Таваккал Топволдиев


19:05 / 10.05.2024 250 0

1934 йил 10 сентябрда Андижон вилояти Шаҳрихон туманида туғилган.

1957 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Андижон вилояти суғориш тармоқлари бошқармасида муҳандис сифатида бошлаган.

1960 йилдан туман сув тармоқлари бошқармаси бош муҳандиси, бошлиғи,

1990 йилдан Андижон вилояти жамоа хўжаликлараро кенгаши раисининг ўринбосари,

1996-2016 йилларда республика «Нуроний» жамғармасининг Андижон вилояти бўлими раиси вазифаларида ишлаган.

2015 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

 

Қайси лавозимда ишламасин, ўз ҳаёти мисолида чеклаш ва камситишларга гувоҳ бўларди. Шунда унинг кўнглидан эркинлик туйғуси, мустақиллик орзуси кечарди. Тақдир бу кунни ҳам насиб қилди ва Таваккал Топволдиев мустақил юрт фарзандига айланди. Энди бир гайратига ўн ғайрат қўшиб, яна ҳам шижоат билан яратиш, бунёдкорлик ишларига киришди. Вилоят жамоа хўжаликлараро кенгаши раиси сифатида бошқариш тизимини тинимсиз ислоҳ қилиб боришга интилди. Энди мустақиллик шароитида ихчам ва самарали бошқарув лозимлигини тажрибасида ҳис қилди 1996 йилгача Андижон вилояти жамоа хўжаликлараро кенгаши раисининг ўринбосари бўлиб фаолият юритди. Шу йили унга ишонч билдиришиб, республика «Нуроний» жамғармасининг Андижон вилояти бўлими раиси лавозимига ўтказдилар. Бу вазифада йигирма йил самарали меҳнат қилди.

 

Таваккал Темирович меҳнат фаолиятининг энг самарали йилларини нуронийларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, саломатлигини тиклаш, ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий истиқлол ғоясига содиқлик руҳида тарбиялаш борасида ибратли ишларни амалга оширишга сафарбар қилди.

 

Кўп йиллик тажрибага эга фидойи раҳбар сифатида вилоят миқёсида ўтказилган турли тадбирларда мунтазам қатнашиб, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришга оид дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларида ташаббус кўрсатди. Унинг бевосита раҳбарлигида вилоятдаги 198 минг нафардан зиёд нуронийлар, шу жумладан, 187 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва 5,8 минг нафар уруш орти меҳнат фахрийлари ижтимоий ҳимояга олинган эди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан ҳамкорликда эҳтиёжманд фахрийлардан манзилли равишда хабар олиш, уларга зарур моддий, маънавий ва тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари тизимли йўлга қўйилди.

 

Таваккал ота 2006–2011 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августда қабул қилган «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда дастлаб «Бир зиёли ўн оилага маънавий ҳомий», кейинчалик «Бир зиёли беш оилага маънавий ҳомий» маърифатпарварлик ҳаракатини йўлга қўйиш ҳамда уни республика миқёсида оммалаштиришда ташаббускор бўлди. Мазкур ҳаракат орқали қатор ижтимоий муаммолар ечими енгиллашди Аҳоли вакилларининг маънавий ҳуқуқий саводхонлигини янада юксалтириш бўйича оммабоп тадбирлар кўплаб уюштирилди. Кам таъминланган оилаларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш борасида ҳомийлик ҳаракатига кенг йўл берилди. Ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий билим ҳамда маданиятини ошириш, мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардор қилиш, келажагимиз эгаларида турли хил ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш борасида самарали усуллар амалиётга татбиқ қилинди.

 

Таваккал Топволдиев ташаббуси билан ташкил этилган «Нуронийлар маслаҳати ёшлар камолоти» гуруҳи ҳозир ҳам мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали маънавий баркамол авлодни тарбиялаш ишларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими қошида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган фахрийлардан иборат «Тажриба» гуруҳи ёш фермерларга мунтазам равишда тавсия ва маслаҳатлар бериб келишмоқда.

 

2012–2014 йилларда унинг ташаббуси билан 7 та туманда жами 16 гектарлик «Нуронийлар боғи», 2 та «Оталар чойхонаси» ташкил этилган, 12 та зиёратгоҳда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди, 39 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган. Шу даврда 2 минг нафардан зиёд фахрийларга тиббий-реабилитация воситалари олиб берилган, ҳомийлар ёрдамида 2.2 мингдан зиёд фахрийларнинг хонадонлари таъмирланган, 3.8 минг нафардан зиёд кексаларнинг Самарқанд, Бухоро. Хива, Тошкент шаҳарларига саёҳати ташкил этилган.

 

Таваккал Топволдиевнинг уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларга моддий-маънавий кўмак бериш ҳамда соғликларини мустаҳкамлаш ишларини янада яхшилаш борасидаги ташаббуси қўллаб-қувватланиб, 2014 йилда мамлакатимиз бўйича 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини асраб-авайлаш, улар ҳақида ғамхўрликни кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан муҳим дастурлар қабул қилинган, бу борадаги ишлар кучайтирилган эди.

 

Эл оқсоқоли Таваккал ота халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати сифатида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштириш ишларида фаол қатнашиш билан бирга, мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва бунёдкорлик соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва уларнинг амалий самараларини аҳоли ўртасида доим тарғиб қилар эди. Унинг «Истиқлол бизнинг тақдиримизда», «Эл-юрт хизматида», «Кексалар дуоси – эл муддаоси», «Ҳамиша елкама-елка», «Ижтимоий ҳимоя марказида фахрийлар», «Самимият соҳиби» каби мақолалари республика газета ва журналларида чоп этилган.

 

Топволдиев Таваккал Темировичнинг Ватанимиз бахт-саодати, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўлида қилган хизматлари муносиб баҳоланиб, «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//