Ачилбай Раматов


17:05 / 14.05.2024 257 0

1962 йил 20 августда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган.

1988 йили Тошкент темирйўл муҳандислари институтини тугаллаган.

2000 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими» фахрий унвони,

2007 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени,

2011 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени,

2013 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

 

Бундан қирқ йиллар аввал Урганч локомотив депосига ўн саккиз ёшли йигит тепловоз машинисти ёрдамчиси бўлиб ишлаш учун ариза билан мурожаат этди.

 

Ўшанда илк бор машинист ўриндиғига ўтирганида унинг қалби чексиз ҳайрат ва ғурурга тўлди ҳамда унинг ҳаёти темирйўллар билан бир умрга боғланди.

 

Бу йиллар оша улғайиб, мустақил Ўзбекистон темирйўлларининг ривожига муносиб ҳисса қўшган соҳа фидойиларидан бири, таниқли давлат ва жамоат арбобига айланган Ачилбай Раматов эди.

 

Ачилбай Жуманиязович Раматов Тошкент темирйўл муҳандислари институтини тугатиб, муҳандис-механик мутахассислигига эга бўлди. У шу йилдан бошлаб, Тошкент тепловозларни таъмирлаш заводига ишга кириб, мастер, цех бошлиғи ўринбосари, цех бошлиғи лавозимларида ишлади. 1995 йилда «Ўзтемирйўлмаштаъмир» УК бош директори лавозимига тайинланди.

 

Ёш раҳбар корхонанинг барқарор фаолиятини таъминлаш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ишчи ходимларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашни ўзининг асосий вазифаси деб билди ва бу борада сезиларли ютуқларга эришди.

 

2001 йилда Ачилбай Жуманиязович «Ўзбекистон темирйўллари» ДАТК бош менежери-бош муҳандиси, 2002 йилда эса бошқарув раиси лавозимига тайинланди. Ўзбекистон Республикасининг мустақил темирйўл тизимини яратиш ва давлатимиз иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар бевосита Ачилбай Раматов раҳбарлигида амалга оширилди.

 

Амударё узра қурилган темирйўл ва автомобиль йўлларини бирлаштирувчи кўприк, «Тошгузар Бойсун Қумқўрғон». «Навоий Учқудуқ Султон Увайстор Нукус» ва «Ангрен Поп» янги темирйўл линиялари шулар жумласига киради.

 

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида биринчи бўлиб Тошкент шаҳридан Бухоро, Самарқанд ва Қарши шаҳарлари бўйлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий поездлар қатнови Ачилбай Жуманиязовичнинг бевосита раҳбарлигида йўлга қўйилди.

 

Водийни республикамизнинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темирйўли ва унинг таркибида дунёда узунлиги жиҳатидан (19,2 км) 13-ўринни ва мураккаблиги бўйча 8-ўринни эгаллаган Қамчиқ туннели бунёд этилди. 10 дан зиёд янги темирйўл вокзаллари қурилиб, мавжудлари қайта реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келтирилди.

 

Мамлакатимиз темирйўлларининг 50 фоиздан ортиғи электрлаштирилди. Соҳа саноат корхоналарида оғир машинасозлик асослари яратилиб, янги йўловчи ва юк вагонлари ишлаб чиқарила бошланди ҳамда ҳаракатдаги таркибни таъмирлаш ва модернизациялаш учун қуюв ишлаб чиқариши йўлга қўйилди.

 

Соҳада барпо этилаётган иншоотлар таннархини камайтириш мақсадида зарур машина, механизм ва техникалар билан жиҳозланган иккита қурилиш трести ташкил этилди. Улар нафақат соҳавий, балки республика бўйлаб ижтимоий ва иқтисодий объектларни барпо этишда фаол иштирок этмоқдалар.

 

Республика раҳбарияти томонидан шаҳар аҳолиси ва пойтахтга ташриф буюрувчи сайёҳларга сифатли транспорт хизматларини кўрсатиш ва қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент метрополитени жамият таркибига киритилди. Метрополитеннинг Юнусобод ер ости линияси қурилиши, шунингдек, ер усти ҳалқа метросининг биринчи поғонаси қурилиши тугатилди ва Сирғали линиясининг қурилиши якунланмоқда.

 

Унинг раҳбарлигида мамлакатимиз транспорт тармоғини янада ривожлантириш йўлида қатор ишлар амалга оширилди, минглаб янги иш жойлари яратилиб, 100 минг нафар ишчи-ходим доимий иш билан таъминланди. Ачилбай Раматов кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирди, барча касбдошларига ғамхўрлик кўрсатди.

 

Ачилбай Раматовнинг мамлакат сиёсий ҳаёти, қонунчилиги ва жамоатчилик ишларидаги фаоллигини алоҳида қайд этиш лозим. У 1999 йилда Тошкент шаҳри 2-Оқтепа сайлов округидан 2-чақириқ Олий Мажлиси депутатлигига сайланиб, 2004 йилгача Олий Мажлис томонидан чиқарилган қонунларнинг мукаммаллигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшди.

 

Ачилбай Жуманиязовичнинг ҳалол меҳнати республика раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланди ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими» фахрий унвони, «Фидокорона хизматлари учун», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари ва «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.

 

«Бугун Ватанимиз улкан бунёдкорлик майдонига айланди. Энг муҳими, ҳар ким ўзига топширилган вазифани сидқидилдан, ҳалол бажаришида. Халқимиз ишончини оқлашида», ­ дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Ачилбой Раматов.

 

Ҳа. Қаҳрамонимизнинг бу сўзлари ҳаммамизни она Ватанга садоқат ва фидойилик билан хизмат қилишга чорлайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//