Шукуржон Маматқулов


17:05 / 13.05.2024 267 0

1940 йил 12 июнда Андижон вилояти Андижон туманида таваллуд топган.

1967 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини мазкур институт ўқитувчиси сифатида бошлаган, иқтисод фанлари номзоди.

1992–1996 йилларда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институти проректори,

1996-1999 йилларда Андижон банк коллежи директори бўлиб ишлаган.

1999 йилдан буён Олтинкўл иқтисодиёт коллежи раҳбари.

1998 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси»,

2014 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

 

Mаълумки, келажагимиз эгалари ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш мақсадида таълим тизими бир неча марта ислоҳ қилинди ва катта умидлар билан коллеж ва лицейлар ташкил этилганди. Шукуржон Маматқулов ана шундай эзгу мақсадлар билан очилган ўқув юртларининг бирига раҳбар этиб тайинланди ва мазкур ўқув юртида кўплаб тажрибалар синовдан ўтиб, ҳаётга йўлланма олди. У етакчилик қилган Олтинкўл иқтисодиёт коллежи таянч ўқув масканларидан эди. Ўз вақтида директор ва тажрибали педагог сифатида мамлакатимизда таълимнинг ўрта махсус тизимини ислоҳ қилиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи аъзоси мақомида қарорлар ва меъёрий ҳужжатларни тайёрлашда фаоллик кўрсатди. Айниқса, техникум ва коллежлар миқёсида Давлат таълим стандартлари, малака талаблари, тайёрланадиган мутахассисликларнинг касбий малака талабларини ишлаб чиқиш, ўқув режа ҳамда дастурларни тайёрлашда иқтисодий йўналиш юзасидан салмоқли таклифлар киритди.

 

Директорлик лавозимида иш бошлаган дастлабки кунданоқ у коллеж моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва экологик муҳитни ях шилашга қаратилган ишларга алоҳида эътибор берди. Кўча ва йўл четида ариқларга лотоклар ўрнатилди, тротуарлар асфальтланди, майдон ва йўлакларга монолит бетонли плиткалар қуйилиб, қулай шароитлар яратилди. Гулзорлар барпо қилиниб, мевали, манзарали ва қурилишбоп дарахтлар экилди. Ташландиқ ер ўзлаштирилиб, ёрдамчи хўжалик биноси, 3 та иссиқхона ташкил этилди ва уларда помидор, бодринг, лимон етиштириляпти ҳамда теракларнинг маблағидан чорва моллари сотиб олиниб, парвариш қилинмоқда. Бўш майдонларга сабзавот экиб, даромад олиняпти. Бу тадбирлар коллежда молиявий инқирозга қарши кураш чораларининг кичик бир қисми бўлиб, самарали тадбиркорликнинг далилидир.

 

Коллеж узоқ йиллар мобайнида қаторасига «Энг намунали таълим муассасаси» номига сазовор бўлиб келди. 2009 йилда «Намунали ободонлаштирилган ва кўкаламзорлаштирилган таълим муассасаси» кўрик-танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллаганлиги алоҳида таҳсинга сазовордир.

 

Унинг иш тажрибаси вилоятдаги касб-ҳунар таълими тизимида «Энг яхши илмий-услубий қўлланма ва кўргазмали қуроллар тайёрлаган таълим муассасаси» кўрик-танловида биринчи даражали диплом билан тақдирланган. «Иқтисоди ёт асослари», «Тармоқлар технологияси», «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ташкил этиш, режалаштириш» дарслиги, «Миллий истиқлол ғояси», «Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида меҳнат, иш ҳақи ҳисоби ва аудити» илмий-услубий қўлланмаларидан республика таълим муассасаларида кенг фойдаланилмоқда.

 

Ҳаммуаллифликда махсус фанлардан 3 та дарслик. 17 та ўқув қўлланма, 14 та методик ишланмалар, 29 та илмий мақолалар яратилган ва республикада оммалаштирилган.

 

Шукуржон Маматқулов меҳнат фаолияти давомида 22 нафар фан номзодларига устозлик қилди.

 

2013 йилдан буён вилоятда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими директорлар кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатмоқда.

 

2014–2019 йилларда халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, 2020 йилдан халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати сифатида Ватанимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлида фаол иштирок этиб келмоқда. Шукуржон Маматқулов чуқур билим ва амалий тажрибага эга, ташаббускор ва талабчан раҳбар сифатида янги педагогик технологиялар асосида етук мутахассислар тайёрлашда фидокорона меҳнат қилиб, эл-юрт ҳурматини қозонган.

 

Мустақиллик йилларида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун 1991 йилда «Олий мактаб аълочиси» нишони, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» унвони билан тақдирланган.

 

Шукуржон Маматқулов муттасил равишда Андижон вилоятининг иқтисодий-ижтимоий ривожланишида: янги иш ўринларини яратиш, инвестициялар жалб қилиш, экспорт-импорт балансида замонавий талабларни ҳисобга олиш, бюджет, солиқ бошқарувида секторлар фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан вилоят ижро ҳокимиятига амалий таклифлар киритди. Бу таклифлар халқнинг дилидаги гаплар бўлиб, оддий меҳнаткашнинг ҳаёт тарзини енгиллатишга қаратилгандир. Унинг фаолиятида чинакам ватанпарвар ва фидойи инсон тимсоли мужассам. Фақат таклифлар киритиб қолмай, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан ҳам куйиб-пишиб ҳаракат қилади.

 

Меҳнат қилган элда азиз, деганларидек, устознинг соҳа тараққиётига қўшган ҳиссаси юксак қадрланди. Юртимизда биринчилардан бўлиб ўз йўналишида «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига лойиқ кўрилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//