Ҳасан Нормуродов


17:04 / 26.04.2024 287 0

1939 йил 16 ноябрда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида туғилган.

Самарқанд давлат университетида таҳсил олган.

1961 йили меҳнат фаолиятини шаҳардаги 3-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган.

2003 йилдан Самарқанд вилояти «Нуроний» жамғармаси раиси бўлган.

2008 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени,

2012 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени,

2017 йили «Дўстлик» ордени,

2019 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.

2015 йилдан Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати бўлган.

2020 йилдан Самарқанд вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бўлган.

2021 йилда вафот этди.

 

У оддий ва олижаноб инсонлар орасида камол топди. Каттақўрғон далаларида бир умр деҳқончилик қилган отаси Норбек акадан ҳалоллик ва мардлик сабоқларини олган булса, онаси Мисқолой опадан тўғрисўзлик, оқибат, одамларга меҳр каби фазилатларни қалбига сингдирди.

 

У юрт тарихини меҳр билан ўрганди. Она Ватанга меҳр унинг йўлларини ҳамиша еритиб турди. Талабалик даврида самарқандлик ёшларнинг сардори сифатида юртининг ҳақикий тарихи ҳақида рад этиб бўлмайдиган далиллар билан маъруза лар қилар, журналларда мақолалар нашр эттирар эди.

 

Унинг учун Самарқанд бир томонлама гўзаллик тимсоли эмас, донишманд шаҳар эди Ҳасан Нормуродов Самарқанднинг ҳар бир ғиштини танирди. Кўчаларининг қаерида қандай гуллар очилганини, қайси жойида бунёдкорлик ишлари бораёт ганини айта оларди.

 

У Самарқанд давлат университетини тугатгач, масъул лавозимларда: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи, Нарпай тумани раҳбари, турли йилларда Жомбой ва Самарқанд туманлари раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлади. Узоқ йиллар вилоят халқ таълими ва фан ходимлари касаба уюшмаси раҳбари сифатида фаолият кўрсатди. Умрининг охиригача Самарқанд вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаб келди.

 

Бу масъул вазифаларда у элига муносиб хизмат қилди. Халқ дардини тинглай билди. Унинг раҳбарлик даврида оддий одамлардан дўстлари кўпайди. Чўпонлар, деҳқонлар, фермерлар, ишлаб чиқарувчилар, қурувчилар унинг суҳбатдоши, олимлар, илм-фан намояндалари маслаҳатгўйлари эди. Турғунлик йилларида, пахта яккаҳокимлиги даврини, «ўзбеклар иши». «пахта иши» каби эл бошига ёғилган туҳмат балоларини кўрган бардошли инсон юрагида ўша армонли, аччиқ кунлар ёди муҳрланиб қолган эди. Ҳасан ака мустақилликни йиғлаб кутганлардан бири бўлганди.

 

Ёруғ келажакка ишонч билан меҳнат қилиш унга нурли тонгларни совға қилди. Яхшилик ерда қолмас экан, уни юртида кўпчилик яхши биларди, доно маслаҳатлари ёшларга асқатади. Шунингдек, хизматлари ҳам муносиб тақдирланди. Ҳасан Нормуродов «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан тақдирланди. Ҳаммасидан ҳам қимматлиси юртдошларининг меҳри. Вилоятнинг ҳар бир фуқароси уни ўз хонадонида, дастурхонининг тўрида кўришни хоҳларди. Бир одамга элнинг меҳри шунчалар бўлар-да!

 

Оқсоқолнинг ҳаёт тажрибаси, кўрган-кечирганларидан орттирган хулосаларининг қаймоғи йиллар оша жамоатчиликка дастуруламалдек наф келтираверади. Ҳасан ота бошлаган эзгу ишлар давом этаверади.

 

Хусусан, «Нуроний» жамғармаси қошида тажрибали қишлоқ хўжалиги фахрийларидан ташкил этилган «Мадад» гуруҳи фермерларга ўз тавсия ва маслаҳатларини бериб келмоқда. Шунингдек, «Фаол фахрий аёллар» ва «Ёшлар билан ишлаш» гуруҳлари аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, диний экстремизм ғояларига қарши кураш, оилалар тинчлик ва тотувлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий муҳитни янада яхшилаш масалаларига ҳисса қўшмоқда.

 

Бундан ташқари, Ҳасан Норбековичнинг саъй-ҳаракатлари билан 2017 йилда кекса авлод вакиллари учун барча шарт-шароитларга эга замонавий ва кўркам 16 та «Нуронийлар маскани» барпо этилган эди. Мажмуалардаги бой китоб фондига эга кутубхона, дам олиш хоналари, махсус спорт анжомлари билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари нуронийларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига мўлжалланган.

 

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси бўлган бу азиз инсон ёшларимизнинг донишманд устози, барча эзгу ниятли юртдошларимизнинг фахри ва ифтихори бўлиб қалбларда яшаб қолади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//