Зайниддин Низомходжаев


16:05 / 13.05.2024 242 0

1954 йил 19 мартда Тошкент вилоятининг Қибрай қишлоғида туғилган.

1978 йилда Тошкент давлат тиббиё институтини тамомлаган.

19841987 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институтининг аспирантурасида ўқиб, тиббиёт фанлари номзоди,

1999 йили фан доктори бўлди.

19942015 йилларда академик Воҳидов номидаги жарроҳлик маркази катта илмий ходими, бўлим бошлиғи лавозимида ишлади.

2014 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони,

2024 йилда "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" унвони билан тақдирланди.

 

Низомходжаев Зайниддин Махаматовичнинг номи нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам кўпчиликка таниш. У таниқли жарроҳ, тиббиёт олими, фаол жамоат арбоби.

 

Тиббиёт соҳасига кириб келишига меҳрибон ва оқкўнгил амакисининг ошқозон саратони касаллигидан бевақт вафот этгани сабаб бўлган. Шифокорлар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказишган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Ўша вақтларда 9-синфда ўқиётган Зайниддинга бу қаттиқ таъсир этиб, ошқозон-ичак касалликларини даволовчи шифокор бўлишга аҳд қилган эди. Мактабни битиргач, шифокорлик касбига қадамни, таъбир жоиз бўлса, унинг остонасидан, яъни Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирда Тошкент тиббиёт академияси) клиникасида санитар бўлиб ишлашдан бошлади. Қарийб икки йилга яқин шу вазифада ишлади, шифокорлар ҳаёти билан яқиндан танишди, уларнинг инсонлар саломатлиги учун нечоғлик масъул эканини ҳис қилди бу касбга янада кўпроқ меҳр қўйди. 1972 йилда эса Тошкент давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кириб, имтиёзли диплом билан тугатди.

 

1978–1980 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институти даволаш факультети госпитал жарроҳлик кафедрасида жарроҳ ихтисослиги бўйича клиник ординатурани тугатиб, Тошкентдаги хирургия марказининг «Юрак қонтомир жарроҳлик» бўлимида шифокор бўлиб иш бошлади.

 

Зайниддин Низомходжаев тиббиёт илмига янада чуқурроқ кириб бориш ниятида Тошкент давлат тиббиёт институтининг «Хирургик касалликлар» кафедраси аспирантурасида ўқиди. Тиббиёт фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ёқлади ва шу кафедрада ассистент лавозимида фаолият олиб борди.

 

1994 йилда танлов асосида академик Воҳидов номидаги жарроҳлик марказининг «Қизилўнгач ва ошқозон-ичак жарроҳлиги» бўлимига катта илмий ходим лавозимига қабул қилинди. 2003–2015 йилларда бўлим бошлиғи лавозимида иш олиб борди. Бу йиллар давомида жарроҳ ва олим сифатида янада тобланди, тажриба орттирди, танилди. Бир қанча амали ётлар, хусусан, қизилўнгач-ошқозон хасталикларини жарроҳлик йўли билан даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқиб, қанчадан-қанча беморлар ҳаётини сақлаб қолишга сабабчи бўлди.

 

Халқимизда айрим жарроҳ шифокорлар ҳақида «қўли енгил» деган таъриф бор. Ана шу «қўли енгиллик»нинг моҳиятида қанчадан-қанча меҳнат, тинимсиз изланишлар, масъулият ва инсонга муҳаббат жамланган.

 

Зайниддин Низомходжаев тиббиёт фанлари доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 2014 йилда профессор илмий даражасини олди. Унинг раҳбарлигида еттита тиббиёт фанлари номзоди, иккита тиббиёт фанлари доктори етишиб чиққан. Олим 400 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Унинг услубий қўлланмалари, ўқув дарсликлари, амалиёт шифокорлари учун рисолалари хасталикларни жарроҳлик йўли билан даволашда қимматли манба бўлиб хизмат қилмоқда.

 

3айниддин Низомходжаевнинг мамлакатимизда тиббиёт ривожи, халқимиз саломатлигини сақлаш йўлида олиб бораётган илмий ва амалий фаолияти давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Хизматлари эътироф этилиб, давлатимизнинг олий мукофоти – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди.

 

Таниқли шифокор 2015 йили мамлакатимиз Олий Мажлиси Сенатининг фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси сифатида фаолият бошлади. Юртимизда илм-фан, маданият ва спортга оид кўплаб қонунлар такомиллаштирилиши ва қабул қилинишига ҳисса қўшди.

 

Зайниддин Низомходжаев айни пайтда Марказий сайлов комиссияси раиси вазифасида фаолият юритмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//