Равшанбек Қурбонов


17:05 / 10.05.2024 243 0

1947 йил 5 декабрда Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида туғилган.

1972 йили Самарқанд давлат тиббиёт институтини тугатган.

1997 йил «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони,

2007 йили Ўзбекистон Республикасининг Фан ва техника соҳасидаги биринчи даражали давлат мукофотига сазовор бўлган.

2010 йили «Фидокорона хизматлари учун» ордени,

2016 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

 

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Қурбонов Равшанбек Давлатович кардиология соҳасидаги кўп йиллик изланишлари, фидойи меҳнатлари билан элга танилди, обрў-эътибор қозонди.

 

1972 йили Самарқанд давлат тиббиёт институтини тугатгач, она шаҳри Хивада тўрт йил даволовчи шифокор бўлиб ишлади. Сўнгра кардиологияни чуқурроқ ўрганиш орзусида Москва шаҳридаги Кардиология илмий марказида профессор Н.А.Мазур ва академик Н.А.Чазов раҳбарлигида клиник ординатура, аспирантура, докторантурани ўтади. Айни шу марказда юрак етишмовчилигини таҳлил қилиш ва даволаш бўйича изланишлар олиб борди, номзодлик ва докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди.

 

Ёш олим Ватанга қайтгач, Марказий Осиё ва Ўзбекистонда биринчи бўлиб Республика кардиологи илмий тадқиқот институтида янги йўналиш аритмологияга асос солди. Изланишлар кенг доирада олиб борилди. У армияни аниқлаш мақсадида миокард инфарктининг дастлабки кунларида махсус ишлаб чиқилган жисмоний синама ўтказишни йўлга қўйди, бу ҳам Марказий Осиёда ва собиқ иттифоқда катта янгилик эди. Олимнинг 1990 йиллардан бошлаб «Миокард инфарктини бошидан кечирган беморларда тўсатдан ўлимга сабаб бўладиган омилларни аниқлаш ва олдини олиш», «Миокард инфарктини ўтказган беморлар ҳаётига хавф солувчи юрак аритмияларини қиёсий (дифференциал) даволашни такомиллаштириш», «Миокард инфарктини ўтказган беморларда тўсатдан ўлим рўй бермаслиги учун бирламчи чораларни ишлаб чиқиш» бўйича изланишлари ва амалий фаолияти юзлаб беморларнинг бу оғир хасталиклардан даво топишига сабабчи бўлди.

 

Ўтган асрнинг 80-йилларида юртимизнинг кимёгар олимлари томонидан аритмия ва бошқа юрак касалликларини даволаш учун ўнлаб дорилар кашф қилинди: Равшанбек Қурбонов уларни синаб кўргач, қатор тажрибалар асосида аллапининнинг афзаллигини аниқлади. Аллапинин жаҳон фармацевтик бозорида муносиб ўрин эгаллади.

 

2007 йилнинг 24 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра бир гуруҳ олимларга, жумладан, Равшанбек Давлатович Қурбоновга «Янги антиаритмик таъсирга эга бўлган «аллапинин» дори препарати асосларини ишлаб чиқиш ва яратиш, тиббиёт амалиётига татбиқ этиш ҳамда йирик ҳажмларда ишлаб чиқишни ташкил этиш» мавзусидаги иши учун республиканинг Фан ва техника соҳасидаги биринчи даражали давлат мукофоти берилди.

Мижозлар ўртасида аллапинин таблеткалари яхши баҳо олди. Аллaпенин 1 С тоифали антиритмик препарат бўлиб, юрак мускул тўқималари қисқарувчанлигини фаоллаштиради, томирларни кенгайтиради, энг муҳими, оғриқсиз таъсир этади, асорат қолдирмайди. Шу жиҳатлари билан бу хилдаги бошқа хапдорилардан устунлиги бор. Эътиборли томони шундаки, аллапининни синтезлашда Равшанбек Қурбонов фаол иштирок этди, унинг асосий муаллифларидан бўлди. Доридан наф кўрган беморлар муаллифларга кўплаб миннатдорлик хатлари йўллашди. Равшанбек Давлатович шундай хатларнинг бирини ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Вера Пакдан олди.

 

Кардиолог олим республика бош терапевти сифатида аҳоли саломатлигини сақлаш ишларига муносиб ҳисса қўшди. Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институтининг Урганч бўлими ректори лавозимида соҳа учун ҳудудий кадрлар тайёрлаш, ўқув маскани фаолиятини ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби ишларга бош-қош бўлди.

 

Равшанбек Қурбонов 1997 йилда республика Кардиология илмий-текшириш институтига директор этиб тайинланди. Кейинроқ, 2003 йилда, институт Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази (РИКМ) сифатида қайта ташкил этилгач, кунига 150 нафар мижозга хизмат қиладиган маслаҳат поликлиникаси, 185 ўринли стационар ишга туширилди. Клиника таркибида Марказий Осиёда биринчи марта 8 йўналишга ихтисослаштирилган бўлим очилди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Равшанбек Қурбонов ташаббуси билан 2008 йилдан бошлаб Марказий Осиёда илк бор баъзи турдаги юрак аритмияларини жарроҳлик махсус радиочастотали тўлқинларни қўллашга асосланган усулда даволаш йўлга қўйилди.

 

Равшанбек Қурбонов кардиология соҳасидаги 5 та монография, 34 та услубий қўлланма ва 300 дан зиёд илмий мақолалар муаллифи Олим республикада кардиологияни янада ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

 

Унинг раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар кардиология диспансерлари малакали кадрлар ва услубий қўлланмалар билан таъминланди. Даволаш ва профилактика ишларида уларга мунтазам амалий кўмак берилади. Унинг ташаббуси билан 2003 йилда марказ қошида артериал гипертония ва юрак аритмиялари бўйича кардиологлар мактаби ташкил қилинди.

 

Равшанбек Қурбонов нафақат республикамизда, балки жаҳонда кардиология соҳасининг етук олимларидан ҳисобланади. У кардиологияга оид халқаро миқёсдаги турли журналларнинг таҳрир ҳайъати аъзоси. «Евроазия» кардиология журнали бош муҳаррирининг ўринбосари.

 

Шифокор олимнинг ҳаёт йўли ҳақида «Уриб тургин, юрак» номли ҳужжатли фильм яратилган.

 

Айни кунда Равшанбек Қурбонов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//