1958 йил 9 мартда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган.
2004 йили «Нурли обод» фермер хўжалигини ташкил этиб, шу хўжаликни бошқариб келган.
2004 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвони,
2013 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени,
2017 йили «Фидокорона хизматлари учун» ордени,
2019 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
2022 йилда вафот этган.
Муротова Лола Неъматовна қишлоқ хўжалиги сохасида ярим асрдан ортиқ меҳнат қилиб, ғалла етиштириш сирларини пухта ўзлаштирган тажрибали деҳқон сифатида республикага танилган. У ёшлигиданоқ ғайратли, шижоатли, шўх-шаддод, техникага ўч эди. Айниқса, пахта терими мавсумларида ҳосилни кечиктирмай йиғиб-териб олишни ўйлаб, тушларига пахта териш машиналари кириб чиқарди. Ўрта мактабни битиргач, меҳнат фаолиятини хўжаликда тракторчиликдан бошлади: оддий ишчи, механик, табелчи, бригадир, бўлим бошлиғи, хўжалик раиси – бу вазифаларни бажариш асносида касб сирларини ўрганиб қолмай, юртдошлари қалбига қулоқ тутиш, уларнинг қувончу ташвишлари билан яшаш – бир сўз билан айтганда, ҳаёт синовларидан эзгу ниятлар, меҳнату ирода билан ўтишни, одамийлик фанини ҳам тинмай ўқиди.
1980 йили Тошкентнинг Қўйлиқ мавзесидаги индустриал техникумни, кейинчалик олий ўқув юртини сиртдан битирган Лола тракторчилик қилди, пахта териш машинасида мавсумда 130 тоннагача пахта териб, элнинг назарига тушди, 22 ёшида вилоят кенгаши депутатлигига сайланди. Шундан кейин туман раҳбарлари унга йиллар давомида режани бажара олмаган, ерлари қаровсиз ҳолга келган бригадага етакчилик қилишни топширишди. 30 нафар ёшлар билан бу жойларни унумдор, файзу баракотли далаларга айлантирди. Қатъиятли, тиришқоқ Лола Муротова бошчилигида 56 гектар ташландиқ ерлар ҳосилдор, бўлиқ пайкалларга айланди. Пахтачиликдаги муваффақиятлари туман бўйича оммалаштирилди. Қайта-қайта вилоят Кенгаши депутатлигига сайланди. Унинг ҳақиқатпарастлиги, иш борасида ҳеч кимни аямаслиги, ерга муҳаббати, ҳалоллиги, содда-самимийлиги одамларнинг унга юрак-юракдан боғланиб қолишига сабаб бўлди.
Энди нафас ростлаш, меҳнатлари мевасидан баҳраманд бўлиш фурсатлари яқинлашгандай эди... Лолани Марказий Фарғона чўлининг қоқ ўртасида жойлашган совхозга бўлим бошлиғи этиб тайинлашди. Учма қумлар кўчиб юрадиган, чўл ўртасидаги ғариб дала шийпонидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаган бу жойда меҳнат қилаётганларнинг яшаши учун шароит яратиш, сувсиз, шўрлаган ерларнинг «тилини топиб меҳрини қозонгун-ча», эҳ-ҳе... Энди бу гаплар айтишга осон: баҳорги аччиқ изғиринлар, жала аралаш увуллаган шамолда бошини қуйи эгиб, муз аралаш томчилар аёвсиз қамчилаган, совуқ баргларини қиличдай тилган ғўзалар... кечаси билан бўронлар барханларни суриб тўсиб қўйган йўллардан зўрға ўтиб борганда, бир кун олдин шоналаб гуллай бошлаган, гуркираб турган ғўзалар ўрнида қуп-қуруқ сўппайган чўпларни кўриб, неча бора «Энди нима қиламиз?» деган оғир ўй-ташвишда қолган. Бундай пайтларда Лола аввало Аллоҳнинг мурувватига ишонч-эътиқоди, қолавер са, уруш майдонларида ҳаёт-мамот синовларини кўрган отасининг «Қўрқма, қизим, ҳеч бир ишнинг осони йўқ. Шахт қилсанг, ишнинг уддасидан чиқасан. Сенга ишонаман» деган насиҳатларидан куч-қувват олиб адашмади.
«Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз булар», дейилади халқ мақолида. У бутун фаолияти давомида раҳбарлигидаги жамоанинг меҳнатларидан топилган даромадни биринчи навбатда аъзоларининг турмуш фаровонлигини ошириш ва яшаш шароитларини яхшилашга, уларнинг меҳнати унумли бўлиши учун барча зарурий техника воситалари хизматини намунали йўлга қўйишга интилди. Ўзининг бирор марта бўлсин, фалон тадбирга алоҳида тайёргарлик кўриб, ойнага қараб юзига оро берганини, ипакка бурканганини ҳеч ким кўрмаган. Ҳамиша эгнида пахта ипидан тўқилган одми гулли чит кўйлак, бошида кўнглидек оппоқ оддий чит рўмол, оёғида кирза этик, белида чит дурра. Умрининг безаги элу юртни тўйдирадиган, меҳнаткашни сийлайдиган она ерга муҳаббати. «Ким нима деса десин, аммо ер сохталикни, кўзбўямачиликни, алдовни ёқтирмайди. Ер меҳнаткаш, фидойи деҳқонни, албатта, сийлайди» у мана шу эътиқодига садоқат билан яшаб, ишлаб келмоқда.
«Лолахон чўлнинг қаерида деҳқончилик қилмасин, ерни заҳардек бўғадиган, шўрлатадиган сувлардан зада бўлиб, йиллар давомида Марказий Фарғона каналининг сувини олиб келиш учун қанчадан-қанча идораларнинг эшигини қоқмаган», дейди ярим асрдан ортиқ умри мироблик билан ўтган Тожиали ота Тожидавлатов.
Лола Муротованинг марказий Фарғона чўлларининг қоқ ўртасида жойлашган «Нурли обод» фермер хўжалиги ерлари бугунги кунда 400 гектардан зиёдни ташкил этади. Сарсон қумлар доимий кўчиб юрадиган чўл бағридаги бу хўжалик ҳозирда деҳқончилик, ободончилик, билим ва меҳр, тажриба ва юртга садоқатнинг ажойиб намунаси сифатида нафақат вилоятда, балки республикада ибрат мактабига айланган.
Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова шундай хотирлайди: «2018 йили Мустақиллик байрами арафасида Муҳтарам Президентимизнинг пахтачилик заршуноси, дала академиги Лола Муротовага «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берганлари тўғрисидаги хабарни эшитдим-у, ҳаммага суюнчиладим. Кейин сим қоқдим. Телефон гўшагидан Лоланинг ҳорғин овози эшитилди.
Қаердасиз, Лола?
– Айрим пайкалларга қора шира оралабди. Шунга диққатим ошиб, ернинг ичида ўзимга келолмай турибман.
Қоқ пешинда, куннинг шундай иссиғида-я?
– Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди... Лолахон, уватга ўтиринг-да, бир яхшилаб қувончдан йиғлаб олинг!
Тинчликми, ишқилиб?!
Тинчлик, тинчлик. Бугун сиз учун энг бахтли кун. Заҳматли меҳнатларингиз юксак баҳоланди. Муҳтарам Президентимиз сизга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини берибдилар. Табриклайман!..
Бироз жимликдан кейин унинг овози узилиб-узилиб эшитилди:
– Аллоҳга беадад шукр! Мени ардоқлаган халқимга. Президентимга мингдан-минг раҳмат!
Шу куни Лоланинг чўлнинг қоқ ўртасидаги шийпонига одамлар оқиб келди. Барчанинг тилида деярли бир гап: «Ҳақиқат бор экан! Сизнинг меҳнатларингизни билган, қадрлаган Юртбошимизга раҳмат! Уларнинг қўлидан унвонни олаётганингизда, бу мукофот учун бизнинг миннатдорлигимизни айтишни ҳам унутманг!»
У бутун умрини, қалб ҳароратини, меҳрини далага берди. Тақдири уфқларга сингиб кетган пахтазорларга, қисмати она заминга туташди. Ҳаммамиз яралган, барчага ризқ-насиба бергувчи ва охир-оқибат ўз бағрига олгувчи муқаддас тупроқ бандалардан ҳам буюк ва оташин муҳаббат кутади. Лолахон қуёшдек ҳароратли қалб саховатини она ерга бағишлади ва бу билан ўзини бахтли ҳисоблайди. Унинг ҳимматидан кўплаб юртдошлари баҳраманд бўлди, элнинг тўкин, фаровон яшаши учун ўз ғайрат-шижоатидан ризқ-насиба яратди. Шу билан она заминнинг, Ватаннинг суюкли қизига айланди.
//
Изоҳ йўқ