Анорбой Эшматов


16:05 / 14.05.2024 299 0

1958 йил 17 январда Самарқанд вилояти Булунғур туманида туғилган.

1985 йили Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тугатган.

1980 йилда Пахтакор туманидаги ширкат хўжалиги ҳисобчиси, бригада бошлиғи.

1997 йили «Анвар» фермер хўжалиги бошлиғи.

20122017 йилларда Жиззах вилояти фермерлар кенгаши раиси бўлди.

1999 йилда «Шуҳрат» медали,

2004 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвони,

2009 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени,

2013 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

20142019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси бўлган.

 

Анорбой ака салкам ярим асрлик умрини Жиззах дашту далаларида ўтказаётган, элу юрт фаровонлиги учун камарбаста замондошларимиздан биридир. Фермер сифатида катта тажрибага эга. Пахта, ғалла, чорвачилик каби эл турмушини обод, дастурхонини тўкин қиладиган соҳаларда тобланди. Сидқидилдан меҳнат қилиб, қўраларда қўй-эчкилар кўпайишини амалда исботлаган, паррандаю балиқчилик, асаларичилик каби истиқболли лойиҳаларда ўз лаёқатини синаган, тиниб-тинчимас фидойи тадбиркор.

 

Анорбой ака мақтовни ёқтирмайди, аммо вилоятда фермерлик, томорқа хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларда унинг ҳам улкан иштироки борлигини эътироф этмаслик мумкин ҳам эмас. У, айниқса, «тўқсон босди» экинларини тўла ундириб олишнинг пири ҳисобланади. Республикамизда фермер хўжаликлари ёппасига машғул бўлаётган, деҳқончиликнинг ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган, сал бўлмаса, унутилиб кетаёзган «тўқсон босди» усули шарофати билан бозорларимизда пиёз, саримсоқ каби экинлар мўл бўлади. Чунки мамлакатимизда аксарият фермер хўжаликлари, томорқа ер эгалари бу усулда ёппасига шуғулланишмоқда.

 

Республикамизда қайси вилоятнинг ер банитети қанақа, экин-тикинни маъмур қиладиган сув иншоотлари қай даражадалигини яхши биладиганларга маълумки, Жиззах вилоятининг аксарият туманларида, асосан тоғли ҳудудларда сув муаммоси шу пайтгача фермерлик ёки томорқа хўжаликларини юритиб, фойда кўраман деган аҳолининг оёғидан тортиб келаётган эди. Ҳозир вилоят фермерлар кенгаши ўз ҳисобидаги махсус техника воситалари ёрдамида жойларда артезиан қудуқларини қазиб бериш йўли билан мазкур муаммони ҳал этмоқда. Ҳар бир артезиан қудуғи учун давлат томонидан 120 миллион сўмлик «0» қийматида субсидия ажратилмоқда. Бу дегани деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланаман, томорқамдан мўл ҳосил олиб, турмушимни фаровон қиламан, оила аъзоларимни иш билан таъминлайман, деган аҳоли учун катта имконият.

 

Анорбой Эшматов фермер хўжаликлари, хусусан тадбиркорларга яратилаётган шароитлар, аҳоли турмуш шароитидаги ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб сўзлайди:

 

Турмушимиздаги туб ўзгаришларнинг қайси бирини айтиб берай, қишлоқларни ободонлаштириш дастурлари бўйича амалга оширилган ишлар кўз ўнгингизда намоён бўлмоқда. Бунга биргина «Манас» қишлоғининг обод қўрғонга айлангани мисол бўла олади. Айни пайтда вилоятда 7 минг 200дан зиёд фермер хўжалигида 43 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Ғалла тўлиқ фермер хўжаликлари томонидан етиштирилаётир. Яқин ўтган йилларда фақат пахта ва ғалла етиштириб келинган ҳудудларда боғдорчилик, сабзавотчилик, полизчилик ҳамда узумчилик ҳам жадал ривожлантирилмоқда. Фермер ва деҳқонлар, томорқа ер эгалари картошка, сабзавот, турли боғдорчилик маҳсулотларидан мўл-кўл ҳосил етиштиришмоқда.

 

Кейинги йилларда гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабнинг ошиб бораётгани муносабати билан чорвачилик соҳасига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Фермерлар томонидан қўй, эчки каби майда туёқли моллар, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик каби истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган ютуқлар фақат деҳқонларнинг ҳаётидаги ўзгаришгина эмас, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таркибий қисмидир.

 

Соҳадаги ўзгаришлар самараси халқимизнинг фаровонлигига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиб, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига олиб келаётир. Бу давлатимиз раҳбарининг халқимиз турмуш тарзини яхшилаш учун олиб бораётган изчил сиёсатининг натижасидир.

 

Анорбой Эшматов қўлга киритган муваффақиятлар замирида ерга, деҳқончиликка заргарона муносабатнинг ифодасини кўриш мумкин. Халқ эртакларида бойлик қўл етмас жойларда яширингани ёки уларни шафқатсиз кучлар одамзоддан ҳимоя қилиб туриши кўп васф этилади. Анорбой аканинг фаолияти ҳар қандай сеҳр-жодудан, аждаҳою девлардан қўрқмай, хазинани топиш учун жиддий жаҳду жадал қилган ва охир-оқибат мақсадига эришган баҳодирнинг жасоратига ўхшайди. У деҳқончиликда ҳамманинг юраги бетламайдиган ташландиқ жойларда чаманзорлар барпо этиш бу жойларни чинакам хазина манбаига айлантириш билан донг таратди. Унинг саъй-ҳаракатлари туфайли тақир жойларга сув чиқарилди, бир мавсумда 3-4 марта ҳосил ундириш имкони топилди. Далада тер тўкаётганларнинг меҳнати чинакамига қадр топди, уларнинг рўзғорига қут-барака кириб, фаровон ҳаёт кечира бошлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//