Абдулхолиқ Ғиждувоний


14:12 / 29.12.2023 764 0

Ғиждувоний, Абдулхолиқ (1103–1179) – умуминсоний маънавият ривожида ўчмас из қолдирган мутафаккир, Ўрта Осиё ва бутун мусулмон оламида кенг тарқалган «хожагон» тариқатининг асосчиларидан бири. У 1103 йилда Ғиждувон шаҳрида дунёга келган. Ғиждувоний ўша даврнинг йирик мутасаввифи Хожа Юсуф ал-Ҳамадонийнинг шогирди, халифасидир. Хожа Юсуф ал-Ҳамадоний Хожа Аҳмад Яссавий ва Ғиждувонийнинг муршиди, пири бўлиб, уларни тасаввуф тариқати вакиллари сифатида вояга етказади. Унинг, шу каби Хожа Ҳасан Андоқий ва Абдуллоҳ Баррақий каби шогирдлари ҳам ислом оламида машҳур алломалар сифатида қайд этилади. Хожа Юсуф Ҳамадоний зикри хуфия, яъни овоз чиқармасдан дилида зикр қилиш тарафдори эди. Абдулхолиқ Ғиждувоний Юсуф Ҳамадоний билан бирга Балҳ, Марв, Самарқанд, Исфаҳон, Бағдод шаҳарларига сафар қилади. 1179 йилда Ғиждувонда вафот этади. Маълумки, Ҳамадоний солик (тариқат йўлига кирган)лар амал қилиши зарур бўлган тўртта хулқ-одоб қоидасини ишлаб чиққан эди. Булар «хуш дар дам», «назар дар қадам», «сафар дар ватан», «хилват дар анжуман»дир. Ғиждувоний ўз устози ишлаб чиққан қоидалар тизимига яна 4 та қоида киритган эди. Булар «ёдкард», «бозгашт», «нигоҳдошт» ва «ёддошт», деб аталган қоидалардан иборат эди. Ғиждувоний Хожа Юсуф Ҳамадоний шакллантирган тариқат йўлини «хожагон тариқати» таълимоти сифатида элга танитди. Мазкур таълимот кейинчалик нақшбандийлик таълимотининг камол топишига катта таъсир кўрсатади. Ўз навбатида Баҳоуддин Нақшбанд Юсуф Ҳамадоний ва Ғиждувоний илгари сурган 8 та қоидага яна 3 та қоида киритади. Бу қоидалар «вуқуфи замоний», «вуқуфи ададий» ва «вуқуфи қалбий» номи билан юритилади. Ғиждувоний бир неча асарларнинг муаллифидир. Шулардан бири «Одоби тариқат» («Тариқат одоби») ёки «Рисолайи васоё» («Насиҳатлар рисоласи») дейилади. Ушбу рисола Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг халифаси Хожа Авлиё Кабирга бағишланган. Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг яна бир асари «Мақомати Хожа Юсуф Ҳамадоний» («Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тутган ўрни») ёки «Рисолайи соҳибиййа» («Дўстлик ҳақида рисола») деб аталади. Мутасаввифнинг яна бир асари «Аз гуфтори Абдулхолиқ Ғиждувоний» («Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг айтганлари») номи билан юритилган. Булардан ташқари, унинг ҳаёти, ижодий фаолияти ҳақида маълумотлар маноқиб, мақомат ва тазкираларда ҳам кўп учрайди.

 

Ғиждувоний ўз асарларида билим эгаллаш, инсоний фазилат ва хулқ одоби қоидаларини касб қилиш, покланиш, сахий ва камтар бўлиш, нафсни жиловлаш, ҳалоллик, одамийлик, меҳр-шафқат, ўзгаларга ёрдам бериш, одобли ва хушмуомалали бўлиш ҳақида сўз юритади. Бахиллик, бойликка ружу қўйиш, очкўзлик, ҳасад, ҳаром-хариш ишларга берилиш, кибр ва манманлик каби ярамас ва тубан иллатларни қоралайди. Аллома инсон маънавиятининг оламни англаш билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида фикр юритар экан, «коинот (борлиқ) ожиздир, чунки у сизнинг хизматингизга топширилган. Сиз ҳам ожиз ва ҳожатмандсиз. Фойдаю манфаатга, яроқли нарсаларга муҳтож бўлганингиз учун дунё сизларга бўйсундирилди. Коинотнинг қадр-қиммати ва устунлиги очиқ-ойдин маълум. Зеро, у сиз учун фойдалидир. Сизнинг коинотдаги устунлигингиз ҳам очиқ-ойдин равшан. Чунки унинг фойдали ва завқли жиҳатларидан фойдаланишингиз мумкин. Шу боис коинот бир томондан ожиз бўлса, бир томондан саййид-хожадир. Сиз ҳам бир жиҳатдан борлиқни бошқарувчисиз, иккинчи жиҳатдан эса ожизу муҳтожсиз. Коинотнинг ожизлиги сизга муҳтож бўлгани сабаблидир. Устунлиги эса коинот ва унинг хизмати туфайли ҳаёт кечирасиз, хуллас, ҳаётингизни давом эттирмоқ учун барча аъзоларингиз билан дунё ва коинотдан фойдаланинг», деган фикрларни айтган эди.

 

Мутафаккир фикрича, зийраклик, ҳушёрлик тоқати миқдорида уни тасарруф этса ва табиат, хилқат баҳраманд бўладиган даражада идора этса, улар одам яратилиши ва табиати тоқати етадиган меъёрда бўлса, фойдалари бениҳоядир. Бироқ, сабру тоқат чегарасидан тажовуз қилса (чиқса), инсонни тамоман ҳалок этади ва каттаю кичик барча нарсаларни йўқ қилади. Ҳолбуки, инсон хизматидаги бу нарсаларни бошқарувчисидир. Бу ишнинг чораси ва йўли мувоназатни сақлаш, ўлчов доирасида ҳаракат қилиш, ҳаддан ошмасликдир. Бу ҳолатда яшаш, борлиқни давом эттириш ва барқарорлигини сақлаш, боқий ва давом этиш (яшаш) учун фойдалисини олиб, зарарлисини тарк этишга имкон беради. Натижада, инсон яшайди. Шунда тасарруфи остида бўлган нарсалар ундан парвардигорига шикоят қилмайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//