Муножатхон Йўлчиева


15:04 / 25.04.2024 256 0

1960 йил 26 ноябрда Андижон вилояти Булоқбоши туманида туғилган.

1980 йилда «Мақом» ансамбли хонандаси сифатида фаолиятини бошлаган.

1985 йилда Тошкент давлат консерваториясини тамомлаган.

1982–2014 йилларда М.Қориёқубов номидаги Академик ва халқ бадиий жамоалари дирекциясида яккахон хонанда бўлиб фаолият кўрсатди.

2014 йилдан Ўзбекистон давлат консерваторияси анъанавий ижрочилик кафедраси мудири вазифасини бажармоқда.

1990 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист», 1994 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвонлари берилди.

1998 йилда «Эл-юрт ҳурмати», 2004 йилда «Фидокорона хизматлари учун», 2011 йилда «Буюк хизматлари учун», 2019 йилда «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган.

2021 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвонига сазовор бўлди.

 

Mуножатхон Йўлчиева ўзининг бутун фаолияти давомида ўзбек мумтоз мақом санъатини ривожлантириш, уни жаҳонга танитиш ва кенг тарғиб қилишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли санъаткорлардан.

 

Унинг ўзига хос ноёб овози ва ижро маҳорати нафақат мамлакатимиз, балки хорижий мамлакатларда ҳам мутахассислар ва санъат мухлислари эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Хонанда ижросидаги «Сараҳбори наво», «Сараҳбори дугоҳ», «Мустазоди наво», «Мўғулчаи наво», «Муножот», «Ушшоқ», «Ғунча янглиғ», «Тановар», «Излайман» каби ўнлаб ашулалар санъат шинавандалари қалбидан чуқур жой олган.

 

Муножатхон Йўлчиева республика ва халқаро миқёсдаги кўплаб йирик ва нуфузли тадбирларда, фестиваллар, кўрик-танловларда иштирок этиб келмоқда. 2000 йилда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг ғолиби бўлган. 2000-2004 йилларда ЮНЕСКО ташкилоти сўровномаси билан «Инсониятнинг номоддий меросини сақлаш» ташкилоти ҳайъат аъзолигига қабул қилинди.

 

1991 йили Америкада «Осиё жамияти» машҳур созанда. Ўзбекистон халқ артисти Турғун Алиматов ва Муножат Йўлчиева ижро этган куй ва қўшиқлар аудио-кассетасини, 1995 йили Франциянинг «Окора» фирмаси хонанда ашулалари ёзилган компакт дискини, 1997 йилда Олмониянинг «Нетворк» фирмаси унинг иккинчи компакт дискини чиқарди.

 

Мустақиллик санъаткорларга ўзбек санъати, маданиятини дунёга кенг ёйиш имконини берди. Муножат Йўлчиева ҳам ўз профессионал ижролари билан хорижий юртлар томошабинлари олқишига такрор-такрор сазовор бўлди. Бельгия, Германия, Голландия, Испания, Марокаш, Италия, Франция, Корсика, Озарбайжон, Туркманистон, Буюк Британия, Австрия, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Тунис, Россия, Италия каби ер куррасининг кўплаб давлатларида ижодий сафарларда бўлди. Хонанда ўзининг бетакрор ижролари билан ўзбек анъанавий санъати сеҳру жозибасини миллионлаб қалбларга олиб кирмоқда, уларнинг олқишига сазовор бўлмоқда, миллий санъатимиз ва бой маданий меросимизни дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этмоқда.

 

Муножатхон Йўлчиева 2014 йилдан буён Ўзбекистон давлат консерваторияси анъанавий ижрочилик кафедраси мудири лавозимида самарали фаолият кўрсатиб, ёшларга миллий мақомчилик санъати сирларидан сабоқ бериб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда республикамизда ушбу мумтоз санъатимиз ривожи, иқтидорли ёшларнинг айни соҳадаги қобилият ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, ўзбек Мақоми шуҳратини дунёга кенг ёйиш йўлида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар мутахассислар олдига янада долзарб вазифаларни қўймоқда. Муножатхон Йўлчиева ҳам талаба-шогирдларига Бухоро, Хоразм, Фарғона, Тошкент мақом йўллари, ижрочилик қонуниятлари ва ўзига хос ифода воситаларини чуқур ўргатмоқда. Сўнгги уч йилда унинг 20 дан ортиқ шогирдлари республика ва халқаро миқёсдаги нуфузли танловлар ғолиби бўлиб, мумтоз санъатимиз умрига умр қўшмоқдалар.

 

Муножатхон Йўлчиева бетакрор истеъдоди, ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, ёш авлодни она Ватанга, халққа, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшаётган салмоқли ҳиссаси туфайли эл орасида катта ҳурмат қозонган. У республикамизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ва учрашувларда ҳам фаол иштирок этмоқда.

 

Республикамиз Президентининг Фармони билан ноёб овоз ва иқтидор соҳибаси, мумтоз санъатимиз ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган олима, ёшлар устози, халқимизнинг суюкли хонандаси Муножатхон Йўлчиева мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйи арафасида «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони билан тақдирланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//