Қобилжон Абидов


12:05 / 23.05.2024 269 0

1951 йил 20 апрелда Андижон вилояти Хонобод шаҳрида туғилган.

1972 йилда Андижон Пахтачилик институтини тамомлаб, Андижон сув қурилиш трести бошқармасида иш фаолиятини бошлаган.

1986–1987 йилларда Андижон сув қурилиш трести бошқарувчиси,

1987–1988 йилларда Андижон сув қурилиш-монтаж ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи вазифаларини бажарган.

1988–1992 йилларда Марҳамат тумани ҳамда Андижон шаҳрида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

1993–1996 йилларда Андижон вилояти ҳокими бўлган.

1996–1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

1997–2004 йилларда Андижон вилоят ҳокими лавозимида меҳнат қилган.

1995 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени,

1998 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвонига сазовор бўлган.

 

Қобилжон Абидов қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллар меҳнат қилиб, билимдон мутахассис, одамларни катта мақсадлар йўлида бирлаштира оладиган ташкилотчи, малакали кадрларни тўғри танлаб, жой-жойига қўядиган ва ходимлар меҳнатини қадрлаб, қўллаб-қувватлайдиган жонкуяр раҳбар бўлиб танилди.

 

Қобилжон ака раҳбар сифатида ўзига ва ишчи-ходимларга ўта талабчан, дейди у билан узоқ йиллар бирга ишлаган Ҳамидулло Халилов. Аввало ишчи-ходимларга унумли, яхши ишлаш, кўнгилли дам олиш учун тўкис шароитлар яратиб қўярди. Сув қурилиш трести бошқармасида ўн икки мингдан ортиқ ишчи-хизматчиларга бош бўлди. Фаолияти давомида техника воситаларининг ярмидан кўпи замонавийларига алмаштирилди. Натижада ишлаб чиқариш самарадорлиги ва шунга мос равишда иш ҳақи ҳам мунтазам ортиб борган.

 

Қобилжон Абидов Марҳамат тумани ҳамда Андижон шаҳрида биринчи раҳбар бўлиб ишлаган йиллари саноат, қишлоқ хўжалиги, маданий-маиший, тиббиёт ва таълим соҳасини ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратди. Андижон шаҳрининг қайси томонидан кириб келинса ҳам, каттаю кичик йўлларда баҳордан кузгача гуллар очилиб тургани овоза бўлиб кетди. Мустақиллигимизнинг илк йилларида бу ташаббус қўшни вилоятларга ибрат бўлди. Қобилжон Абидов Андижон вилояти ҳокими лавозимида ишлаган йилларда ғалла билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, дон етиштиришни тизимли ташкил этишга киришди. Бунинг учун аввало уруғчиликни изга солиш, серҳосил навларнинг маҳаллий шароитга мослашувини илмий жиҳатдан ўрганиш, қисқаси, селекция мактабини яратиш зарур эди. Унинг ташаббуси билан тузилган ишчи гуруҳлар бошоқли экинлардан сифатли ва юқори ҳосил етиштиришда илғор мактабларга айланган хорижий ғаллакор хўжаликлар тажрибасини ўрганиб келди. Етиштирилган дон ҳосилини тозалаш, саралаш, зараркунандаларга қарши ишлов беришгача бўлган жараёнга Германия технологияси жорий этилди, саккиз жойда уруғлик тайёрловчи «Петкус» русумли универсал технологиялар ўрнатилди. Бу ташаббус мамлакатда ғалла барқарорлигини таъминлашга пойдевор бўлди. Андижонда ташкил этилган дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтида селекция мактаби пайдо бўлди, бу ерда яратилган «Чиллаки» нави ҳамон харидоргир, аксарият вилоятларда экилмоқда.

 

Ўша йиллари пахта мавсуми уч-тўрт ойлаб давом этиши натижасида харажатлар ортиб, даромад камайиши. пахтакорлардан тортиб пахта теримига жалб этиладиган минглаб одамларнинг, ҳатто қишгача далада қолиб кетиши одатий ҳолга айланганди. Қобилжон Абидов бу масалада ҳам бош қотириб, мукаммал агротехнология яратиш устида иш олиб борди. Шу мақсадда чигитни плёнка остига экиш, пахтанинг эртапишар навларини яратиш, қайта ишловчи корхоналар технологияларини такомиллаштириш ишлари амалга оширилди. Тинимсиз изланиш ва фидойи меҳнатлар самара берди – август ойидаёқ 40 дан зиёд хўжалик ва айрим туманлар пахта тайёрлаш режасини бажариши, вилоят миқёсида эса сентябрь ойидаёқ мўлжалдаги хирмоннинг яратилиши оддий воқеликка айланди.

 

Мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун 1998 йили Қобилжон Абидов «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ҳамда «Олтин юлдуз» медали билан тақдирланди.

 

Қобилжон Абидов нафақага чиққан бўлса-да, меҳнат, изланиш, эзгу ишларга ҳисса қўшишга одатланган инсон сифатида ҳозирги кунда ҳам эл-юрт равнақи йўлида камарбаста. У 2016 йилда Андижон ўрмон хўжалигига раҳбар этиб тайинланганда. хўжалик 2 минг гектар ер майдонига эга бўлиб, йиллик даромади 430 миллион сўмни ташкил этар, 100 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қиларди. Адирликлар, дарё ва сой қирғоқларини ўзлаштириш эвазига 2020 йилга келиб ўрмон хўжалигининг ер фонди 10 минг гектарга етди. Ялпи даромад 8,2 миллиард сўм бўлиб, бунинг ҳисобига мустаҳкам моддий-техник база яратилди, доимий ва мавсумий ишловчилар сони 700 нафардан ортди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//