Холиджон Комилов


16:05 / 15.05.2024 281 0

1945 йил 5 январда Тошкент шаҳрида туғилган.

1968 йили Тошкент давлат медицина институтини тамомлаган.

1970-1972 йилларда Москвадаги Н.Н.Бурденко номидаги нейрохирургия илмий-текшириш институтида номзодлик диссертациясини ёқлаб, Гельмгольц номидаги кўз касалликлари илмий-текшириш институтида муваффақиятли ҳимоя қилди.

1988 йилда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедрасига мудир этиб тайинланди.

2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени,

2012 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

2015–2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси бўлган.

 

Холиджоннинг аввало шифокорлик касбини эгаллаш орзуси мактабда ўқигандаёқ намоён бўлган, чунки унинг кўз олдида муносиб намуна бор эди. Бу – донғи чиққан кўз шифокори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Республикада хизмат кўрсатган врач. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти кўз касалликлари кафедраси мудири, «Жасорат» медали соҳиби, тиббиёт фанлари доктори, профессор Маҳамаджон Комилов эди.

 

Институтнинг тўртинчи курсида таҳсил олар экан. Холиджон кўриш нервларини ўрганиш бўйича мураккаб илмий иш мавзусини танлади. 1972 йилда кўз касалликлари соҳаси мутахассиси Холиджон Комилов тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлди.

 

Докторлик тадқиқотини ёқлаганда Холиджон ўттиз тўққиз ёшда эди. Унинг илмий иши, табиийки, кўрув нервлари фаолиятига бағишланди.

 

– Кўз бу мўъжиза, дейди Холиджон Комилов. Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр» асарини табдилда ўқигандим. Навоий бобомиздан сўз очганим бежиз эмаслигини ҳам айтиб ўтай. Яқинда:

 

Қаро кўзум, келу мардумлиқ эмди фан қилгил,

Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил....

 

байтларини такрор ўқидим, жуда яхши кўраман. Кўз қаросидаги мардум бу кўз гавҳари. Аллоҳнинг қудрати билан она қорнида ҳомила нишон берганда пайдо бўлган гавҳар йигирма икки ҳафтадан кейин кўз ичига кириб, ўзининг асл ўрнига жойлашиб олади, яъни ўзига «ватан» қилади... Инсон ўша гавҳар орқали дунёни кўради. Жуда кўп маънолардан бири: шоир сен менинг кўрар кўзимсан, кўзимнинг гавҳарисан, кўзимга гавҳар (мардум)дай жойлашгил, деган фикрни бермоқчи.

 

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Холиджон Комилов Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедрасида ҳозиргача ишлаб келмоқда. 223 та илмий иш муаллифи, шулардан 2 таси монография, 5 ЭВМ программасига патент, 4 та муаллифлик гувоҳномаси ва 8 та услубий қўлланма муаллифи. Унинг илмий раҳбарлиги остида 3 фан доктори ва 23 фан номзоди тайёрланган.

 

Талабчан ва меҳрибон мураббий, тажрибали мутахассис, камтарин инсон сифатида Ватанимизда, мамлакат тиббиёт ходимлари ўртасида катта ҳурмат қозонган, халқимиз қўли гул шифокор деб ардоқлайдиган Холиджон Комилов юрт фаровонлигининг ошишига, тинчлик ва барқарорлик, халқ соғлигини сақлашдаги хизматлари учун Ватанимиз ва халқимизнинг ардоғига сазовор бўлди.

 

Олимнинг донишманд падари бузруквори Маҳамаджон Комилов ўғлига доимо ҳаётий ўгит ва маслаҳатлар берарди. Мана, айримлари: «Эрталаб уйғондингми, ўрнингдан тур!», «Ўқишга, ишга вақтли бор, мўлжалланган ишни битиргандан сўнггина уйга қайт!», «Кимга нима гапиришни ўйлаб, билиб гапир!», «Бошлаган ишингни ҳамиша охирига етказ!», «Профессор ўғли бўлма, профессор бўл!»

 

Профессор Холиджон Комилов азиз падари бузруквори сўзларини ҳеч қачон эсдан чиқармайди, ҳамиша кўнгил тубида сақлайди, уларга амал қилади.

 

Республикамизда офтальмология илмининг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, қолаверса, бу борада ўзига хос мактаб яратган ота-ўғил Комиловлар эришган ютуқлар, уларнинг бой тажрибаси бугун ҳам амалий фаолиятда қўл келмоқда. Маҳаллий шароитда кўриш органларининг профилактикаси, касалликлар ташхиси ва даволаниш усуллари юзасидан қайд этилган илмий-амалий хулосалар соҳанинг маънавий хазинасига айланиб қолди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//