Абу Мансур Мотуридий


21:08 / 11.08.2023 862 0

Абу Мансур Мотуридий (870–944)Самарқанднинг Мотурид қишлоғида туғилган, ўрта асрларда кенг тарқалган калом илмининг мусулмон оламидаги машҳур назариётчиларидан бири, йирик фақиҳ (мусулмон қонуншуноси) ва муфассир (Қуръони Карим тафсирчиси), ислом оламида кенг танилган илоҳиётчи мутафаккир. Тарихий асарларда алломанинг исми тўлиқ тарзда лақаби ва нисбаси билан биргаликда Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий тарзида қайд этилади. Мотуридий Абу Ҳанифанинг содиқ издоши сифатида унинг қарашларини ривожлантирган. Абу Ҳанифа амал мазҳабини, Мотуридий эса эътиқод мазҳабини ишлаб чиққан. Мотуридий фақатгина мутакаллим (калом, яъни Қуръони Карим маъноларини талқин қилувчи) бўлиб қолмади, балки йирик фақиҳ ва муфассир сифатида ҳам танилди. Мотуридийнинг тафсир (Қуръон шарҳи) ва таъвил (Қуръондаги яширин маъноларни ёритиш)га оид (Масалан, «Таъвилоту Абу Мансур Мотуридий фит-тафсир» ёки «Таъвилотул Қуръон»), «Мо аҳаз аш-шароиъа» («Шариат асослари манбаси»), «Китаб ал-жадал» («Диалектика ҳақида китоб») каби асарлари машҳур. Булардан ташқари, «Китаб ал-усул» («Диний таълимот усули китоби») асари борлиги ҳам маълум. Мотуридий «Таъвилот ал-Қуръон» асарида Абу Ҳанифанинг қарашларига суяниб, ўша вақтларда ислом оламида кенг тарқалган турли бузғунчи ғоялар, таълимотлар ва ҳаракатларнинг моҳиятини илмий асосда рад қилиш билан бутун мусулмон дунёси эътирофига сазовор бўлди. Мотуридий замонасининг машҳур алломаларидан таълим олган. Тарихчилар улардан қуйидаги тўрт нафар алломани алоҳида ажратиб кўрсатганлар: Абу Наср ал-Иёзий ас-Самарқандий, Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий, Нусайр ибн Яҳё ал-Балхийил Мотуридийнинг барча устозлари фиқҳда Абу Ҳанифага таяндилар, бу охир-оқибатда ҳанафий мазҳабига оид турли фиқҳий мактаблар вужудга келишига сабаб бўлди. Мотуридийнинг шогирдлари йирик олимлар, ўз даврининг етук шайхлари ҳамда мотуридиййа Самарқанд калом илми мактабининг вакиллари бўлишган ва ислом оламининг илмий, маданий, маънавий тараққиёти учун хизмат қилган эди. Исҳоқ ибн Муҳаммад Исмоил ибн Иброҳим ибн Зайд, Абу Қосим қози, Ҳаким ас-Самарқандий, Абдуллоҳ ибн Саҳл аз-Зоҳид Амр ибн Осим ал-Марвазийлар Мотуридийдан фиқҳ ўрганганлар. Исҳоқ ибн Муҳаммад узоқ вақт Самарқанд қозилигидан бош тортган, «ал-Ҳаким» унвонини олган; Абдул Карим ибн Мусо ибн Ийсо Абу Муҳаммад ал-Фақиҳ ал-Паздавий, ан-Насафий; Абу Абдураҳмон ибн Абуллайс ал-Бухорий, Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ал-Маъруф Мотуридийдан калом ва фиқҳ илмларидан сабоқ олишган. Мотуридийнинг тенгдошлари ҳам аллома илмий салоҳияти ва меросини ўрганишда муҳим ўрин тутади. Али ибн Саъид, Абул Ҳасан ар-Рустуғфаний, Муҳаммад ибн Аслам ибн Муслима ибн Абдуллоҳ ибн Муғийра Амр ибн ал-Аздийларнинг Мотуридий ҳақидаги хотира ва мулоҳазалари сақланиб қолган.

2000 йилда буюк мутафаккирнинг 1130 йиллик юбилейи кенг нишонланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//