Содиқжон Турдиев


17:05 / 15.05.2024 278 0

1952 йил 3 декабрда Андижон вилояти Шаҳрихон туманида туғилган.

1975 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган.

2005–2012 йилларда Асака туманида «Асака жилоси» фермер хўжалигига раҳбарлик қилган.

2012–2017 йилларда Ўзбекистон Фермерлар кенгаши раиси (ўриндошлик асосида).

2013 –2017 йиларда ЎзЛиДеп сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси.

2015–2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари.

2017–2020 йилларда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳокими.

2017–2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

2012 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

 

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари бўлиб ишламоқда.

 

Мустақиллик кўплаб юртдошларимиз қатори Содиқжон Турдиевнинг ҳаёти ва фаолиятида кескин бурилиш ясади.

 

Жалақудуқ туманига ҳоким бўлган йиллари туман пахта ва ғалладан юқори ҳосилдорликка эришиб, режаларни 109 – 116 фоизга бажарди. Унинг ташаббуси билан ҳосилдорлиги паст бўлган 201 гектар пахта ва ғалла майдонларига қайта ишлов берилиб, такрорий сабзавот ва полиз экинлари етиштирилди, туманнинг экспорт салоҳияти 104 фоизга оширилди. Шунингдек, туманда 10 та йирик саноат корхоналари ташкил этилиб, 2 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этилди.

 

Туманда саноат корхоналарини қуришга алоҳида эътибор қаратилиб, 9108 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди. 2017–2019 йилларда намунали лойиҳалар асосида кўплаб замонавий уйлар қурилиб, аҳолига топширилди. Бу йиллар ичида ҳудудда 235,1 км ичимлик суви тармоқлари янги қурилиб, 16 та сув қудуқлари ишга туширилди. 7,6 км ички йўлларга асфальт босилиб, 86,5 км йўлларда шебенлаш ва шағаллаштириш ишлари амалга оширилди.

 

Содиқжон Турдиевнинг республикамиз ижтимоий-сиесий ҳаётидаги фаол иштирокини алоҳида таъкидлаш лозим. Қишлоқ хўжалигида бошқаришнинг замонавий усули фермерлик ҳаракати бошлангач, бу жиддий юмушни мамлакат бўйича бошқариш тузилмасига эҳтиёж туғилди ва республика Фермерлар кенгаши тузилди. Унинг бошқарув раислигига Содиқжон Турдиевнинг танланиши бежиз эмасди. У юртимизда биринчилардан бўлиб «Асака жилоси» фермер хўжалигини тузган, бу жамоанинг ютуқлари кўпчиликнинг ҳавасини келтирган эди. «Асака жилоси» ҳам ўзбекона деҳқончилик анъаналарини амалиётга жорий этаётган, ҳам чет элларда фермерлик бўйича қўлга киритилган ютуқларни фаолиятида қўллаётган янги кўринишдаги замонавий хўжалик эди. Унинг сабоқлари, мактаби Содиқжон акага республика ташкилотини бошқаришида қўл келди.

 

Либерал-демократик партияни тузиш, халқ орасида унинг обрўсини ошириш, умуман, кундалик ҳаётга кириб бориб, долзарб муаммоларга ечим топадиган замонавий сиёсий тузилма бўлиб шаклланишида Содиқжон Турдиевнинг жамоатчилик асосида ижроия кенгаши раиси бўлиб ишлаши айни муддао бўлди. Ҳаётда тўпланиб қолган ва тараққиётга халал бераётган муаммоларнинг сиёсий ечимини топиш осон бўлмади. Умуман, Содиқжон Турдиев мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўта фаол.

 

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги узоқ йиллик меҳнатлари, Ватанимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун қўшган ҳиссаси, кенг миқёсли ташкилотчилик фаолияти зое кетмади Содиқжон Турдиев «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди. Саъй-ҳаракатлари ўзининг муносиб баҳосини олди.

 

Бугунги кунда у устоз, фаол ва жўшқин меҳнат билан банд. Унинг атрофида доимо ёшлар, шогирдлари, журналистлар, янги иш бошламоқчи бўлган тадбиркорлар гавжум бўлади. Ахир ёшинг ўтган сари сенинг тажрибанг ва ақл-идрокинг юртдошларингга қуёш нури каби ҳарорат бахш этиб туришидан ортиқ бахт борми?!

 

Айни кунларда миллий бошқарувнинг энг демократик шакли сифатида Маҳалла институтига катта эътибор берилаётган ва кучайтирилаётган бир пайтда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган Содиқжон Турдиев республика Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ишга таклиф этилди. Нуронийларни қўллаб-қувватлаш, кексалар ва фахрийлар билан ишлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ривожлантириш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, келажагимиз эгалари маънавиятида ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш сингари бугунги куннинг долзарб масалалари ечимида ўз тажрибаларидан фойдаланмоқда.

 

Вазирликнинг Содиқжон ака Турдиев раҳбарлик қилаётган бошқарма ва бўлимлари томонидан вилоятлар ва туманларда Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда эса «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ва «Бувижонлар мактаби» кенгашлари ташкил этилган бўлиб, халқимизнинг миллий урф-одатларини асраш ва ривожлантириш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, оилалар тинчлиги ва мустаҳкамлигини сақлаш, умуман, миллий турмуш тарзимизни барқарор қадриятлар асосида ташкил қилиш юзасидан ибратли тадбирлар мунтазамлик касб этди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//