Ҳазрати имом (903–976) – замондошлари «Ҳазрати Имом» деб улуғлаган бу зотнинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший бўлиб, тарихий манбаларда у кишига алоҳида ҳурмат кўрсатилади ва номига «катта», «улуғ» маъносини ифодалайдиган «кабир» сўзини қўшиб ёзилади. Ҳазрати имом, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби ислом оламининг мовароуннаҳрлик буюк алломалари орасида алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳазрати имом 903 (ҳижрий 291) йили Шошда туғилиб, болалиги ва ёшлиги шу ерда ўтган. Зиёвуддинхон Бобохоновнинг таъкидлашича, дастлабки илмни замонасининг машҳур муҳаддиси ва фақиҳи Ҳайсам ибн Кулайбдан олган. Кейинроқ у илм талабида Мовароуннаҳрдаги маърифат ўчоқлари – Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларда бўлади. Имом Бухорий, Имом Термизий каби мутафаккирлар асарларини қунт билан ўрганади.
Аллома моҳир ҳунарманд бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонган. Шу боис «қаффол», яъни қулфчи, қулфсоз деган ном билан танилган. Бу ҳақда машҳур тарихчи Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний (1113–1167) «Ал-Ансоб» («Насабнома») асарида бундай ёзади: «Қаффол қулфсозлик касбига нисбат берилган. Қаффол Шоший Шош аҳлидан бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонган… У фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим эди. Қаффол Шошийнинг номи мағрибу машриққа ёйилган». Шайх Муҳйиддин Нававий (1233–1277) айтишича, агар «Қаффол Шоший» деб зикр қилинса, буюк имом Абу Бакр Қаффол Шоший, агар «Қаффол Марвазий» деб айтилса, кейинроқ яшаб ўтган «Кичик Қаффол» ҳақида сўз бораётган бўлади. «Шоший» («Катта Қаффол») номи тафсир, ҳадис, усул, калом илмларида такрор-такрор зикр этилади. Аммо «Марвазий» («Кичик Қаффол») исми эса фиқҳга тааллуқли асарлардагина учрайди. Ибн Халликон (1211–1282) «Вафоётул аъён» («Улуғ кишилар вафоти саналари») китобида: «Абу Бакр Қаффол Шоший ўз замонасининг имоми (пешвоси) бўлган. У фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик фанлари ва шеър санъати бўйича Мовароуннаҳрда олимлар орасида тенгсиз эди. У Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом ва Суғур (Шимолий Сурия)га сафар қилган, унинг донғи бу ўлкаларда кенг тарқалган», – деб қайд этган. Мисрлик тарихчи Тожуддин Субкий (ваф.1370) «Табақотуш шофеъийа ал-кубро» («Шофеъийанинг улуғ даражалари») асарида: «Абу Бакр Қаффол Шоший тафсир, ҳадис, калом, усул, фуруъ, луғат ва шеърият илмларида ҳамда зуҳд ва тақвода, очиққўлликда замонасининг пешқадамларидан бўлган. У кўп илмлар муҳофазасида жон куяр, ўзи келтирган нарсаларни таҳқиқ этиб, уларни гўзал тасарруф қилувчи замон шахсларидан бири эди», – деб таърифлайди.
Ас-Самъоний ўз китобида: «Сайхун дарёси ортидаги, турклар билан чегарадош шаҳар «Шош» деб аталади. Бу ердан кўплаб имомлар етишиб чиққан», дея шошлик олимлар тўғрисида маълумотлар келтириб, жумладан, Ҳазрати имом ҳақида бундай ёзади: «Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший бўлиб, тафсир, ҳадис, фиқҳ, тилшунослик илмлари бўйича замонасида унга тенг келадиган олим йўқ эди...». Аҳли сунна вал-жамоанинг Шофеъий мазҳаби фиқҳий масалаларини дастлаб Имом Шофеъий ишлаб чиқиб, асар ёзган бўлса-да, уни Ҳазрати имом тараққий эттирди. Унинг ҳуқуқшуносликка доир «Китоб фи усулил фиқҳ» асари ўз даврида ислом дунёсида кенг қўлланган. Шайх Абу Исҳоқ Шерозий бундай ёзади: «Имом Абу Бакр Қаффол Шошийнинг кўплаб асарлари мавжуд, ҳеч бир киши ҳали шунча асар тасниф этмаган. У фақиҳлар ичида биринчи бўлиб «ал-Жадалул ҳасан» («Диалектика гўзаллиги») номли баҳс-мунозарага оид асар ёзди. Шунингдек, унинг «Китоб фи усулул фикҳ» («Фиқҳ усуллари китоби»), «Шарҳур рисола» («Рисола шарҳи») асарлари бор». Тарихчи Абу Саъд Абдулкарим Самъонийнинг таъкидлашича, Ҳ.