Турғун Азларов


17:05 / 14.05.2024 242 0

1953 йил 2 августда Тошкент шаҳрида туғилган.

1975 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаган. Физика-математика фанлари номзоди, доцент.

1999 йили «Шуҳрат» медали,

2008 йили «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони,

2013 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

1999 йилдан айни кунгача Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 40-мактабда математика ва информатика фани ўқитувчиси.

 

Илм йўлини игна билан қудуқ қазишга қиёслашади. Турғун Азларов ҳеч иккиланмай ана шундай машаққатли йўлни танлади математика фани ва шахсий компьютерларнинг математик таъминоти мутахассислиги бўйича таълим олди. Шу йўлда илмий тадқиқотлар олиб бориб, физика-математика фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди.

 

Турғун Азларов фаолиятини 1975 йилда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Амалий математика ва механика факультетида ўқитувчи вазифасида бошлади ва 1988 йилгача математика, информатика фанларидан талабаларга сабоқ берди. Кейин мактабга ишга ўтиб, болалар дилида ўзи севган фанларга муҳаббат уйғотишни ихтиёр қилди. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабида математика ва информатика фанлари ўқитувчиси бўлиб ишлади.

 

Шу йиллар давомида юртимизнинг бугуни ва эртанги фани ривожига ўз ҳиссасини қўшадиган қанчадан қанча мутахассислар етишиб чиқишида ўз ҳиссасини қўшмади, дейсиз.

 

Турғун Азларов ­- информатика фани бўйича мамлакатимизда кўзга кўринган мутахассислардан. Катта тажрибага эга, юқори малакали, ўқитишнинг замонавий усулларини қўлловчи, изланувчан, ижодкор ўкитувчи. Бугунги шиддаткор даврда тараққиёт замонавий ахборот технологиялари ривожига боғлиқлигини чуқур англаган устоз муаллим фанга доир дарслик мажмуалари яратиш, дастур ва режалар тузишга алоҳида эътибор қаратмоқда, улар асосида республика мактабларида 1988­-1989 ўқув йилидан информатикага ихтисослашган синфлар. 1992­1993 ўқув йилидан информатика фанини чуқур ўргатувчи лицей синфлари ташкил этилган. Ўнлаб илмий-методик рисолалари, хусусан, 8­9-синфлар учун нашр этилган «Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари» фани бўйича дастур ва дарсликлари умумий ўрта таълим тизимида кенг қўлланилмоқда. Унинг муаллифлигида 1998­1999 йилларда мазкур фан бўйича дастур ишлаб чиқилиб, кенг доирада синов дан ўтказилди. Ушбу дастурга мувофиқ 2001 йилда «Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари» фани бўйича 8-синфлар учун дарслик нашр этилди. Моҳир муаллим 2002 йилда Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари томонидан «Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи» деб эътироф этилди.

 

Турғун Азларов умумий ўрта таълим тизимида информатика фанини ўқитиш жорий этила бошланган кундан ҳозиргача мактабда дарс бериш билан бирга, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, ўқув-методик адабиётларни тайёрлаш ишларида ҳам фаол иштирок этиб келмокда. Қирқ йиллик фаолияти давомида замонавий ахборот технологиялари соҳаси бўйича юзлаб салоҳиятли кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди.

 

­- Буюк аждодларимизнинг илму фандаги кашфиётлари бугунги авлодларни ҳам изланишга ундамоқда, ­ дейди Турғун Азларов. ­- Мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожига катта эътибор қаратилаётгани ёшларимизни улуғ аждодларга муносиб фарзанд бўлиб камолга етишга руҳлантиради.

 

Турғун Азларовнинг 90 дан ортиқ илмий-методик рисолалари нашр қилинган. Умумий ўрта таълим мактабларнинг 8-9 синфлари учун нашр этилган «Информатика» фани бўйича Давлат таълим стандартлари, дастур ва дарсликларнинг муаллифларидан биридир. Ишланмалари республикамизда ушбу фан бўйича меъёрий ҳужжатлардан бири бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Унинг «Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларидан давлат таълим стандарти ва ўқув дастури», «Информатика таълимининг табақалашган мазмуни», «Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларини ўқитишнинг жаҳон тажрибалари», «Банк синфларида информатика таълими», «Информатика таълимининг таянч мазмуни», «Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларидан таълим стандартларини ишлаб чиқиш технологияси» каби ишлари информатика таълим тизимидаги фундаментал изланишлар сирасига киради. Турғун Азларовнинг «Информатикадан олимпиада масалаларини ечиш», «Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларидан олимпиада тестларини тузиш» каби қатор илмий асарлари чоп этилган.

 

Турғун Азларов ­ Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси (1988), Методист-ўқитувчи (1989), Новатор-ўқитувчи (1991), Ихтирочи-ўқитувчи (1992), Халқ таълими фидоийси (1994).

 

Муаллим ёшларга сабоқ бериш билан бирга, фаол жамоатчи ҳамдир. У жамоат ишларида ҳам халқимиз ишончини қозонди ва 2014 йил декабрь ойида бўлиб ўтган сайловларда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига сайланди, халқ вакили сифатида фаолият олиб борди.

 

Турғун Азларовнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Хусусан, у «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган кундаги кечинмаларини хотирларкан, шундай дейди:

 

­ Мана шундай юксак эътиборга лойиқ топилганимдан ниҳоятда мамнун бўлдим. Шу билан бирга, бу ишонч зиммамга катта масъулият ҳам юклайди. Ҳали олдинда қилинажак ишларим бисёр эканлигини ҳис этдим.

 

Устоз муаллим ҳануз сафда: Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабининг математика ва информатика фанлари ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//