Муса Ерниязов


15:05 / 10.05.2024 226 0

1947 йил 20 декабрда Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида туғилган.

1971 йилда Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган.

2002 йилдан 2020 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари лавозимида ишлади.

«Меҳнат шуҳрати», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи» унвони,

2019 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан мукофотланган.

2020 йилда вафот этган.

 

Меҳнат фаолиятини қурилиш муҳандиси лавозимидан бошлаб, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида катта референт, бошқарма бошлиғи, ишлар бошқарувчиси бўлиб ишлади. Қарийб ярим асрлик фаолияти давомида улкан раҳбарлик салоҳияти, бой билим ва тажрибаси, маънавий фазилатлари ҳамда Ватанимизга беқиёс муҳаббати, садоқати билан халқимиз қалбидан чуқур жой олди.

 

Қорақалпоқ диёрида кейинги йилларда юз берган барча улкан ўзгаришлар Муса Тажетдинович Ерниязовнинг номи ва амалий фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. 1983–1989 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хўжалиги вазири, Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Чимбой тумани ҳокими лавозимларида эл-юрт ишончини қозонди.

 

Муса Ерниязов қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар, барча ҳудудларнинг тараққиётига бирдек эътибор қаратди. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси сифатидаги фаолияти давомида барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга ошди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, ижтимоий соҳалар ривожланди. Ҳудудларда қад кўтарган қатор корхоналар, коммуникация объектлари қурилиши унинг ташаббуси билан боғлиқ. Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, Орол бўйидаги экологик вазиятни яхшилаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўйича улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилди.

 

Қорақалпоғистонда у чуқур ўрганмаган соҳа, унинг ёрдами ва қўллаб-қувватлашисиз ишга тушган объект, у кириб бормаган ҳудуд йўқ эди, десак, муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори туфайли Қорақалпоғистоннинг туман ва шаҳарларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, эски уйлар ўрнига янги, миллий лойиҳалар асосида кўркам бинолар, сўлим ва гўзал хиёбонлар қурилди. Маҳалла ва қишлоқлар «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари асосида янги қиёфа касб этди. Бу ишларни амалга оширишда Муса Ерниязовнинг хизматлари катта бўлди.

 

Муса Ерниязов олдига қўйган мақсадлари йўлида қатъиятли инсон эди, тўғрисўз ва камгаплиги, инсонларни тушуна олиши, масала ва муаммоларга ижобий ечим топиши, билимдонлиги ва узоқни кўра олиши билан ажралиб турарди. Охирги йилларда йирик тўқимачилик, фармацевтика, электротехника ва бошқа замонавий саноат корхоналари қурилиши ҳисобига Қорақалпоғистонда ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар ўсди. «Нукус полимер» МЧЖ, «Нукусэлектроаппарат» МЧЖ, Қораўзак туманидаги «Қорақалпоқ цемент», «Титан цемент», Тахиатош туманидаги металл-конструкция ишлаб чиқариш заводи, Элликқалъа туманидаги «Бўстон мега-текстил», Тўрткўл туманидаги «Вегатекс глобал», Чимбой туманидаги «Lanextrakt корхоналарида ҳам ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилди. Нукус шаҳрида «Нукус Мед Тех» МЧЖ, Кегейли туманида «Kegeyli qog'oz» МЧЖ, «Ланко-мия» корхонаси, Амударё туманида «Аму Шохжахон» МЧЖ... Туманларнинг ижтимоий иқтисодий ривожланиши, одамларнинг иш билан таъминланиши, турмуш фаровонлиги юксалиши, жамият тараққиётига кенг имкониятлар яратган бундай корхоналар саноғини яна давом эттириш мумкин.

 

Янги сув тармоқлари курилиши натижасида аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 40 фоиз дан 67 фоизга етди 241 та мактаб, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектлари янгидан қурилди, капитал таъмирланди. «Бухоро – Мискин» янги темирйўл линияси ишга тушди. Мўйноқ туманида амфитеатр, «Мўйноқ, порлоқ текстил» тикувчилик корхонаси, давлат хизматлари маркази, футбол ўйингоҳи, «Маданият» ва «Оқ кема» болалар соғломлаштириш маркази: Нукус шаҳрида Марказий Осиёда ягона ва Ўзбекистонда биринчи «Имкон» номли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.

 

Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, минтақа аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш борасида ҳам куйинчаклик билан ишлади. Оролнинг қуриган тубига чўлга чидамли ўсимликлар экиш, уни «Яшил қопламага айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижаларда унинг ҳиссаси беқиёсдир.

 

Муса Ерниязов олимларни, ижодкорларни жуда қадрларди, халқ маданий-маънавий савиясини оширишга алоҳида эътибор қаратарди: раҳбарлик йилларида қорақалпоқ илм-фани тараққий этди. Нукусда кўплаб олий ўқув юртлари ва филиаллар ташкил этилди. Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнлари туфайли худудда катта ишлар амалга оширилди. И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейининг иккинчи корпуси қурилиб, халқаро стандартлар асосида жиҳозланди ва фойдаланишга топширилди. Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейи, Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби. Амир Темур ҳамда «Истиқлол» номидаги истирохат боғлари замонавий Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича замонавий Нукус олий спорт махорати мактаби бунёд этилди Имом Эшон Муҳаммад жомеъ масжиди реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди. Чимбой туманида севимли қорақалпоқ шоирлари Кунхўжа, Бердақ мақбаралари қурилиб, ижодий музейи ва хиёбони барпо этилди.

 

Муса Ерниязовнинг гўзал фазилати ёшларга оталарча меҳр ва ғамхўрлик кўрсатар, қўллаб-қувватлар эди у Нукусдаги «1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан ҳар байрамда хабар олиб, улар билан суҳбатлашиб, насиҳатларини аямади, болаларнинг иқтидори, салоҳиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.

 

Муса Тажетдинович Ерниязов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари сифатида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда парламентаризм тизимини ривожлантириш ишига муносиб ҳисса қўшди, мамлакат иқтисодий-ижтимоий тараққиётида муҳим бўлган қонунларни ишлаб чиқиш амалга оширишда фаол қатнашди.

 

«Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи» ва «Ўзбекистон Қаҳрамони» деган юксак унвонлар Муса Ерниязовнинг шарафли меҳнатлари учун муносиб баҳо бўлди. Халқ қалбида қолдирган ёрқин хотираси, қадрдон элининг миннатдорлик туйғулари савоблар дарёси бўлиб, бу азиз инсоннинг охиратини обод этсин!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//