И. «Далоилун нубувват» («Пайғамбарлик далиллари»), «Маҳосинуш шариа» («Шариат гўзалликлари») китобларини ҳам таълиф этган. Имом Нававий ҳам унинг «Далоилун нубувват» ва «Маҳосинуш шариа» китобларини кўрганини айтади. Ҳазрати имомнинг «Жавомиъул калим» («Ҳикматли иборалар тўплами»), «Адабул қози» («Қозининг одоби») каби асарлари борлиги ҳақида ҳам манбаларда қайд этилган. Жумладан, насабшунос олим Ҳожи Халифа (Мулла Котиб Чалабий) «Кашфуз зунун ан усомоул кутуб вал фунун» асарида Ҳазрати имом – Қаффол Шоший қаламига мансуб қуйидаги китобларни санайди: «Маҳосинуш шариа фи фуруъ аш-шофеъийа». Ушбу асарнинг ҳажми жуда катта бўлиб, уч жилддан иборат. Бир нусхаси Қоҳирадаги «Фозилия» мадрасасига вақф қилинган; «Жавомиъул калим». Унда Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) муборак ҳадиси шарифларидан намуналар жамланган; «Адабул Қози ъала мазҳаби аш-шофеъий». Айрим тарихий манбаларда «Тақриб фил фуруъ» ва «Усулуш Шоший» номли асарлар ҳам Ҳазрати имом қаламига мансуб деб кўрсатилади. Аммо Ҳожи Халифа кўрсатишича, биринчи китобни Ҳазрати имомнинг ўғли Қосим ибн Муҳаммад Қаффол Шоший таълиф этган, иккинчиси, тошкентлик тадқиқотчи олим Нодирхон Маҳдум Алоуддин Маҳдум ўғлининг сўзига кўра, Низомиддин Шоший асаридир.
Ҳазрати имом асарларидан бирортаси мамлакатимиз китоб хазиналарида мавжуд эмас. 1970 йили Зиёвуддинхон Бобохонов томонидан Суриянинг Дамашқ шаҳридаги «Зоҳирия» кутубхонасида сақланаётган «Жавомиъул калим» асари қулёзмасининг фотонусхасигина олиб келинган, холос. Ҳозир у Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг қўлёзмалар хазинасида сақланяпти. Ҳазрати имом илмий меросида «Жавомиъул калим» («Сўзлари қисқа, маъноси кенг ҳадислар») асари етакчи ўринни эгаллайди. Ҳожи Халифа: «Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шошийнинг «Жавомиъул калим» китоби Имом Бухорий шарҳи мажмуаларидаги Расулуллоҳ (с.а.в.) калималари асосида ёзилган», – дея таъкидлайди. Ҳазрати имом ўзи «Жавомиъул калим» асарининг аҳамияти тўғрисида қўлёзманинг муқаддима қисмида бундай ёзади: «Бу китобимда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадислари ичида эшитганларимдан мингта сўз (калима) тўпладим. Уларнинг тузилиши мураккабликдан холи, маънолари чигалликдан йироқ, Пайғамбар ҳидояти билан қўллаб-қувватланган ва тарбиялангани сабабли фасиҳларнинг фасоҳатидан ва балоғат аҳлининг балоғатидан устундир.
Мен уларни ўзлаштириш ва эслаб қолишни осонлаштириш мақсадида бири иккинчисининг ортидан келадиган иснодларини олиб ташлаб, сўзларнинг яқинлигига кўра бобларга бўлинган ҳолда келтирдим». Ҳазрати имомнинг бу асарида саҳиҳ ҳадислар жамланган. Калималар ва иборалар лўнда, тушунарли, теран шаклда берилган. Шунингдек, китобдан Ислом дини аҳкомларидан ташқари, одоб-ахлоқ, илм-маърифат, таълим-тарбияга доир халқимиз орасида кенг тарқалган матал, мақоллар, нодир ва ҳикматли сўзлар ҳам ўрин олган. Бу ҳол китобнинг халқ оммасига тушунарли бўлишини таъминлаган, кенг тарқалишида ўзига хос таъсир кўрсатган. Масалан, Ҳазрати имом хақида сўз юритар экан, Ибн Халликон сарлавҳадаёқ унинг исми-шарифи ва насаблари ёнига «имаму асриҳи била мудофаа» – баҳсу мунозараларда «ўз асрининг ҳимояга муҳтож бўлмаган енгилмас йўлбошчиси» иборасини қўшиб ёзади. Ҳазрати имом 976 (ҳижрий 366) йили Тошкентда 75 ёшида вафот этади. Алломанинг муборак хоки Тошкентнинг Ҳазрати Имом (Ҳастимом) маҳалласидаги Қаффол Шоший мақбарасида дафн этилган. Бу ерда, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Тилла Шайх ва Намозгоҳ масжидлари ҳам қад ростлаган. Мустақиллик йилларида «Ҳазрати Имом» маҳалласида жуда қисқа муддатда катта қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, муҳташам мажмуа бунёд этилди. Халқимиз маънавий меросининг узвий бир қисми бўлган Ҳазрати Имом меъморий мажмуаси табаррук маскан ҳисобланади.
//
Изоҳ йўқ