1939 йил 21 мартда Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) туманида туғилган.
1961 йилда Самарқанд давлат университетини физика мутахассислиги бўйича тамомлаб, Ҳамид Олимжон номли ўрта мактабда ўқитувчилик қилган.
1981 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини агроном мутахассислиги бўйича тугатган.
1995 йилдан Жиззах педагогика институти қошидаги иқтидорли болалар лицейи директори,
2007 йилдан бошлаб 2-академик лицей директори вазифаларида ишлаган.
1990 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими»,
2002 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
2020 йилда вафот этган.
Тарбия ҳар қандай жамият ва мамлакат ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шуни унутмаслигимиз керакки, эртанги кунимиз фарзандларимизнинг ҳан дай таълим ва тарбия олишига боғлиқдир. Бизнинг қаҳрамонимиз Марат Зокировнинг ҳаёт йўли бевосита таълим-тарбия билан боғлиқ.
Марат Зокиров Жиззах туманидаги Ҳамид Олимжон номли 16-ўрта мактабда физика ва математикадан дарс бериб юрган пайти физика кабинетини жиҳозлаш ва ўқиш самарадорлигини ошириш бўйича салмоқли ишларни амалга оширди. Туманда биринчи бўлиб физика хонасини техника воситалари билан жиҳозлаб, таълимда янги технологиялар жорий этди.
Марат Зокиров педагогик ва жамоатчилик фаолияти давомида туман мактабларининг қурилишига, уларда чет тиллари ўқитилишига алоҳида эътибор берди. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда бир қатор ишларни амалга оширди, жумладан, отиш тирларининг қурилишига бош-қош бўлди. Болаларнинг соғлом ва бақувват ўсишлари учун тумандаги қирқдан ортиқ мактабларда гимнастика майдончалари қурилиб, фойдаланишга топширилишида жонбозлик кўрсатди.
У 1984 йили Жиззах туманидаги Зокир Норматов номли умумтаълим мактабига директор лавозимига тайинланди. Унинг раҳбарлигида мактаб, оила ва жамоатчилик ҳамкорлиги яхшиланди. Республикада ягона бўлган пульт билан бошқариладиган физика кабинети яратилди.
1989 йилда ўтказилган «Йил мактаби» танловининг республика босқичида мактаб II ўринни эгаллади. 1990–1991 йилларда физика ва биология фанлари бўйича республика олимпиадалари ҳам шу мактабда ўтказилди. У раҳбарлик қилган билим даргоҳи республикада намуна таянч мактабига айлантирилди. Бу муваффақият замирида қаҳрамонимизнинг меҳнати ва изланишлари ётади.
Марат Зокиров бу хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» унвонига сазовор бўлди.
Моҳир устоз 1995 йилда вилоятдаги Иқтидорли болалар лицейига директорлик лавозимига ўтказилди. Бу даврда вилоят бўйича иқтидорли болалар танлаб олиниб, уларга бериладиган таълим ва тарбия ишлари янгича йўналиш касб этди. Лицейда 2500 дан ортиқ иқтидорли болалар ҳаётга йўл олди. 2007 йил сентябрь ойидан бошлаб 2-академик лицейига айлантирилди.
Таълим соҳасини ривожлантиришдаги меҳнатлари учун Марат Зокиров «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.
Академик лицейнинг ўн нафар ўқувчиси: Сайёра Муродова, Дилфуза Ражабова, Гулрух Мухторова, Дилфуза Маҳкамова Маъмура Ёқубова, Юлдуз Зоирова, Бахтижон Исроилова, Моҳира Абдуллаева, Азиза Шокирова ва Зуҳра Йўлчиевалар Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлдилар. Соҳиба Қўлдошева ва Маъмура Ёқубовалар республика ёшлар танловида ғолиб деб топилди.
– 2004 йили мактабнинг 9-синфини якунлаб. Жиззах давлат педагогика институти қошидаги Иқтидорли болалар (ўша пайтда) лицейига ўқишга қабул қилиндим, – дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Дилфуза Маҳкамова. – Лицей директори Ўзбекистон Қаҳрамони Марат Зокиров ушбу масканда таҳсил оладиган ҳар бир ўғил-қизнинг қизиқиши ва интилишларига қанот бўлиб, келажакда жамият ҳаётида ўз ўрнига эга бўлиши учун ёрдамини ҳеч қачон аямаган.
Лицейдаги ижодий муҳит, жамоанинг меҳнати, айниқса, Марат Зокировнинг эътибори ва талабчанлигининг самараси сифатида бўй кўрсатди.
Эътиборли жиҳати шундаки, устоз лицейда фаолият юритаётган ҳар бир педагог-ходим ҳамда таҳсил олаётган ўқувчиларни қийнаётган муаммоларга ўзининг ташвишидек қарар, унинг ечими учун курашишдан толмасди. Ота-она билан таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик узвий равишда амалга ошириларди. Мустақиллик йилларида «Барҳаёт сиймолар». «Устоз отангдек улуғ», «Отам», «Инсон хотираси азиз», «Маърифий сабоқлар», ёзувчи Туроб Мақсуд билан ҳамкорликда 5 «Юракка қасида» ва «Муаллим ишқи» номли китоблар. Республика таълим маркази билан биргаликда кўплаб илмий-услубий-қўлланмалар яратди. Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб «Кўҳна заминнинг буюк фарзанди» асарини ёзди.
2019 йили «І даражали меҳнат фахрийси» деб эътироф этилди.
Марат Зокиров турмуш ўртоғи Мўътабар ая билан 5 ўғил, 5 қизни тарбиялаб, вояга етказишди. Уларнинг барчаси бугунги кунда етук кадрлар бўлиб, халқимизга хизмат қилишмоқда. Устоз Марат Зокировнинг ёш авлод таълим-тарбияси йўлида қилган неча йиллик меҳнати, жонкуяр, фидойи педагог сифатида юртимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси барчамизга ўрнакдир.
Марат Зокировнинг эзгу ишларини шогирдлари давом эттирмоқда. Ёшларимиз бундай фидойи, ватанпарвар, зиёли инсоннинг халқпарварлик йўлида кўрсатган самарали меҳнатлари, жонбозликларини унутмайди. Зеро, улар ёдини, «Элим деб, юртим деб ёниб яшаган» улуғ инсонлар хотирасини эъзозлашнинг ўзи ҳам юксак маънавият ва ахлоқийлик тимсолидир. У тарқатган илм зиёси ёш авлод қалбида асло сўнмагай.
//
Изоҳ йўқ