Қувондиқ Санақулов


16:05 / 13.05.2024 262 0

1957 йил 12 июнда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида туғилган.

1979 йилда меҳнат фаолиятини оддий муҳандисликдан бошлаган.

2008 йилдан бошлаб Навоий кон-металлургия комбинати бош директори.

2004 йилда «Дўстлик» ордени,

2009 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими» фахрий унвони,

2011 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени,

2015 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

 

Hавоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов билим вa маҳорати, истеъдодини севимли касби, илм-фан ва муносиб шогирдларни тарбиялашдек эзгу ишга бағишлаб, юрт равнақига хизмат қилишни ҳаётининг мазмуни деб билган инсонлардан биридир.

 

У 1979 йилда Тошкент политехника институтининг металлургия факультетини тугаллади ва мехнат фаолиятини оддий муҳандисликдан бошлаб, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бош директори, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари геология, еқилғи-энергетика, нефт-кимё ва металлургия мажмуаси раҳбари ва 2008 йилдан бошлаб Навоий кон-металлургия комбинатидек жаҳонга машҳур корхона бош директорлигигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди

 

Қувондиқ Санақулов Навоий кон-металлургия комбинати ривожланишини илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигида, соҳага инновацион лойиҳаларни жорий этиш орқалигина амалга ошириш мумкин, деган қатъий хулосага таянади ва бу борада салмоқли натижаларга эришмоқда.

 

Комбинат муҳандислари томонидан олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижасида Германиядан олинган патент асосида «ENGINEERING DOBERSEK gmbh» инжиниринг фирмаси билан ҳамкорликда 3-гидрометаллургия заводида қиймати 114 миллион долларлик сорбциялаш жараёни – чиқиндиларини юқори самарали куйдириш технологиясига асосланган янги мажмуа ишга туширилди. Бу технологиянинг жорий этилиши билан хомашёдан фойдаланиш самарадорлиги 8 фоизга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш 11 фоизга ошди. Комбинатда меҳнат қилаётган 58 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимлар ва муҳандисларнинг мароқли дам олишлари, соғликларини тиклашлари, спорт, мусиқа ва санъат билан шуғулланишларини ташкил этиш мақсадида кўплаб ижтимоий объектлар ишга туширилмоқдаки, бу ишларда Қувондиқ Санақуловнинг хизматлари алоҳида эътиборга лойиқ. Жумладан, кейинги йилларда қатор ижтимоий соҳа объектлари – Қўшработ туманининг Заркент посёлкасида болалар аквапарки ва 44 хонадонли турар жой, «Металлург» профилакторийсининг даволаш корпуси. Нурободда сув билан даволаш профилакторийси, «Фарҳод» маданият саройининг хореография зали фойдаланишга топширилди. Учқудуқ шаҳрида «Келажак» ёшлар маркази, «Она ва бола» минтақавий скрининг-маркази барпо этилди ва «Нептун» сув ҳавзаси тўлиқ таъмирланди. Шунингдек, Зомин туманида «НКМК» санаторийси, Учқудуқ туманида «Олтин кўл» сунъий кўли, «Йўлчилар» қўрғонида мактабгача таълим муассасаси, Зарафшон шаҳрида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун Болалар шаҳарчаси, фавворалар хиёбони фойдаланишга топширилди.

 

Бундай ўзгаришларда раҳбарнинг халқпарварлиги, ишбилармонлиги қўл келган. Бош директор фаолиятининг илк кунлариданоқ кабинетда ўтириб қолишдан кўра, завод ва бўлинмаларда меҳнат жамоаларида бўлиб, одамларнинг кайфияти ва муаммоларини тинглашга, уларни ҳал этишга эътибор берди. Завод ёки бўлинмалардаги мулоқотларда ишчи-ходимлар бош директорни камтарин ва юксак фазилатларга эга шахс сифатида яқиндан танидилар. Ўз навбатида, кўпчилик Қувондиқ Санақулович ҳам ҳар бир кишининг меҳнати, билим савияси, профессионаллик даражаси, вазифасига қандай муносабатда бўлишига қараб баҳо беришини, топшириқни шунчаки, қўл учида, «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида бажарадиганларни ёқтирмаслигини тушуниб етди. Бош директорнинг шахсий ибрати, қатъияти ва амалий фаолияти туфайли жамоада ҳалоллик ва ишчанлик муҳити шаклланиб, одамларнинг ўз раҳбарига ишончи ва ҳурмати ортиб борди. Бу раҳбар ва унинг қўл остидагиларнинг бир-бирига шунчаки муносабати эмас, аксинча, бир тану бир жон бўлиб масъулиятли вазифани адо этишга киришган, ўзаро дўст, биродар, ака-укадек, ака-сингилдек меҳр-оқибатли одамларнинг ҳар қандай шахсий манфаатлардан холи самимий муносабати эди.

 

Инсоннинг билим ва тарбия олишида китобнинг ўрни беқиёс. Буни яхши билган Қувондиқ Санақулов комбинат порталида корхона тасарруфида бўлган 11 та кутубхоналар ва Навоий давлат кончилик институти ҳамда Тошкент давлат техника университети кутубхоналаридаги мавжуд илмий-техникавий, бадиий китоб ва журналлар 150 мингга яқин манбаларнинг электрон нусхаларини ўзида жамлаган кутубхонани ташкил этишга бош-қош бўлди. Бугунги кунда мазкур илм хазинасидан комбинат мутахассислари билан бир қаторда ҳар иккала олий ўқув юртининг профессор-ўқитувчилари, магистр ва талабалари ҳам фойдаланишмоқда.

 

Қувондиқ Санақулов узоқ йиллар давомида меҳнат фаолияти билан биргаликда илмий тадқиқот ишларини ҳам олиб бормоқда. 2001 йилда техника фанлари номзоди, 2009 йилда техника фанлари доктори илмий даражалари ва 2017 йилга келиб профессор илмий унвонини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

 

Профессор Санақулов 300 дан кўпроқ илмий ишларнинг, шу жумладан, 20 дан ортиқ монография, дарслик, ўқув қўлланма ва бошқа китоблар ҳамда 30 дан ортиқ патент ва муаллифлик гувоҳномаларининг соҳиби.

 

Қувондиқ Санақуловнинг мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишдаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати муносиб тақдирланган. Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида ҳам ўзига юклатилган вазифани виждонан бажариб келмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//