олдини олиш мақсадида хотин-қизлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Аёллар ўртасида шахсий гигиена талабларига риоя қилиш, жисмоний машқлар билан соғликларини мустаҳкамлаб, тўғри овқатланиш кўникма-малакаларини шакллантиришнинг афзалликлари ҳақида тизимли равишда тадбирлар ўтказилмоқда.
//
Изоҳ йўқ