1940 йил 5 ноябрда Андижон вилояти Олтинкўл туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини тумандаги «Намуна» жамоа хўжалигида бошлаган.
1977 йилда Андижон пахтачилик институтини битирган.
2005 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.
2008 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
2006-2018 йилларда «Олтинкўл водий гулшани» фермер хўжалиги бошлиғи бўлган.
2018 йилда вафот этган.
Cиёсатхон Абдуллаева меҳнат фаолиятини Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги «Намуна» жамоа хўжалиги ишчиси сифатида бошлаган. 1972–1978 йилларда «Намуна» жамоа хўжалигидаги болалар боғчасида тарбиячи, кейинчалик шу хўжаликда фермер, 1978–2006 йилларда «Намуна» компаниясида фермер пудратчи, 2006–2018 йилларда «Олтинкўл водий гулшани» фермер хўжалиги бошлиғи сифатида фаолият юритган.
Иш жараёни давомида пахтачилик, ғаллачилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини, фермерлик харакатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. Моҳир ва тажрибали агроном раҳбарлигидаги жамоа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича барча шартнома мажбуриятларини бажариб, мамлакат миқёсида юқори кўрсаткичларга эришиб келган.
Сиёсатхон Абдуллаева фермерчилик соҳасида кўп йиллик тажрибага эга эди, у пахтачиликда янги технологияларни татбиқ қилиш бўйича эксперт сифатида ҳам ишлади; айни соҳада ўзига хос «Андижон мактаби»ни яратишда фаол иштирок этган мутахассис деҳқонлардан саналади. Тажрибали агроном билим ва илғор тажрибаларга қатъий амал қилгани, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида муайян тадбирларни амалга ошириб, тизимли иш олиб бориши натижасида хўжалик экин майдонларининг унумдорлик кўрсаткичлари ортиб бориб, фермер хўжалиги мунтазам ғолиблар сафида эътибор қозонди.
Сиёсатхон Абдуллаева қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувдан оқилона фойдаланиш тизимини йўлга қўйган. «Чилла суви тилла суви» деган нақлга ҳар доим амал қилиб, ҳар йили қиш мавсумида ғалла майдонларини суғоришга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг натижасида дон ҳосилдорлиги 65-67 центнерни ташкил қилган.
Фермер хўжалиги тасарруфида тикувчилик ҳамда ёғочни қайта ишловчи кичик корхона ташкил этилган бўлиб, унда 50 дан ортиқ хотин-қизлар ва қишлоқ ёшлари иш билан таъминланди.
Сиёсатхон Абдуллаева саховатпешалиги билан ҳам бошқаларга ибрат эди. Эҳтиёжманд оилаларни доим иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлади, кўчаларни ободонлаштириш, мактаб таъмири, ариқларни тозалаш каби ишларда ташаббускорлик ва ҳомийлик қилди. Тумандаги агроиқтисодиёт, саноат касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари унинг фермер хўжалигида хар йили амалиёт ўташларига шароит яратди. Битирувчилардан ўндан ортиғини ишга қабул қилди.
Сиёсатхон Абдуллаева маҳаллаларда ва ўқув даргоҳларида бўлиб ўтадиган давра суҳбатлари, мулоқотларда мустақиллик Йилларида меҳнаткашлар, айниқса, тадбиркор ва фермерлар бор имкониятларини ишга солиб, ташаббускорлик билан иш олиб боришлари учун яратилган кенг шароитлар, уларнинг афзалликлари ҳақида ўз ҳаёти ва фаолияти мисолида мароқ билан гапирарди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришган ютуқлари, фидойи меҳнатлари учун Сиёсатхон Абдуллаева «Дўстлик» ордени, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.
Меҳнатсевар, олижаноб, элсевар фермер Сиёсатхон Абдуллаева меҳнаткашлиги, саховатпешалиги, уддабуронлиги билан яхши хотиралар қолдирди. Аллоҳ охиратларини обод этсин!
Инсоният тамаддунида деҳқончиликни аёллар кашф қилган, дейишади. Аммо бу касб катта куч-ирода талаб қилганидан кейинчалик эркакларнинг машғулотига айланган. Олис мозий ҳақиқатининг гўзал бир ифодаси шуки, республикамизда ҳар жиҳатдан ибратли кўплаб деҳқон аёллар фаолият олиб боришади. Азалдан аёл матонатига бош эгган кекса дунё яна бир марта бу ҳикмат қаршисида таъзимда. Нафислик ва гўзаллик, оналик ва мураббийлик фазилатини жасорат ва мардоналикка эш қилиб, ўзидан ёрқин хотиралар қолдирган Сиёсатхон ая ҳам ёш авлодга ибратли ҳаёт мактабини тортиқ этган. Бу мактабнинг даргоҳи доим мунаввар бўлгай.
//
Изоҳ йўқ